
Дунёда қанчалик узоқ яшашингиз ва кекса авлодга айланганда қандай ҳолатда бўлишингиз фақат тановул ёки ирсий омиллар билан эмас, балки қаерда яшашингиз билан ҳам чамбарчас боғлиқ экани маълум бўлди. Бу ҳақда Nature Medicine журналида эълон қилинган сўнгги тадқиқот натижалари орқали Science Focus маълум қилди.
Дания каби тараққий этган ва экологик ҳамда ижтимоий жиҳатдан қулай мамлакатларда яшовчи инсонлар бошқаларга нисбатан анча соғлом ва узоқ умр кўраётгани аниқланди. Илмий таҳлилчилар 40 давлатда истиқомат қилувчи 160 мингга яқин инсон ҳақидаги маълумотларни ўрганди. Уларнинг хулосаси жуда аниқ: қаерда яшашингиз қариш жараёнини ё тезлаштиради, ёки аксинча — секинлаштиради.
Бу маълумотлар ўз навбатида Африка, Осиё ва Жанубий Америкадаги айрим ҳудудларда соғлом қариш кўрсаткичлари паст эканини ҳам кўрсатди. Масалан, Миср аҳолиси дунёда энг тез қарийдиганлардан бири сифатида қайд этилди — уларнинг биологик ёши, яъни танаси ҳолати, ўз хронологик ёшидан тахминан 2,35 йилга каттароқ ҳисобланади.
Шу билан бирга, Жанубий Африка ва Жанубий Америкадаги баъзи давлатларда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилмоқда. Европа мамлакатлари эса аксинча — инсонларнинг табиий ва соғлом қариш жараёнида етакчилик қилмоқда. Хусусан, Дания бу борада биринчи ўринни эгаллади.
Олимларнинг таъкидлашича, ҳаво сифати, ижтимоий тенглик, иқтисодий барқарорлик, аёллар ҳуқуқларининг таъминланиши, сайловда иштирок имконияти ва сиёсий эркинлик каби омиллар инсон қаришига жуда кучли таъсир кўрсатади. Бу нарсалар инсон ҳаётини нафақат узайтиради, балки унинг сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Ажабланарлиси, тез қарийдиган инсонлар кундалик ҳаётда оддий вазифаларни бажаришда 8 марта кўпроқ қийналишади ва ақлий қобилиятлари 4 марта тезроқ пасаяди. Бу эса уларнинг ҳаёт сифати ва мустақиллигини сезиларли даражада чеклайди.
Шу боис, қайси мамлакатда ёки муҳитда яшаш инсон саломатлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани яна бир бор тасдиқланди. Яшаш жойи фақатгина манзил эмас, балки келажакдаги сизнинг организмингиз ҳолати, фаоллик даражаси ва соғлом қаришингиз учун асосий омил экани барчага маълум бўлди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар