20:04 / 26.07.2021
2 403

АҚШ коинотга парвоз қилган миллиардерлар Бренсон ва Безосни астронавт деб тан олмади


Фото: Blue Origin
Коинотга парвоз қилган миллиардерлар Ричард Бренсон ва Жефф Безос АҚШда ҳали астронавт сифатида тан олинмади. Бу ҳақда NewScientist нашри хабар берди.

АҚШ Фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси (FАА) астронавт унвонини бериш ҳамда «Астронавт қанотлари» кўкрак нишонини олиш мезонларига аниқлик киритди, у АҚШда тижорий космик миссиялар иштирокчиларига берилади.

FАА тижорий космик парвоз иштирокчилари учун нишон беришни бошлаган 2004 йилдан буён биринчи марта мезонларга ўзгартириш киритилди. Янги қоидалар Amazon асосчиси ва дунёдаги энг бой одам Жефф Безос New Shepard кемасида коинотга учган куни қўшилган.
Тижорий астронавтлар унвонига сазовор бўлиш учун космик саёҳатчилар Ер сатҳидан 80 километр баландликка кўтарилиши керак, бу шартни Безос ҳам, Бренсон ҳам бажарган.

Бироқ, агентликнинг таъкидлашича, баландликдан ташқари, бўлажак астронавтлардан «парвоз чоғида жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган ёки инсониятнинг коинотга парвозлари хавфсизлигига ҳисса қўшган ҳаракатларни намойиш қилиши» ҳам керак бўлган.

Айнан қайси ҳаракатлар ушбу талабга жавоб беришини FАА расмийларининг ўзлари белгилайди, шу тариқа агентлик кимни астронавт деб тан олишни мустақил равишда ҳал қилади. «Астронавт қанотлари»ни олишни истаганлар ариза билан мурожаат қилиши керак. Бироқ FАА расмийлари ҳозирда бирорта ариза кўриб чиқилмаётганини таъкидлади.

Нашрнинг таъкидлашича, АҚШда учта муассаса астронавт унвонини бериши мумкин: FАА, NASA ва Қуролли кучлар. Парвоздан кейин Безос ва Бренсон тақиб олган «Астронавт қанотлари» нишони уларнинг ўз компаниялари томонидан тайёрланган эди.

Шунга қарамай, миллиардерлар ва келажакдаги барча тижорий космик парвоз иштирокчилари астронавт деб тан олинишга умид қилмоқда. Янги буйруқда таъкидланишича, фахрий мукофотлар улар кўрсатган хизматларга яраша FАА маъмури ёрдамчисининг қарорига биноан берилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 20 июль куни Жефф Безос коинотда бўлиб қайтди. Бортида Безос ва яна уч нафар одам бўлган New Shepard ҳаво кемаси космосга чиқиб муваффақиятли қўнишни амалга оширди. New Shepard капсуласи космодромдан учгач, тахминан 350 минг фунт масофани босиб ўтди, Ер атмосферасини фазодан ажратиб турувчи Кармана чизиғидан (Ердан 100 километр узоқликда) ўзган ҳолда коинотга чиқди. Парвоз тахминан 11 дақиқа давом этган.

Британиялик миллиардер, Virgin Galactic компанияси асосчиси Ричард Бренсон эса 11 июль куни VSS Unity суборбитал ракетопланида коинотга муваффақиятли парвозни амалга ошириб, космик туризм даврини бошлаб берганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ коинотга парвоз қилган миллиардерлар Бренсон ва Безосни астронавт деб тан олмади