
АҚШда 1793 йилдан буён ишлаб чиқарилган энг кичик тангалар – пенсларнинг ишлаб чиқарилиши расман тўхтатилди. Сўнгги пенсларни ишлаб чиқариш маросими Филадельфиядаги зарбхонада бўлиб ўтди.
АҚШ ғазначиси Брэндон Бич машинани ишга туширувчи тугмани босиб, сўнгги партия тангаларни ишлаб чиқарди. Зарбхона ходимларининг маълум қилишича, аслида сўнгги пенслар июль ойида ишлаб чиқарилган.
Шу билан бирга, номинал қийматидан қимматроққа тушадиган бошқа йирик тангалар, жумладан никеллар ишлаб чиқарилиши давом эттирилади. Брэндон Бичнинг таъкидлашича, ишлаб чиқаришни тўхтатиш қарори АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятининг замонавий тўлов усулларига мослашиш сиёсати доирасида қабул қилинган.
Охирги марта шунга ўхшаш қарор 1857 йилда қабул қилиниб, ярим сентлик тангалар муомаладан чиқарилган эди. Бир дона пенсни ишлаб чиқариш нархи 3,69 сентни ташкил этган.
Америкаликлар қўлида жами 300 миллиард дона пенс бор деб ҳисобланади. Ғазначиликка кўра, пенсларни ишлаб чиқаришни тўхтатиш ҳар йили 56 миллион АҚШ долларини тежаш имконини беради.
Зарбхона маълумотларига кўра, 2024 молиявий йилида жами 5,6 миллиард дона танга ишлаб чиқарилган бўлиб, шундан 3,2 миллиардини пенслар ташкил этди. Ишлаб чиқариш тўхтатилганига қарамай, мавжуд пенслар қонуний тўлов воситаси сифатида қолади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.