
АҚШда фан олами учун оғир йўқотиш қайд этилди. Массачусетс технология институтининг плазма физикаси ва термоядро тадқиқотлари маркази раҳбари, таниқли ядро физикаси олими Нуно Лурейро фожиали тарзда ҳаётдан кўз юмди.
Америка ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари маълумотларига кўра, 15 декабрь куни олим Бруклинда жойлашган ўз уйида ўқдан оғир яраланган ҳолда топилган. Лурейро зудлик билан шифохонага олиб борилган бўлса-да, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмади. Олим олинган жароҳатлар оқибатида эртаси куни вафот этган.
Ҳозирда полиция ҳодиса бўйича жиноий иш қўзғатиб, гумонланувчини қидириш ишларини олиб бормоқда. Тергов жараёни давом этяпти, ҳужум мотивлари эса ҳали аниқланмаган.
Эътиборли жиҳати шундаки, икки кун аввал Браун университетида ҳам отишма содир бўлиб, унда икки киши ҳалок бўлган, яна тўққиз нафар инсон турли даражада жароҳат олган эди. Бироқ ФБР вакиллари ушбу икки воқеа ўртасида ҳозирча ҳеч қандай боғлиқликни тасдиқловчи далиллар йўқлигини билдиришди. Нуно Лурейронинг уйи Браун университетидан тахминан 80 километр узоқликда жойлашган.
Маълумот учун, Нуно Лурейро Португалияда туғилган бўлиб, 2005 йилда АҚШга кўчиб келган. У 2016 йилдан буён MITда фаолият юритиб, дастлаб плазма физикаси маркази директорининг ўринбосари сифатида ишлаган, кейинчалик эса марказ раҳбари лавозимига тайинланган. Олим плазма ва термоядро синтези соҳасидаги илмий изланишлари билан халқаро миқёсда катта обрў қозонган эди.
Бу фожиа АҚШда олимлар хавфсизлиги масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. Фан жамоатчилиги эса Лурейронинг ўлимига чуқур ҳамдардлик билдирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.