date

Қозоғистонда сунъий интеллект маркази қурилади

Қозоғистонда сунъий интеллект маркази қурилади
2025-йил 8-ноябр куни Қозоғистон Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги ҳамда Freedom Holding Corp. компанияси Қозоғистонда сунъий интеллект маркази (AI-hub) ташкил этиш бўйича стратегик ҳамкорликни эълон қилди.

Бу ҳақда вазирликнинг расмий веб-сайтида хабар берилди. Лойиҳа амалга оширилиши Қозоғистон ва Марказий Осиё давлатларининг сунъий интеллект соҳасидаги етакчилигини мустаҳкамлаши кутилмоқда, дея таъкидлади вазирлик вакиллари.

Марказ Nvidia инфратузилмаси билан жиҳозланади, унинг бошқаруви эса Freedom Holding Corp. зиммасида бўлади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллиард долларни ташкил этиши режалаштирилган бўлиб, асосий инвестор сифатида Freedom Holding Corp. ҳаракат қилади.

“Биз Қозоғистоннинг глобал сунъий интеллект саноатидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган бу кенг кўламли ташаббусга қўшилаётганимиздан мамнунмиз. Nvidia’нинг илғор технологиялари, вазирликнинг стратегик кўришлари ва тажрибамизни бирлаштириб, инновациялар ривожи ва Марказий Осиёда узоқ муддатли ўсиш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқдамиз”, деди Freedom Holding Corp.

бош директори Тимур Турлов. Қозоғистон Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги AI-марказ учун шароит яратади ҳамда сунъий интеллект академияси ва тадқиқот лабораторияси ташкил этилишида ёрдам беради.

Шунингдек, 165 минг нафар қозоқ ўқитувчиси ChatGPT Edu — чат-ботнинг таълим версиясидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу бўйича келишув Freedom Holding, OpenAI ва Қозоғистон ҳукумати ўртасида имзоланди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистонда сунъий интеллект маркази қурилади