
Майами шаҳрида АҚШ ва Украина расмийлари Россия бошлаган кенг кўламли урушни тўхтатишга қаратилган эҳтимолий тинчлик йўлхаритаси бўйича фаол музокаралар олиб бормоқда. Axios порталига кўра, жума куни бўлиб ўтган учрашувларда икки давлат вакиллари можарони босқичма-босқич юмшатиш бўйича бир қатор таклифлар ва янги ғояларни муҳокама қилган.
Украина томонидан музокараларга Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров ҳамда Бош штаб бошлиғи Андрей Гнатов бошчилик қилмоқда. Улар кеча АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакиллари — ҳафта бошида Москвада бўлган Стивен Уиткофф ва Жаред Кушнер билан икки соат давом этган мулоқотни амалга оширди. Суҳбат “ижобий руҳда” кечгани маълум қилинди. Бугунги музокаралар ҳам давом этди ва шанба куни яна бир раунд режалаштирилган.
Уиткофф ва Кушнернинг Украина делегацияси билан мулоқоти уларнинг Путин билан 2 декабрда Москвада амалга оширган беш соатлик учрашувидан кейин ўтказилаяпти. Москвадаги музокаралардан сўнг Россия томони тинчлик формуласи бўйича “муросали вариант кўринмаётганини” билдирган эди. Шу боис Майамидеги муҳокамалар икки тараф позицияларидаги қарама-қаршиликларни юмшатишга қаратилган муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда.
Axios манбасига кўра, АҚШ вакиллари украин делегациясини Москвадаги суҳбат тафсилотлари ҳамда зиддият нуқталарини енгиб ўтишга кўмак бериши мумкин бўлган янги таклифлар билан яқиндан таништирган.
Шуниси қизиқки, Украина ва Россиянинг оммага айтган расмий баёнотлари бир-биридан жуда фарқ қилса-да, Вашингтонда ҳали ҳам ҳудудий масала каби энг оғир нуқталар бўйича ҳам муроса топиш эҳтимоли бор, деган ишонч сақланиб турибди.
Урушнинг келгуси манзили айнан мана шундай мулоқотларда белгиланаётган бир пайтда, Майамидеги музокаралар халқаро ҳамжамият диққат марказида қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.