
Англиянинг "Ливерпуль" клуби ҳамда Миср миллий терма жамоаси етакчи вингери Муҳаммад Салоҳ ижтимоий тармоқларда жойлаган навбатдаги пости ортидан яна баҳслар марказига тушди. Бу сафар танқидларга сабаб бўлган ҳолат — футболчининг Рождество байрами муносабати билан қолдирган табриги бўлди.
Салоҳ ўз саҳифасида байрам арчаси фонида қизлари билан тушган суратини жойлаб, расмга “Рождество билан” деган ҳэштег қўшган. Бир қарашда оддий оилавий кадрга ўхшаган ушбу пост қисқа вақт ичида турли қарашлар ва кескин муносабатларга сабаб бўлди.

Айниқса, изоҳлар бўлимида мусулмон обуначиларнинг танқидий фикрлари кўпайди. Улардан бири:
— “Мен сени эътиқодимизда тақиқланган байрамни нишонламайди, деб ўйлагандим”, — деб ёзди.
Яна бир фойдаланувчи эса жуда ҳиссий муносабат билдирди:
— “Мо Салоҳ, мен сени ҳатто "Манчестер Сити" мухлиси бўлган пайтимда ҳам ҳурмат қилардим. Сен ҳеч қачон у ерда ўйнамаган бўлсанг-да, мен учун илҳом манбаи эдинг. Аммо бу твитдан кейин энди сени ўрнак сифатида кўра олмайман. Агар уни ўчирмасанг, обунамни бекор қиламан”, — деди у.
Бошқа бир изоҳда эса қуйидаги саволлар ўртага ташланди:
— “Сен мусулмонсан. Миллатинг ва маданиятингни ҳурмат қилишинг керак. Миллионлаб одамларга қандай намуна кўрсатяпсан?”
Энг кескин муносабатлардан бири эса шундай мазмунда бўлди:
— “Биродар, Аллоҳдан қўрқ. Сен мусулмонсан ва миллионлаб одамлар сенга эргашади. Уларнинг кўпчилиги ёшлар. Улар сен қилаётган ишни оддий ҳол деб қабул қилиши мумкин. Аммо бу мусулмонларга хос эмас. Сен христианларнинг Рамазон ёки Қурбон ҳайитини нишонлаганини кўрганмисан?”
Қайд этиш жоиз, бу биринчи марта эмас. Муҳаммад Салоҳ ўтган йили ҳам худди шу сабаб билан — Рождество муносабати билан қолдирган табриги учун жамоатчиликнинг бир қисми томонидан танқид остига олинган эди.
Қисқаси, Салоҳнинг ҳар бир қадами нафақат майдонда, балки ижтимоий тармоқларда ҳам диққат билан кузатиляпти. Бир пост — миллионлаб фикрлар. Машҳурликнинг нархи эса баъзан шундай баҳслар билан ўлчанади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.