date

Туризмдаги улкан сакраш: Саудия жаҳоннинг пешқадамига айланди

Туризмдаги улкан сакраш: Саудия жаҳоннинг пешқадамига айланди
Жаҳон сайёҳлик саноатида 2025 йилнинг дастлабки ойларида кутилмаган лидер пайдо бўлди. Саудия Арабистони туризмдан даромадларнинг ўсиши бўйича дунёдаги барча мамлакатларни ортда қолдирди, деб хабар берди мамлакат Туризм вазирлигининг матбуот хизмати.

Вазирлик маълумотларига қараганда, 2025 йилнинг биринчи чорагида хорижлик сайёҳлар Саудияда 13,2 миллиард доллар сарфлаган. Бу рақам 2024 йилнинг шу даврига нисбатан тахминан 10 фоизга кўпроқ. Бу нафақат иқтисодий ўсиш, балки мамлакатнинг туризм соҳасига қаратган жиддий эътиборининг ҳам натижасидир.

Эътиборлиси шундаки, хорижлик меҳмонлар сони ҳам кескин ошган — 2019 йилнинг шу ойларига нисбатан 102 фоизга кўп. Бу кўрсаткич жаҳон бўйича ўртача ўсиш даражасидан 3 фоиз, Яқин Шарқ минтақаси бўйича эса 44 фоиз юқори экани қайд этилган.

Саудия Арабистонининг бу каби юқори суръатдаги ривожланиши мамлакатнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларига яқинлашаётганини англатади. Подшоҳлик ўз олдига жуда катта марраларни қўйган: ҳар йили 150 миллионга яқин хорижлик туристни жалб этиш ва ўзини сайёҳлик бўйича жаҳондаги энг машҳур йўналишлар қаторига олиб чиқиш.

Бу натижалар мамлакатнинг "2030 Вижн" стратегик дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инвестициялар самараси сифатида баҳоланмоқда. Саудия нафақат зиёрат туризми (Ҳаж ва Умра), балки маданий, спорт ва экотуризм соҳаларида ҳам фаол ҳаракат қилмоқда.

Яқинда ўтказилган халқаро кўргазмалар, спорт мусобақалари ва маданий фестиваллар Саудиянинг жаҳон харитасидаги имиджини кескин ўзгартирди. Мамлакатда визаларни электронлаштириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва меҳмонлар учун қулайлик яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.

Кўзга кўринарли даражадаги бундай ўсиш нафақат туризм соҳаси, балки меҳмонхоначилик, логистика, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Саудия Арабистони ўзининг анъанавий нефтга асосланган иқтисодини диверсификация қилишга интилмоқда ва туризм бу жараёнда етакчи кучлардан бирига айланмоқда.

Сўзсиз, Саудиянинг бу каби муваффақиятли қадамлари бошқа мамлакатлар учун ҳам ўрнак бўлади. Мамлакатнинг сайёҳлар учун янада очиқ ва замонавий манзилга айланиши, шубҳасиз, келгуси ойларда яна кўплаб рекордларни янгилашга туртки бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туризмдаги улкан сакраш: Саудия жаҳоннинг пешқадамига айланди