date

Диогу Жота билан видолашув: футбол дунёси Гондомарда мотам тутиб йиғилди

Диогу Жота билан видолашув: футбол дунёси Гондомарда мотам тутиб йиғилди
Англия ва Португалия футболини қайғуга солган мусибат — “Ливерпуль” ва миллий терма жамоа ҳужумчиси Диогу Жота ҳамда унинг укаси Андре Тейшейра да Силва ҳалок бўлишди. ЙТҲ туфайли Жотанинг автомобили шинаси ёрилиб, йўлдан чиқиб кетган ва ёнғин келиб чиққан. Бу фожеавий воқеа бутун футбол ҳамжамиятини ларзага солди.

Бугун, футбол олами Гондомар шаҳрида Диогу ва унинг укаси билан хайрлашди. Бир соат давом этган дафн маросимида Жотанинг оила аъзолари, дўстлари, жамоадошлари, мураббийлари ва кўплаб машҳур футболчилар тўпланишди. Виржил ван Дейк, Эндрю Робертсон, Жордан Хендерсон, Фабиньо, Тиаго Алкантара, Руй Патрисиу, Бернарду Силва, Бруно Фернандеш, Жоау Феликс, Жозе Фонте ва бошқалар маросимда иштирок этди.

Жотанинг дафн маросимига айниқса “Пенафиэл” жамоаси тўлиқ таркибда, ундан ташқари Жоау Канселу ва Рубен Невеш клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этишгани учун АҚШдан тўғридан-тўғри келишди. Мураббийлар ва функционерлардан Арне Слот, Фернанду Сантуш, Нуну Эшпириту Санту, Роберто Мартинес ва Андре Виллаш-Боаш ҳам Гондомарга ташриф буюришди.

Хотира маросимида ван Дейк Жота учун 20-рақамли гулчамбарни, Робертсон эса Андре Силва учун 30-рақамли гулчамбарни олиб борди. Энг таъсирли дақиқалардан бири — Диогу Жотанинг тобутини кўтарган яқин дўсти Рубен Невешнинг ҳолати бўлди.

Бу дафн маросими нафақат Португалия, балки бутун Европа футбол ҳамжамияти учун мотамли кун бўлди. Мухлислар, жамоадошлар ва футбол арбоблари Диогу Жота хотираси ва унинг ҳаётида қолдирган изларини ҳурмат билан ёдга олишди. Мазкур фожеа футбол дунёсида инсонийлик, дўстлик ва бирдамлик қийматларини яна бир бор намоён этди.

Zamin.uz жамоаси Диогу Жота ва унинг укаси хотирасига эҳтиром билан қарайди ва барча яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Диогу Жота билан видолашув: футбол дунёси Гондомарда мотам тутиб йиғилди