22:55 / 13.06.2021
1 086

Жефф Безос билан бирга коинотга парвоз қилиш учун чипта 28 млн долларга сотилди

Жефф Безос билан бирга коинотга парвоз қилиш учун чипта 28 млн долларга сотилди

Фото: AP Photo
Amazon асосчиси Жефф Безосга тегишли Blue Origin космик компанияси Безос ва унинг укаси Маркни коинотга олиб чиқадиган New Shepard космик кемасидаги ўринлардан бирини кимошди савдосига қўйди. Бу ҳақда компаниянинг Twitter’ига таяниб, «РБК» хабар берди.

Компания хабарига кўра, кема чиптаси 28 миллион долларга сотиб олинган, ғолибнинг исми яқин ҳафталарда эълон қилинади. Шунингдек, Blue Origin экипажнинг тўртинчи, яъни сўнгги аъзоси ким бўлишини тез орада маълум бўлади.
Blue Origin маълумотларига кўра, New Shepard бортидаги ўрин учун кимошди савдоси май ойида бошланган ва унда 159 мамлакатдан, тахминан, 7,6 минг киши қатнашган.

Коинотга парвоз 20 июль куни New Shepard космик кемасида амалга оширилади. Безос укаси билан бирга космосга чиқиш қарорини эълон қилар экан, бўлғуси саёҳатни «энг яқин дўсти билан амалга ошириладиган энг катта саргузашт» деб атаб, буни бутун умр орзу қилганини қўшимча қилган эди.

Безосга тегишли Blue Origin компанияси 2018 йилда космик сайёҳлар учун йўловчи капсуласининг ички қисми прототипини намойиш қилган. Кабина олти кишига мўлжалланган бўлиб, ўриндиқлар парвоз параметрларини кузатиш учун монитор ва тўртта иллюминатор билан жиҳозланган.

Май ойи бошида Жефф Безос космик кема учун чипталар сотуви бошланганини эълон қилганди. Blue Origin компанияси 20 июнь куни амалга ошириладиган парвоз учун битта чиптани онлайн аукционга қўйишини маълум қилди. Парвоз вақтида аукцион ғолиби ва бошқа космик сайёҳлар New Shepard кемасида Ердан 100 километр баландликка кўтарилади. Reuters’нинг ёзишича, парвоз иштирокчилари бир неча дақиқа давомида вазнсизлик ҳолатини ҳис қилади ва сайёрамизнинг эгрилигини томоша қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Жефф Безос билан бирга коинотга парвоз қилиш учун чипта 28 млн долларга сотилди