08:13 / 25.09.2019
3 996

Ҳинд хазораси (цивилизацияси) қанчалар қадимий?

Ҳинд хазораси (цивилизацияси) қанчалар қадимий?
Ҳинд хазораси энг қадимий хазоралардан биридир. Коҳинлар ҳинд олимлари ҳисобланган. Ҳиндлар ҳаётни динсиз тасаввур қила олмас, улар сиғинмаган мавжудотнинг ўзи йўқ эди. Бидъат-хурофотга тўла динда, озроқ бўлсаям, умуминсоний яхшилик ҳам бор эди.

Фалакиёт илми
Осмон илми юлдузларни ўрганишдан бошланган. Милоддан аввалги 425 йилда илк фалакиётга оид китоб ёзилди, Фарҳамиро ўз асарини “Табиат қонунларининг мукаммал мажмуаси” деб номлайди. Китоб маълумотларида юнонларга суянганини эътироф қилади.

Ҳинд астрономи Ариабхата қуёш ва ой тутилишини, ер қуёш атрофида айланишини, ер юмалоқлиги ва ҳар куни ўз ўқи атрофида айланишини айтади. У европалик олимлардан анча олдин шундай деган: “Юлдузлар олами собитдир, ер айланиб тургани учун юлдузлар шарқдан чиқади ва ғарбга ботади”. Ариабхатадан кейин шогирди Браҳман Жубта ҳинд фалакиёти фанини тартибга солди. Ҳиндлар йилни ўн икки ойга, ҳар бир ойни ўттиз кунга, ҳар кунни ўттиз соатга бўларди. Ҳар беш йилда бир ой зиёда қилинарди, ой ва қуёш тутилишини яхши биларди. Улар ернинг тортишиш кучи ҳақида маълумотга эга эди (Уильям Дююрант. “Қиссатул хазора”).

Ҳандаса ва математика
Ариабхата, Браҳман Жубта ва Баҳоскоро фалакиёт каби алгебра фани билимдонлари эди. Ҳинд математиклари Леонард Эйлердан анча олдин бу фан масалаларини ечишган. Европадан қарийб минг олдинда юрарди, масалалар шеърий услубда ёд олинарди (Уильям Дююрант. “Қиссатул хазора”).

Милоддан бир неча юз йиллар аввал ҳиндлар учбурчак томонларини ўлчашни билишар, юнонлардан таъсирланган Ариабхата нисбий ўлчовлардан ҳам хабардор эди. У юнонлар билмаган бурчак йиғиндиларидан бохабар бўлган, бу қоидаларни ўз китобида баён қилган (McDonalds. “Тарихул ҳиндил қадим”).

Кимё фани
Кимё ривожланишига икки сабаб бор эди: бири табобат бўлса, иккинчиси, ишлаб чиқаришдир. Ҳиндларда қадимдан темирни эритиб қуйиш, тери ошлаш, ойна ва цемент ишлаб чиқариш яхши ривожланган эди.

Милоддан аввалги иккинчи асрдаёқ, Нагарджуна симоб ҳақида китоб ёзади. Унда симоб хусусиятлари ҳақида сўз юритади. Милодий олтинчи асрда ҳиндларда ишлаб чиқариш соҳасида кимё анча тараққий этган эди. Оҳакчилик, буғлаш, пайвандлаш, иссиқликсиз ёруғлик ишлаб чиқариш, оғриқ қолдирувчи кукунлар саноати, минерал туз ишлаб чиқаришда ҳиндлар жуда моҳир эдилар. Пўлатга ишлов бериш шу даража тараққий этган эдики, ҳатто ҳукмдор Юрис Искандарга тилла ё кумуш эмас, пўлат совға қилади. Бошқа хазоралар ҳиндлардан кўплаб кимё ихтироларини ўрганган (Уильям Дюрант. “Қиссатул хазора”).

Ҳинд тиббиёти
Милоддан аввалги олтинчи асрларда ҳинд табиблари тана аъзолари вазифаларини, мушак-бўғинларни, синган суякларни тиклашни, лимфа тизими, асаб толалари, ёғ қатламлари, қон айланиш тизимини яхши билишган.

Ҳинд табиблари ҳам Арасту каби юрак – ҳис-туйғу маркази деб хато тушунган. Улар асаб толалари юракдан чиқади деб билишган. Ҳиндлар ҳазм фаолиятини дақиқ тушунгани боис ошқозонга тушган озуқа эзилиб, шира ҳолатига ўтиб, сўнгра қонга ўтишини аниқлаган.

Милоддан аввалги 500 йилларда Атриё ва Эзмон ота спермаси мустақил бола ҳосил қилади, деб ўйлаган. Улар тўйдан олдин йигитларни тиббий кўрикдан ўтказишган, “Мони” мазҳаби пешволари икки касалнинг турмуш қуришига фаол қаршилик қилишган.

Ҳиндлар наслни тартибга солиш ҳақида маълум маълумотларга эга бўлган, ҳайздан кейин ўн икки кунгача хомила бўлмайди, деб ўйлашган. Ҳомила ўғил-қизлиги гоҳида таомланишга боғлиқ, деб билишган.

Ҳинд тиббиётида ёзилган илк китоб “Атрофо – Файдо” асаридир. Китобда касалликлар рўйхати билан бирга давоси ҳақида ҳам ёзилган, лекин ҳиндлар сеҳр ва азайимхонликдан кўп фойдаланарди. Ҳинд тиббиёти сеҳргарликнинг бир қисми эди. Табиблар сеҳргарликни ҳам ўрганар, руҳий таъсир қилиш баҳонасида афсунгарлик авжига чиққан пайтлари ҳам бўлган. Вақт ўтиши билан сеҳргарлик камайиб, ҳақиқий табобат кучайди.

“Атрофо – Файдо” китобининг “Ажу – Файдо” номли иловаси ҳам бўлиб, “умрни узайтириш илми” маъносини англатади. Ҳинд табобати касаллик сабабини тўрт унсурнинг (ҳаво, сув, балғам, қон) изтиробидан излаган. Замонавий ҳинд тиббиётида ҳам қадимий тиббиёти асорати бор. Ғарб табиблари ҳинд табобатига ҳавас қилишади, чунки гиёҳ билан даволашдан ҳиндлар моҳирона фойдаланади. “Раж – Файдо” китобида мингдан ортиқ гиёҳлар номи бор. Гиёҳ билан даволовчи табиблар баҳаво боғ-роғларда истиқомат қилишган.

Ҳинд тиббиётидаги энг машҳур исмлардан бири, бу – Сушрута. У милоддан олдинги бешинчи асрда яшаган. Иккинчиси, Шарока, милодий иккинчи асрда яшаган. Сушрута Варанаси шаҳрида устозлик қилган. Санскрит тилида китоблар ёзган, уларда касаллик сифатлари, даволаш йўллари, тўғри овқатланиш, гўдакларни озиқлантириш, туғруқ, ҳаммом билан даволаш, дорилар ҳақида баҳс юритилади. Шарока “Самхита”ни (тиббиёт энциклопедияси) ёзган, у ҳозирга қадар ҳинд тиббиёти манбаси ҳисобланади. Унда Гиппократ фикрига яқин шундай жумлалар бор: “Беморларни ўз манфаатингиз учун даволаманг, дунё шаҳватини қондириш учун ҳам восита қилиб олманг! Олий мақсадингиз азобланаётган инсонга ёрдам бериш бўлсин! Шу билан сиз инсоният учун қайғурган бўласиз” (Уильям Дюрант. “Қиссатул хазора”).

Ҳинд табобатидаги учинчи машҳур шахс Фажбиҳата (милодий 625) тиббиётда насрий ва назмий ижод қилган. Тўртинчиси, Баҳофомисро (милодий 1550) симобнинг шифобахш жиҳатларини тавсифлаган. Унинг китоблари Европа билан ҳиндлар орасидаги боғлиқлик борлигига ишора қилади.

Сушрута жарроҳлик амалиётларидан бир нечтасини тавсифлаган, кўз суви, чурра, қовуқ тошлари, она қорнидан болани ёриб олиш ҳақида маълумот берган. Шунингдек, 120 дан ортиқ жарроҳлик асбоблари ҳақида сўз юритади. Браҳманлар жасадни ёришдан қайтарса-да, Сушрута ёш жарроҳларга таълим учун рухсат берган. Қулоқни ямаш ва бурун тўғрилаш амалиётларини қилган, Гарсон ёзади: “Қадимий ҳиндлар катта амалиётларнинг деярли барчасини қила олишган, фақатгина артерия қон томирларини тика олишмаган”.

Сушрута жарроҳлик қоидаларини ишлаб чиққан, жароҳат ўрнини тутун билан дизинфекция қилишни тавсия қилган, оғриқ қолдирувчи шаробдан (наркоз) фойдаланишган.

Сушрута беморга ташхис қўйишнинг бир неча йўллари ҳақида ҳам ёзади. Юрак уришини эшитиб кўриш, сийдик анализи орқали ташхис қўйиш ҳозирги кунда ҳам кенг тарқалган. Тибет табиблари эса фақат сийдик анализи билан ташхис қўярди.
Ҳинд тиббиётида касалга етти кун рўза тутиш буюрилган. Шу вақт оралиғида бемор соғлиғи яхшиланмаса, ҳаммомга туширилган. Сўнг алоҳида овқатланиш буюрилиб, қон олдириш тавсия қилинган.

Ҳиндларда заҳарга қарши дорилари билан машҳур эди. 550 йиллардаёқ касалликка қарши эмлаш бор эди, Европада эса ўн саккизинчи асрда эмлаш пайдо бўлди. Ҳинд табибига нисбат бериладиган китобда шундай ёзилган: “Сигир елинидаги хуснбузар суюқлигидан олиб, тирсак билан катф оралиғига укол қилинади, суюқлик қонга аралашгач, сувчечак иситмаси пайдо бўлади” (Уильям Дююрант. “Қиссатул хазора”).

«Ислом ва олам» китобидан

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳинд хазораси (цивилизацияси) қанчалар қадимий?