
АҚШнинг чегара хизмати ноқонуний мигрантлар учун янги жарима – 5000 доллар миқдорида тўлов жорий қилиниши ҳақида маълум қилди. Бу жарима президент Дональд Трампнинг Big Beautiful Bill қонуни доирасида тасдиқланган бўлиб, аввалги жазоларга қўшимча равишда татбиқ этилади.
Чегара хизмати раҳбари Майкл Бэнкснинг сўзларига кўра, ушбу жарима АҚШга расмий назоратдан ўтмасдан кирган 14 ёшдан катта барча шахсларга қўлланади, уларнинг ҳозирги жойлашуви ёки иммиграцион жараёнлари ҳолатидан қатъи назар. Қонун, шунингдек, миграция назоратини кучайтириш учун 170 миллиард доллар миқдоридаги йирик молиялаштиришни ҳам назарда тутади.
Расмийларнинг таъкидлашича, Трампнинг иккинчи президентлик муддати даврида ноқонуний чегарадан ўтишлар сони 1970 йилдан бери энг паст даражага тушган. Аввалроқ депортация буйруғига эга бўлган мигрантлар мамлакатни тарк этишдан бош тортган тақдирда, кунига 1000 доллар жаримага тортилиши ҳақида хабар берилган эди.
Август ойига келиб, бундай жарималар сони 21,5 мингга етиб, умумий миқдори тахминан 6,1 миллиард долларни ташкил этгани айтилган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.