Россиялик бойлар уруш хавфидан қочиб Янги Зеландияга юзланмоқда

ОАВ хабарларига кўра, Россиянинг бадавлат қатлами вакиллари эҳтимолий глобал зиддиятлар, хусусан Учинчи жаҳон уруши хавфи ортиб бораётгани фонида хавфсиз ҳудуд сифатида Янги Зеландияга қизиқиш билдирмоқда. Айниқса, бункерлар билан жиҳозланган уй-жойларга талаб кескин ортгани қайд этилмоқда.
Маълум қилинишича, сўнгги вақтларда “хавфсиз мамлакат” сифатида қаралаётган ушбу давлатда кўчмас мулкка бўлган қизиқиш деярли уч бараварга ошган. Энг кўп талаб Окленд, Веллингтон ва Крайстчерч шаҳарларидаги уйларга қаратилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур шаҳарлардаги уй-жой нархлари ҳам шунга яраша сезиларли даражада қимматлашган. Ҳозирда кўчмас мулк қиймати 300 минг доллардан бошланиб, 2,5 миллион долларгача етаётгани айтилмоқда. Айрим ҳолатларда эса ер ости бункерлари, автоном энергия ва сув таъминотига эга уйлар айниқса харидоргир бўлмоқда.
Кузатувчилар фикрича, бу ҳолат жаҳондаги геосиёсий беқарорлик, хавфсизликка бўлган хавотир ва келажакка нисбатан ноаниқликлар билан боғлиқ. Шу боис, молиявий имконияти юқори бўлган шахслар ўзлари ва оилалари учун эҳтимолий хавфлардан узоқроқ, тинч ва барқарор ҳудудларда захира “паноҳгоҳ” тайёрлашга ҳаракат қилмоқда.
Айни пайтда таҳлилчилар бундай тенденция глобал кўчмас мулк бозорига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаб, айрим давлатларда нархлар янада ошиб боришини истисно этмаяпти.
