11:00 / 16.09.2020
2 785

Коронавирус: Дунё 20 йил ортга қайтган, умид – Калифорниядаги нанотанадан

Коронавирус: Дунё 20 йил ортга қайтган, умид – Калифорниядаги нанотанадан
Фото: AP/ТАСС
Сайёрамизда Covid-19 коронавирусини юқтирганлар сони 30 миллионга яқинлашмоқда. Пандемия бошланганидан бери 929 минг киши қурбон бўлди. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, тахминан 20 миллион киши касалликдан соғайиб кетди.

Ўтмишга юзланиш

Covid-19 пандемияси дунёни ривожланишдан ортга қайтарди, мутахассислар бунинг неча йилга тенг экани борасида баҳслашишмоқда. Душанба куни Билл & Мелинда Гейтс Жамғармаси томонидан эълон қилинган йиллик катта ҳисоботда 20 йил ҳақида гап боради.

Ҳужжатда айтилишича, пандемиянинг бир неча ойи халқаро ташкилотлар йиллар давомида интилган натижаларни ҳақиқатан бекор қилиб юборди. Бу вақт ичида ўта қашшоқликда яшовчилар сони етти фоизга ўсди.

Бундан ташқари, сайёрамиздаги бошқа касалликларга қарши эмланган инсонлар сони 1990-йиллар даражасига тушиб кетди.

«Ўзаро оғирлаштирувчи офатлар» - бу Covid-19 пандемияси учун энг яхши таъриф. Аввало, вируснинг ўзи пайдо бўлди, кейин ҳукуматлар унга қарши курашиш учун ресурсларни қайта тақсимлашни бошлади, сўнгра одамлар вирусни юқтиришдан қўрқиб, шифокорларга мурожаат қилмай қўйишди: буларнинг барчаси соғлиқни сақлаш соҳасидаги тўлақонли фалокатнинг элементларидир», дейилади хабарда.

Буларнинг барчасига қарамай, Гейтснинг ўзи йўқотишлар ўрнини икки-уч йил ичида тўлдириб олиш мумкинлигига ишонч билдиради, фақат бунинг учун туризм соҳаси қайта тикланиши ва Жаҳон банки зарар кўрган мамлакатлар оёққа туриши учун кредитлар ажратиши керак.

Гейтс BBC'га берган интервюсида, шунингдек, Covid-19 билан боғлиқ равишда пайдо бўлган фитна назарияларидан хавотирдалигини қўшимча қилди. Улардан бирида Гейтснинг ўзи пандемиядан эмлаш ниқоби остида одамларга микрочипларни жойлаштириш учун баҳона сифатида фойдаланиши ҳақида гап боради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жаҳон банки қўшма ташкилоти - Глобал тайёргарлик мониторинги кенгаши томонидан бугун яна бир пессимистик ҳисобот эълон қилинди.

Дунёнинг янги эпидемияларга тайёр ёки тайёр эмаслигини кузатувчи ташкилот сешанба куни Covid-19 сингари янги вируслар пайдо бўлиш эҳтимолига бугунги кунда деярли эътибор қаратилмаётганини таъкидлади.

Калифорния нанотаналари вирус билан курашишда ёрдам беради

Сан-Францискодаги Калифорния университети олимлари Sars-Cov-2 коронавирусини самарали зарарсизлантирадиган оқсил молекуласини яратишга муваффақ бўлишди. Агар унинг асосида аэрозол яратишнинг уддасидан чиқилса, ушбу препарат Covid-19'ни даволаш ва касалликнинг олдини олиш учун ишлатилиши мумкин.

Вакцинани ишлаб чиқиш билан бир қаторда, дунё бўйлаб ўнлаб тадқиқот гуруҳлари янги коронавирусга даво изламоқда. Вирус унинг юзасида жойлашган тиканлар туфайли инсон ҳужайраларига кириб борганлиги сабабли, олимларнинг вазифаси молекулалари вирус тожининг тиканларига худди ханжарни қоплаган қин каби жойлашадиган моддани топишдир.

Бундай молекула гўё тикан устига ўтириб, унинг шаклини ўзгартиради - бундай «деформацияланган» вирус эса ўзининг юқтириш қобилиятини йўқотади, чунки у бу ҳолатда ҳужайрага кириш ва у ерда кўпайишнинг уддасидан чиқолмайди.

Инсон иммунитет тизими худди шундай ишлайди. Коронавирусга қарши курашиш учун тана томонидан ишлаб чиқариладиган антитаналар фақат худди шу принцип асосида ҳаракат қиладиган махсус шаклдаги молекулалардир.

Одамлар ва бошқа кўплаб сутэмизувчиларнинг антитаналари митти вирусга нисбатан анча баҳайбат, аммо туялар оиласига мансуб ҳайвонларда (айниқса ламаларда) уларнинг ҳажми анча кичик ва шунинг учун бундай «нанотаналар» нисбатан самаралироқ бўлади.

Айнан мана шундай - фақат сунъий йўл билан келиб чиққан - молекула Калифорния университети аспиранти Майкл Шуф томонидан ҳам ишлаб чиқилган. Лабораторияда ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатдики, бир-бирига боғланган учта нанотана вирусни мукаммал зарарсизлантиради ва унинг тожи тиканига маҳкам ўрнашади.

Ушбу тажрибаларни тавсифловчи илмий мақола қораламаси bioRxivo веб-сайтида деярли бир ой олдин нашр этилган ва ҳали ҳам илмий жамоатчилик томонидан мустақил равишда тасдиқланмаган. Бироқ, матн билан аввалроқ танишган олимлар америкалик магистрантнинг кашфиётига катта умид боғлашяпти ва унинг пандемияга қарши курашда ҳақиқий ютуқ бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Сербиялик ҳарбий жиноятчи Момчило Краишник коронавирусдан вафот этди

Сербия Республикасининг собиқ бош вазири, Ҳаага трибунали томонидан собиқ Югославияда этник тозалаш ишлари ўтказишда айбланиб 20 йилга қамалган Момчило Краишник коронавирусдан вафот этди.

75 ёшда бўлган Краишник озодликда эди. 2013 йилда у муддатнинг катта қисмини ўтаб бўлгани учун озод қилинганди. У ўтган ҳафтада икки томонлама пневмония ташхиси қўйилиб, Баня-Луке шифохонасига ётқизилганди.

Асли Сараеводан бўлган иқтисодиёт магистри Краишник босниялик серблар етакчиси Радован Караджичнинг яқин сафдоши ҳисобланган. У 2000 йилда қамоққа олинганди.

Караджичанинг ўзи ўтган йили Ҳаага трибунали томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У 1995 йилда Сребреницада мусулмонлар геноцидини уюштиришда айбдор деб топилган.

Аввалига, 2016 йилда собиқ Югославия бўйича трибунал босниялик сербларнинг собиқ етакчисига 40 йиллик қамоқ жазосини берганди.

Дунёда: Португалия яна ёпилди, Чехия Словакия ва Кипрнинг «қора рўйхати»да
Испания ва Францияда кунлик касалланиш ҳолатлари ўсишда давом этмоқда. Марселдаги шифохоналарнинг жонлантириш бўлимлари ва интенсив терапия бўлимларида бўш жой қолмаган.

Марсель мамлакатдаги икки асосий ўчоқдан бирига айланган, яна бир коронавирус ўчоғи - Франция жануби-ғарбидаги Бордо шаҳрида.

Португалия: ўтган ҳафтада Лиссабонда жорий этилган чеклов чоралари эндиликда бутун мамлакат учун амал қилади. Жамоат жойларидан ўндан ортиқ киши йиғилиши мумкин эмас, кечқурунги соат саккиздан кейин алкогол маҳсулотлари сотилиши тақиқланади.
Руминияда мактаблар очилди. Бугун руминиялик 2,8 млн ўқувчи дарсларни бошлади. Мактабда ниқоб тақиш мажбурий ҳисобланади.
Чехияда амалдорлар касалланиш ҳолатлари кескин ошишидан огоҳлантиришмоқда. Мамлакатда бир кишининг бошқаларга касаллик юқтиришини ифодаловчи репродуктив сон — R’нинг кўрсаткичи 1,59га етган.
Словакия Чехияни «қора рўйхат»га киритди. Жума кунидан эътиборан ушбу қўшни давлатдан Словакияга келувчилар коронавирусга тестнинг манфий натижани кўрсатиши шарт бўлади ёки 5 кун давомида изоляцияда бўлишади. Чехия Кипр ҳукумати томонидан ҳам шундай «қора рўйхат»га киритилган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирус: Дунё 20 йил ортга қайтган, умид – Калифорниядаги нанотанадан