
АҚШдаги машҳур ишбилармон ва технология магнати Илон Маск, собиқ иттифоқчиси Доналд Трамп билан кескин ихтилофга боргач, янги сиёсий ташаббус билан чиқди. Маск ўзининг ижтимоий тармоғи бўлмиш Х (собиқ Twitter) орқали “America Party” номли янги сиёсий партияни тузганини маълум қилди. Бу партия анъанавий Республикачилар ва Демократлар партияларига муқобил сифатида тақдим этилмоқда.
Маск ўз баёнотида Америка сиёсатида ҳозирги мавжуд икки партиявий тизим мамлакатни "исроф ва порахўрлик" орқали банкротликка олиб бормоқда, деган фикрни билдирди. У шундай ёзди:
“Бугун America Party ташкил этилди — бу сизга озодликни қайтариш учун қилинган қадамдир.”
У илгарироқ ўтказган сўровномага таяниб, янги партияга эҳтиёжни халқнинг ўзи кўрсатганини таъкидлади. Сўровномада қатнашганларнинг икки баробари янги сиёсий куч зарурлигини билдирган эди.
Ҳозирча “America Party” партияси АҚШ Федерал Сайлов Комиссияси (ФEC)да расмий рўйхатдан ўтганига оид ҳужжатлар эълон қилинмаган. Илон Маскнинг ўзи конституциявий жиҳатдан президентликка номзод бўла олмайди, чунки у АҚШда туғилмаган. Шу сабабли, партияни ким бошқариши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.
Маск ва Доналд Трамп ўртасидаги муносабатлар яқинда кескин ёмонлашди. Маск илгари Трампнинг асосий молиявий ҳомийларидан бири бўлиб, унинг қайта сайланиш кампаниясига 250 миллион доллар ажратганди. Ҳатто Маск Трамп билан Оқ Уйда учрашган ва сайлов митингларида бирга қатнашган эди.
Аммо Трампнинг янги солиқ ва харажат қонуни, хусусан яшил энергия ва электр транспорт воситаларини қўллаб-қувватлашни чекловчи қоидалари, Маскнинг манфаатларига зид бўлди. Тесла раҳбари сифатида Маск бу сиёсатларни очиқ танқид қилди ва май ойида Трамп маъмуриятини тарк этди.
Ўзининг Трутҳ Соcиал платформасида Трамп қуйидагича ёзди:
“Тарихдаги энг катта субсидияни олган одам — бу Илон. Агар субсидиялар бўлмаганида, у ўз бизнесларини ёпишга мажбур бўларди.”
Трамп ҳатто Маскга тегишли компанияларнинг давлатдан олаётган субсидияларини қайта кўриб чиқишга ваъда берди. Бунга Тесла билан бир қаторда, ҳукуматга хизмат кўрсатувчи СпаcеХ ва Старлинк ҳам киради.
АҚШ сиёсатида анъанавий икки партиядан ташқарида сиёсий кучларнинг муваффақиятга эришиши қийин. Либертарианлар, Яшиллар партияси ва Халқ партияси каби альтернатив кучлар илгари ҳам сайловда иштирок этган, бироқ етарли овоз тўплай олмаган.
Маскнинг йирик молиявий ресурслари, технологик платформаси (Х) ва жамоавий таъсири партияни босқичма-босқич сиёсий майдонга олиб чиқиши мумкин. Аммо бу ташаббуснинг реал сиёсий таъсирга айланиши учун ташкилотчилик, етакчилик ва кенг жамоатчилик қўллаб-қувватлови зарур бўлади.
“America Party” расмий рўйхатдан ўтмагунча, унинг қонуний мақоми ва сайловдаги иштироки ҳақида аниқ хулоса қилиш қийин. Бироқ Маскнинг бу сиёсий қадами АҚШ сиёсий саҳнасида сезиларли муҳокамаларга сабаб бўлиши аниқ. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар