date

Москва осмонида дронлар галаси: аэропортлар тўхтади, зарбалар кучайди

Москва осмонида дронлар галаси: аэропортлар тўхтади, зарбалар кучайди

Россия Мудофаа вазирлиги 4 январь, якшанба куни Украина дронлари Москва, Москва вилояти ҳамда Россиянинг яна бир қатор ҳудудларини нишонга олгани ҳақида хабар берди. Идора маълумотига кўра, навбатчи ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари самолёт туридаги дронларни тутиб, йўқ қилган. Энг кўп дрон Брянск ва Курск вилоятлари ҳиссасига тўғри келгани айтилмоқда.

Шу пайтда Россия ОАВлари дронлар ҳужуми Москва ва вилоятидаги тўртта аэропорт иши вақтинча чекланишига олиб келганини ёзди. Хусусан, Внуководаги парвозлар жадвалида кўплаб кечикишлар қайд этилгани таъкидланади. Москва мэри Сергей Собянин эса пойтахт томон йўналган бир нечта дрон уриб туширилганини билдириб, парчалар тушган нуқталарда фавқулодда хизматлар ишлаётганини қайд этган.

Бир вақтнинг ўзида Украина томони ҳам 4 январга ўтар кечаси Россия армияси Украина ҳудудига дронлар билан зарба берганини маълум қилди. Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари Telegram-каналида билдирилишича, ҳужумда жами 52 та учувчисиз қурилма қўлланган, уларнинг 40 таси Shahed турига мансуб бўлган. Украина ҳарбийлари ўз навбатида шимол ва шарқ йўналишларида 39 та дронни уриб туширганини, 9 та локацияда 13 та “ҳужумкор дрон” зарбаси қайд этилганини билдирди.

Хабарларда келтирилишича, шундай ҳужумлардан бири Херсондаги ёнилғи қуйиш шохобчаси атрофида кузатилган: портловчи хавфли буюм ташланиши оқибатида газ модули ва енгил автомобил ёнган. Украина фавқулодда хизматлари қурбонлар бўлмаганини айтган.

Айтиш керак: турли манбаларда дронлар сони ва “йўқ қилинган” қурилмалар ҳақидаги рақамлар фарқ қилиши мумкин — уруш шароитида бундай ҳисоб-китоблар тез-тез янгиланади ва ҳар томон ўз баёнотини беради. Бироқ факт битта: ҳаводаги қарама-қаршилик кескинлашяпти, бу эса логистика, парвозлар ва оддий аҳоли ҳаётига ҳам бевосита таъсир қилаяпти.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Москва осмонида дронлар галаси: аэропортлар тўхтади, зарбалар кучайди