
Омск суди Ўзбекистон фуқаросини 4 йил оғир режимли колонияда қамоқ жазосига ҳукм қилди. Эркак ўткинчини калтаклагани ва устига ит қўйиб ҳужум қилдиргани учун айбдор деб топилди.
Суднинг биринчи инстанция қарорига кўра, маҳкум жабрланувчига маънавий зарар учун деярли ярим миллион рубл товон пули тўлаши шарт. Ҳудудий судга берилган аппеляция натижа бермади, кассация инстанцияси ҳам жазони адолатли деб топиб, унинг ҳаддан ташқари оғирлиги ҳақидаги шикоятни рад этди.
Тергов маълумотларига кўра, 2023 йил 9 июл куни кечаси 36 ёшли Ўзбекистон фуқароси Омск шаҳридаги боғдорчилик уюшмасида бегона бир кишини таёқ ва оёқлари билан калтаклаган. Ҳужумга ер эгаси ёллаган ишчи ҳам қўшилган.
Жабрланувчи қочишга уринган, дала ҳовли эгаси унинг устига итини ташлаган, натижада ит жабрланувчини камида йигирма марта тишлаган. Эркак кўплаб жароҳатлар, жумладан бош суяги синиши каби оғир тан жароҳатлари олган.
Айбланувчи ўз айбини қисман тан олиб, буларнинг барчаси мулкни ўғирликдан ҳимоя қилиш мақсадида содир этилганини даъво қилган. Суд уни бошқа шахслар билан биргаликда қасддан оғир тан жароҳати етказганини аниқлаб, айбдор деб топди.
Ҳужумда иштирок этган иккинчи шахс қочишга муваффақ бўлган ва ҳозирча жавобгарликка тортилмаган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.