АҚШ Марказий Осиёнинг уч давлати фуқаролари учун 15 минг долларгача визавий гаров жорий этмоқда

АҚШ Давлат департаменти тажриба тариқасида янги дастур ишга тушириб, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон фуқароларидан виза олишда 15 минг долларгача гаров пули талаб қилиши мумкин. Ўзбекистон фуқаролари ушбу тартиб доирасига киритилмаган. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Янги талаблар B1/B2 тоифасидаги визалар — хизмат сафари ва туристик сафарлар учун ариза топширувчиларга тааллуқли. Туркманистон фуқаролари учун қоида 2026 йил 1 январдан кучга кирган, Қирғизистон ва Тожикистон бўйича эса 21 январдан жорий этилиши белгиланган.
Дастур шартларига кўра, АҚШ консулликлари виза суҳбати вақтида аризачидан 5 минг, 10 минг ёки 15 минг доллар миқдорида гаров киритишни сўраши мумкин. Гаров суммаси ҳар бир ҳолатда алоҳида белгиланади ва миграцион хавф омиллари инобатга олинади.
Молиявий гаровдан ташқари, қўшимча чекловлар ҳам назарда тутилган: бундай виза эгалари АҚШга фақат учта халқаро аэропорт орқали кириб-чиқиши мумкин. АҚШ расмийлари мазкур чора вақтинчалик тажриба эканини, унинг мақсади эса молиявий кафолатлар миграция назоратида қанчалик самарали ишлашини баҳолашдан иборатлигини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!