
Германияда яшовчи ёш йигит Леон Отремба кўп йиллар давомида ўзини паст бўйи сабаб камситилгандай ҳис қиларди. Унинг ўзини қадрлаш даражаси пасайиб, ҳаёти тушкун кайфиятлар ичида ўтаётганди. 171 сантиметрли бўйи уни ҳаётда эркин ҳис қилишга тўсқинлик қиларди. Бир неча марта у ўзини бошқалар билан таққослаб, "мен паканаман" деган фикр билан яшашга мажбур бўлди.
Metropoles нашри ёзишича, айнан мана шу ички норозилик ва руҳий қийноқлар уни радикал қадамга боришга ундади — Леон оёқларини сунъий равишда узайтириш бўйича жарроҳлик амалиётига рози бўлди. Бу жараён икки йил давом этди ва натижада унинг бўйи 24 сантиметрга ошиб, ҳозирда 195 сантиметрни ташкил қилмоқда.
Биринчи операция 2023 йилда амалга оширилди. Шифокорлар махсус металл стерженлар ва ташқи қурилмалар ёрдамида Леоннинг сон суякларини кунлик 1 миллиметрдан чўзиш орқали 10 сантиметрга узайтиришди. У мунтазам тиббий текширувларда қатнашиб, инфекция хавфини олдини олишга ҳаракат қилди.
Иккинчи мураккаб операция 2025 йил бошларида ўтказилди. Бу сафар болдир суяклари ички механизм — клик тизими ёрдамида узайтирилди. Леон таъкидлашича, иккинчи жараён аввалгидай оғриқли бўлмаган, аммо тикланиш жараёни анча узоқ давом этган. У ҳатто қайтадан юришни ўрганишига тўғри келган.

Ҳа, натижаси кўзга кўринарли — йигит ўз мақсадига эришди. Аммо бу ҳаракатлар унга енгиллик ва хурсандчилик эмас, аксинча, кучли жисмоний оғриқлар ва доимий ноқулайликларни олиб келмоқда. Унинг айтишича, танада доимий оғриқ сақланиб қолган ва бу кундалик ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бу каби жараёнлар ҳақида ортопед шифокорлар ҳам жиддий огоҳлантиришлар беришмоқда. Мисол учун, Лучано Миллер исмли мутахассис таъкидлашича, бундай операциялар фақатгина зарур тиббий ҳолларда, масалан, туғма жароҳатлар ёки скелет нуқсонлари бор беморлар учунгина тавсия этилиши керак. Унинг сўзларига кўра, бу каби сунъий аралашувлар инсон танасидаги биомеханик мувозанатни бузади, мушак тўқималарида салбий ўзгаришларга сабаб бўлади ва оғир асоратлар келтириб чиқаради.
Шунинг учун ҳам мутахассислар ҳар қандай жисмоний камчиликни сунъий йўллар билан бартараф этишга қарор қилишдан аввал, унинг таъсирини чуқур ўйлаб кўришни маслаҳат беришади. Леоннинг тарихи эса инсон ўзгариш орқали бахт топишни хоҳласа-да, табиатга қарши курашиш ўзига яраша нарх талаб қилишини яна бир бор исботламоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар