Конгрессга Гренландияни АҚШга қўшиш лойиҳаси киритилди

Республикачи конгрессмен Ренди Файн АҚШ Конгрессига Гренландияни АҚШ таркибига қўшиб олиш ва унга штат мақомини беришга доир қонун лойиҳасини тақдим этди. Унинг баёнотида айтилишича, ташаббус оролни аннексия қилиш масаласини ҳам, уни сотиб олиш имкониятини ҳам ҳуқуқий жиҳатдан муҳокама майдонига олиб чиқади.
Файн ўз таклифини Арктикадаги геосиёсий вазият кескинлашаётгани билан изоҳлади. Унинг таъкидлашича, Россия ва Хитой минтақада иштирокини «тажовузкорона» тарзда кенгайтирмоқда, бу эса Вашингтоннинг хавфсизлик ва стратегик манфаатларига босимни оширади.
Конгрессменнинг фикрича, Гренландия кимнинг назоратида бўлса, ўша Арктика денгиз йўллари устидан таъсирга эга бўлади. Шу билан бирга, АҚШни ҳимоя қилишга хизмат қиладиган хавфсизлик тизими ҳам катта даражада шу ҳудуд билан боғлиқ, деган қараш илгари сурилди.
Файн баёнотида Америка бу каби муҳим йўналишни «қадриятларимиздан нафратланадиган ва хавфсизлигимизни шубҳа остига қўймоқчи бўлган режимлар» ихтиёрида қолдиролмаслиги айтилган. Унингча, мазкур қонун лойиҳаси айнан шу хавфларни камайтиришга қаратилган ҳуқуқий қадам бўлади.
Агар қонун қабул қилинса, АҚШ президенти Доналд Трампга оролни аннексия қилиш ёки сотиб олиш учун зарур деб топилган ҳаракатларни амалга ошириш имкони берилади. Шу билан бирга, ҳужжат талабига кўра, президент бу йўлда керак бўладиган тузатишлар ва режалар ҳақида Конгрессга ҳисобот тақдим этиши керак бўлади.
Гренландия ҳудуди 2 166 000 квадрат километрни ташкил этади. Агар у АҚШнинг 51-штатига айланса, майдони бўйича мамлакатдаги энг катта штатга айланиши мумкин. Солиштириш учун, ҳозирги энг йирик штат ҳисобланган Аляска майдони 1 723 000 квадрат километрдир.
Гренландия Дания қироллиги таркибига киради. 1953 йилга қадар у Даниянинг мустамлакаси ҳисобланган, 2009 йилда эса ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқи кенгайиб, ички сиёсат масалаларини мустақил белгилаш имкониятини берган мухторият мақомини олган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!