
13 декабрдан 14 декабрга ўтар кечаси Ўзбекистон аҳолиси йилнинг энг ёрқин метеор оқимларидан бири — Геминидаларни кузатиши мумкин. Бу ҳақда NASAнинг «What’s Up: December 2025 Skywatching Tips» шарҳида маълум қилинган.
NASA прогнозларига кўра, фаолиятнинг энг юқори чўққиси 14 декабр куни соат 03:00–04:00 (UTC) оралиғида бўлиши кутилмоқда. Ўзбекистон вақти бўйича бу 08:00–09:00 га тўғри келади.
Бироқ, бу вақт тонг отганига тўғри келгани сабабли, оқимнинг максимал даражаси амалда кўринмаслиги мумкин. Шунга қарамай, астрономлар фаолиятнинг юқори босқичи чўққидан бир неча соат олдин ва кейин давом этишини таъкидламоқда.
Бу эса оқимни 14 декабр куни ярим тундан тонггача кузатишга имконият яратади. Метеор оқими фаолиятининг максимал даражасида соатига 120 тагача метеорит кузатилиши мумкин, агар осмон очиқ ва қоронғи бўлса.
Геминидалар ёрқин ва секин ҳаракатланувчи «қулаётган юлдузлари» билан танилган бўлиб, улар ҳаттоки шаҳар ёруғлигида ҳам яхши кўринади. Геминидалар ҳар йили декабр ойида кузатилади ва улар 3200 Фаетон астероиди қолдирган заррачалардан ҳосил бўлади.
Кўпчилик метеор оқимлари кометалар билан боғлиқ бўлса-да, Геминидалар астероид келиб чиқишига эга. Бу уларнинг юқори зичлиги ва ёрқинлигини изоҳлайди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.