00:25 / 18.01.2021
2 192

Шимолий Корея янги сув ости ракетасини намойиш қилди. Бу Байден учун чақирувми?

Шимолий Корея янги сув ости ракетасини намойиш қилди. Бу Байден учун чақирувми?
Фото: KCNA
Шимолий Корея сув ости кемасидан туриб отиладиган янги баллистик ракета тақдимотини ўтказди. Бу янгича турдаги ракета ҳисобланади. КХДРнинг маҳаллий нашрлари уни «дунёдаги энг кучли қурол» деб аташмоқда.

Пайшанба куни Пхенянда Ким Чен Ин иштирокида ҳарбий парад ўтказилди. Унда янги турдаги ракеталарнинг бир нечтаси намойиш қилинган. Кўпчилик Шимолий Кореядаги бу йирик ҳарбий парад АҚШ президенти Жо Байденнинг инаугурациясидан бир неча кун олдин ўтказилганига эътибор берди, лекин аслида бунинг сабаби бошқа эди: ўша куни мамлакатдаги ягона партия ҳисобланган Меҳнат партияси съезди якунланганди.

Ҳарбий параддан олинган суратларда (табиийки суратларни фақат мамлакат Марказий телеграф агентлиги тарқатган) камида тўртта оқ-қора тусдаги йирий ракеталар майдон бўйлаб олиб ўтилаётгани акс этган. Параддан олдин ўтказилган партия съезди ёпилишида нутқ сўзлаган Ким Чен Ин АҚШни мамлакатнинг энг катта душмани деб атади.

Ҳарбий экспертлар аввал бунақа турдаги қуролни кўришмагани айтишган. «Янги йил, янги «Пуккиксон», деб ёзди Твиттердаги саҳифасида Шимолий Корея бўйича эксперт Анкит Панда. «Пуккиксон» – қутб юлдузи дегани ва КХДРда сув остидан отилувчи ракеталар сериясини ишлаб чиқариш лойиҳаси шундай аталади. 2016 йилда «Пуккиксон-1» ракетаси ишлаб чиқарилган ва 1 300 километргача нишонни аниқ йўқ қила олади. Янги «Пуккиксон»нинг хусусиятлари ҳозирча аниқ эмас.

Шимолий Корея янги ракета ишлаб чиқаришга тайёрланаётганидан америкалик ҳарбий таҳлилчилар ўтган йил сентябрдаёқ огоҳлантиришганди. Улар космосдан олинган суратларга асосланиб шундай хулосага келишган. Мамлакатда ҳамон катта миқдорда дизелда юрувчи эскирган, лекин ракета учириш учун яроқли бўлган сув ости кемалари бор.

Кучни кўрсатиб қўйиш
Ким Чен Ин ўз отаси шарафига номланган майдонда ўтган ҳарбий парадда чарм палто ва пахмоқ бош кийимда салобат тўкиб турди ва янги қурол олиб ўтилаётганда ўрнидан туриб, аскарларга мамнун қўл силтади.

«Майдонга дунёдаги энг кучли қуроллардан бири бўлган баллистик ракеталар бирма бир олиб чиқилди. Улар революцион ҳарбий кучимизнинг қудратини яна бир бор намойиш қилди», деб ёзилган КХДР Марказий телеграф агентлигининг «тарихий репортажи»да.

Негадир бу галги парадда Шимолий Кореянинг қуруқликдан отиладиган энг катта баллистик ракетаси кўринмади. Бу қурол октябрда ўтказилган парадда кўрсатилганди. Мутахассисларнинг айтишича, янги ракетанинг ҳажми чиндан қўрқинчли ва у билан АҚШнинг ҳар қандай нуқтасига зарба бериш мумкин.

Шимолий Кореяда бу тарзда ҳарбий кучни кўрсатиш одатга айланган ва ҳар беш йилда ўтказиладиган бундай парадларда одатда бирорта янги қурол намойиш этилади. Ким Чен Ин партия съездида сўз олар экан мамлакатнинг ҳарбий қудратини, хусусан, катта радиусдаги ҳудудларга зарба беришга имкон берувчи баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга сўз берди. Шунингдек, Шимолий Корея «миллат отаси» фавқулодда катта қуроллар ҳақида ҳам гапирган. Нутқи давомида у АҚШни мамлакатнинг энг катта душмани дейишдан ташқари, инқилобга тўсиқ деб атаган. «Ҳукумат тепасида ким бўлишидан қатъи назар уларнинг бизга нисбатан сиёсати асло ўзгармайди», деган Ким Чен Ин.

Ким Чин Ин 2011 йилда отасидан ҳукуматни қабул қилиб олгач, мамлакатда баллистик ракета ишлаб чиқариш ривожланди ва «миллат отаси» бу АҚШ босқинидан сақланиш учун муҳим эканини айтиб келади.

Байденга чорловми?
Мутахассислар Шимолий Кореядаги бу қурол намойишини АҚШнинг янги сайланган президенти Жо Байденга қаратилган эканини айтишмоқда. Қаттиқ ва суюқ ёнилғида ҳаракатланувчи баллистик ракеталарнинг устунлиги ва камчиликлари ҳам бор. Уларнинг устунлиги шундаки, стартга тезда тайёр бўлади.

Президент Дональд Трамп 2018 йилда Ким Чен Ин билан Сингапурда учрашганди. Кейинчалик улар яна икки марта учрашишди ва Трамп Ким Чен Инни «яхши йигит» деб атади. Олдинроқ АҚШ президенти Шимолий Корея етакчисини «бомба одам» деб атаганди. Трамп Шимолий Корея ва Жанубий Корея чегарасига бориб, тарихий қўл беришда ҳам қатнашди.

Умуман олганда, АҚШ ва Шимолий Корея ўртасидаги муносабатлар тахмин қилиб бўлмайдиган даражада ўзгарувчан. Баъзан мамлакат етакчилари бир бирларига мулозамат қилишса, баъзан таҳдид қилишдан ҳам тойишмайди. Трамп давридаги қатор учршувларда ядро дастурини тўхтатиш бўйича ҳам, Шимолий Кореядан санкцияларни олиб ташлаш бўйича ҳам келишувга эришилмади.

Маршал кўринмай қолганди
Шимолий Корея аҳолиси маршал деб атовчи Ким Чен Ин 2020 йилда жуда кам кўриниш берди. Охирги ҳафта эса у учун «анча сермазмун ўтди». Партия съезди дунёдаги коронавирус таҳдиди ва АҚШдаги сиёсий воқеалар соясида қолиб кетганига қарамай, Ким Чен Ин унга жиддий эътибор қаратди. У мамлакат оғир иқтисодий ҳолатда қолаётганига қарамай, ҳарбий жиҳатдан ҳамон нималардир қилишга қодир эканини Шимолий Корея фуқароларига кўрсатишни муҳим деб ҳисоблади. Шу сабабли қатор баллистик ракеталар намойиши ўтказилди.

Бу ҳаракатлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, Шимолий Корея ҳамон дунёдан ёпилган ҳолда яшашда давом этмоқчи ва ядро дастуридан воз кечиб, эвазига санкциялардан қутулишга интилмаяпти. Барака Обама ҳукуматни Трампга топшираётганда Шимолий Корея унинг хавфсизлик борасидаги асосий мақсади бўлиши кераклигини айтганди. Бироқ 4 йил ичида Трамп тарихий учрашувлардан бошқа ҳеч нимага эриша олмади. Хўш, Байден бу борада нималар қила оларкин?

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Шимолий Корея янги сув ости ракетасини намойиш қилди. Бу Байден учун чақирувми?