date

Трамп ва Зеленский Флоридада учрашув ўтказди

Трамп ва Зеленский Флоридада учрашув ўтказди

Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳида АҚШ президенти Доналд Трамп ва Украина президенти Владимир Зеленский навбатдаги музокара раундини ўтказди. Ёпиқ, яккама-якка форматдаги учрашув 2,5 соатдан кўпроқ давом этди. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.

Маълумотларга кўра, бу 2025 йил бошидан бери икки лидернинг тўртинчи шахсий контакти бўлиб, Вашингтон ва Киев ўртасидаги дипломатик мулоқот жадаллашганини кўрсатмоқда. Шунга қарамай, якшанба кунги ташриф якунида кескин бурилиш ясайдиган келишувлар эълон қилинмади.

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Трамп тинчлик битими қачон имзоланиши мумкинлиги ҳақидаги саволларга эҳтиёткор оҳангда жавоб берди. Оқ уй раҳбари жараён ҳозирги вазият қандай ривожланишига боғлиқлигини таъкидлаб, ишлар ижобий кетса бир неча ҳафта ичида, акс ҳолда муддат чўзилиши ёки умуман натижа бўлмаслиги мумкинлигини билдирди. Трамп Украинадаги урушни Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг қонли ва эҳтимол энг йирик тўқнашув сифатида тилга олди.

Зеленский эса аниқроқ рақамларни келтириб, 20 банддан иборат тинчлик режаси ҳозирча томонлар томонидан 90 фоизга келишиб олинганини айтди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Украина ўртасидаги икки томонлама хавфсизлик кафолатлари тўлиқ тасдиқланган. Шунингдек, АҚШ, Европа давлатлари ва Украина иштирокидаги кенгроқ хавфсизлик тизими ҳам деярли тайёр ҳолатга келган.

Масъулият тақсимоти борасида Трамп Киевнинг узоқ муддатли хавфсизлигини таъминлашдаги асосий юк Европа зиммасида бўлишини қайд этди. Бироқ у Вашингтон четда қолмаслигини, Европадаги иттифоқчиларига зарур кўмак беришга тайёрлигини қўшимча қилди. Музокаралар якунида томонлар ҳеч қандай якуний ҳужжат имзоламади ва асосий келишмовчиликларни кейинги раундларга қолдирди.

Музокаралар ўтган Мар-а-Лаго қароргоҳи ҳақида ҳам эслатиб ўтилди: 1970-йилларда мулкдор Марджори Пост уни президентлар учун “Қишки Оқ уй” сифатида давлатга топширган, бироқ сақлаш харажатлари юқорилиги сабаб ҳукумат совғадан воз кечган. Кейинчалик ушбу мулкни Доналд Трамп сотиб олган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Трамп ва Зеленский Флоридада учрашув ўтказди