Грузиянинг собиқ бош вазири Ираклий Гарибашвили 5 йилга қамалди

Суд Грузиянинг собиқ бош вазири Ираклий Гарибашвилини беш йил муддатга озодликдан маҳрум этди. У ноқонуний даромадларни легаллаштириш бўйича айбини тан олиб, прокуратура билан процессуал келишувга борган. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Қамоқ жазоси билан бирга Гарибашвилига 1 миллион лари миқдорида жарима ҳам белгиланди. Тергов давомида мусодара қилинган барча активлар — йирик миқдордаги нақд пуллар ва қимматбаҳо буюмлар ҳам — давлат фойдасига олиб қўйилди.
Ҳукм 2025 йил октябрида бошланган кенг кўламли антикоррупция амалиёти якуни бўлди. Ўшанда 24 манзилда, жумладан Гарибашвили ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раҳбари Григол Лилуашвилининг уйларида ўтказилган тинтувлар чоғида 7 миллион доллардан ортиқ нақд пул топилгани айтилади.
Мусодара қилинган мулклар рўйхатида 200 га яқин заргарлик буюми ва қиммат соатлар, коллекцион картиналар, 100 дан ортиқ электрон қурилма ҳамда минглаб саҳифали махфий ҳужжатлар ҳам қайд этилган.
Тергов версиясига кўра, Гарибашвили 2013–2024 йилларда юқори давлат лавозимларида ишлаган даврида яширин равишда тижорат фаолияти билан шуғулланган, тушумларни эса декларацияларда “қариндошлардан совға” сифатида кўрсатган. Иш бўйича 230 дан ортиқ прокуратура ва махсус хизмат ходими жалб қилингани, тўпланган далиллар уни тергов билан келишувга боришга мажбур қилгани билдирилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!