08:48 / 10.05.2020
3 371

Иккинчи жаҳон уруши хотираси сиёсийлаштирилмоқдами?

Иккинчи жаҳон уруши хотираси сиёсийлаштирилмоқдами?
Фото: Google Photos
Нуфузли немис нашри Der Spiegel’нинг ёзишича, Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 75 йил вақт бўлган бир вазиятда янги уруш ўта фаоллашиб кетди ва бу уруш асосан ўтмишдаги уруш тарихини ким қандай ёритилишини қабул қилишига боғлиқ бўлиб қолди.

Германиянинг бош майдони – Рейхстаг ва канцлер ишхонаси орасида уруш тугаганининг 75 йиллиги муносабати билан улкан бир тадбир ўтказилиши, тадбирда бутун Европа қитъаси ва Исроилдан таклиф қилинган фаол ёшлар қатнашиши ва Германия федератив республикасининг юқори мулозимлари иштирок этиб нутқ сўзлаши режалаштирилди. Бироқ…

Коронавирус келди-ю, юқори немис мулозимлари тин олиб нафас олди. Уруш тугагани муносабати билан белгиланган тадбир Нойе Вахе – уруш қурбонлари хотираси майдонига гул қўйиш билан ўтказиладиган бўлди. Тадбирда канцлер Ангела Меркель, президент Франк Вальтер Штайнмайер, Бундестаг раиси Вольфганг Шойбле, маҳаллий парламент аъзолари ва конституциявий суд раислари иштирок этадиган бўлди. Германиядаги бу тадбир 15 дақиқалик тадбирга айланадиган бўлди. Расмий Кремлдаги парад ҳам коронавирус сабаб номаълум муддатга қолдирилди. Немис ҳукуматидагиларнинг фикрларига кўра, ҳозирда бундай тадбирлар анча сиёсийлашган.

Сўнгги пайтларда 75 йил аввал якунига етган дунё аҳолисининг 60 миллиони ҳаётига зомин бўлган Иккинчи жаҳон уруши бугун турли мамлакатларда ва давраларда турли баҳс-мунозараларга ҳам сабаб бўлиб келмоқда. Шу сабабдан Иккинчи жаҳон уруши атрофидаги баҳсларни ўзига хос сиёсий жанг майдонига қиёс қилиш мумкин. Тарих қуролга, геосиёсатнинг воситасига айланган сўз урушига айланди. Бу урушда асосий фронт чизиғи айни дамда Польша ва Россия ўртасида ўтмоқда. Ҳиссиётга тўла ижтимоий баҳсларда айбдорликни ағдаришда буюк муҳорабада ким урушнинг қурбони бўлгану, ким кўпроқ азият чекканини исботлашда Европа қитъасининг бошқа мамлакатлари кўпроқ ким тарафда эканини аниқлашдан иборат бўлиб қолди.

Германия эса сукут сақлаганча бетарафлик чироғини ёқиб олган. Германия шу манзарада гўёки яхши таассурот уйғотмаётгандек. Коронавирус эса Германияга қўл келиб қолди. Сабаби немис раҳбарияти уруш қурбонларини ким билан нишонлаш-у, кимни тадбирга таклиф қилиш борасида боши қотиб турган эди. Путин Ангела Меркель ва Франк Вальтер Штайнмайерни 9 май парадига таклифнома юборган бўлсада, расмий Белвю қасри мулозимлари таклифга жавоб йўллашга шошилмади.

Москвадаги раҳбариятнинг авзойи бузила бошлади. Франция президенти Эммануэль Макрон ва Хитой раҳбари жаноб Си таклифни қабул қилиб, иштирок этиш истагини эртароқ билдирди, аммо 1941 йилда СССРга бостириб киришга аҳд қилган Германия жим. Путин буни ўзича ҳақорат деб қабул қилган бўлиши эҳтимоли ҳам мавжуд. Бундан беш йил муқаддам Украинадаги инқироз авж олган бир вазиятда Меркель хоним Москвадаги парадда иштирок этмаслигини баён қилган, аммо эртасига Кремль деворлари ёнидаги Номаълум аскар ҳайкали пойига гул қўйиш учун етиб келган эди.

Фото: Google Photos
Ҳозирда Иккинчи жаҳон урушини талқин қилишда икки дунёқараш муросасиз баҳсга киришган. Биринчиси, Молотов ава Риббентроп имзолаган битим ва бу битимдан келиб чиқадиган махфий бандлар Совет Иттифоқини уруш ўчоғини кенгайтиришда иштирок этгани борасида айбдор қиладими деган масала. Иккинчиси эса 1985 йилда ўша вақтлардаги Германия Федератив Республикасининг собиқ президенти Рихард фон Вайзцеккер ишлатган бир атама – «озодлик».

Германия тарафи 1945 йилнинг баҳорида Вермахт армиясининг тор-мор қилинишини озодлик деб ёйинласада, поляклар, болтиқбўйи халқлари ва Шарқий ҳамда Марказий Европадаги халқлар орасида бу борада мутлақо бошқача фикрни қабул қилиш одат. 9 май шубҳасиз немис оккупациясидан озодликни олиб келди, шу билан бирга сталинизмга қарамликдек тушунчанинг ҳам пайдо бўлишига туртки берди. Хотирага нисбатан иккиёқлама қарашнинг мавжудлиги эса нотўғридек.

Сталин Гитлер билан тинчлик битимини имзолар экан, бу амалда Польша ўз мустақиллигидан айрилишини англатар эди. Аммо Сталин ва Гитлер ўртасида битим бўладими ёки йўқ, Германия охир оқибатда Польшага бостириб кириши ҳам бор гап. Бу эса Иккинчи жаҳон уруши учун насистлар Германиясига бор масъулиятни юклайди. Европа Иттифоқидаги сиёсий руҳ ҳам ўзгарди. Қизил Армия ва СССРга бўлган қараш ҳам ғарбнинг шарққа қадар ёйилиши биланоқ ўзгарди. Бугун руслар уруш қурбонлари ва озодлик келтирувчилар деб эмас, кўпроқ жиноятчи ва босқинчилар сифатида эътироф этила бошланди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Европа Иттифоқининг «Европа келажаги учун урушнинг хотираси ҳақидаги» қарорида немисларнинг Польшага ҳужуми Гитлер ва Сталин ўртасида имзоланган битимнинг натижаси дея эътироф этилди. Парламент томонидан тарихни баҳолашда белгилаб қўйиладиган меъёрлар, одатда, нохолис бўлиши ҳам турган гап. Бундан эса немис национал социализми билан бир қаторда сталинизм ҳам тоталитар, дунёни босиб олишга уринган режимлар дея топилади. Бу эса Путинга ёқмади. Жаноб Путин расмий Варшаванинг Берлиндаги элчисини «антисемит чўчқаси», тарихни сохталаштираётган ғарбликларни «овозини ўчириб қўйиш» билан таҳдид қилди.

Ғарбда урушда иштирок этган Қизил армия аҳамиятининг пасайтирилаётгани Россия учун оғриқли қабул қилинмоқда. Шундай вазиятда уруш хотираларини сиёсийлаштиришга уриниш тобора баҳслар майдонига айланиб, Россия ва Ғарб ўртасида жарлик пайдо қилмоқда. Россия ҳам Иккинчи жаҳон урушини Кремль истаганидек талқин қилинишини хоҳлаётган бўлса, Польша ҳам бу тарихни полякча қабул қилинишини истамоқда.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Иккинчи жаҳон уруши хотираси сиёсийлаштирилмоқдами?