date

Rashid Xoliqov, the "most expensive" wedding singer in Tashkent, turns 53

Rashid Xoliqov, the

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибларидан бири Рашид Холиқов 28 апрель куни 53 ёшни қарши олди. Ўзбек шоу-бизнесининг етакчи ижрочиларидан бири ҳисобланган хонанданинг оиласи дастлаб унинг санъат йўлини танлашини истамаган, ижодий фаолиятини бошлаганида эса яқинлари унга паст назар билан қараган. Бугунги кунда 4 фарзанднинг отаси, бир неча набираларнинг бобоси бўлган санъаткорнинг таваллуд куни муносабати билан унинг ҳаёти ва ижодига назар ташлаймиз.

“Отам муҳандис, онам ошпаз эди”

Кўпчилик уни бадавлат оила фарзанди деб ҳисоблайди. Аслида эса отаси оддий муҳандис, онаси боғчада ошпаз бўлиб ишлаган. Болалик йилларида оила моддий қийинчиликларни бошдан кечирган.

— Дадам каноп ип ишлаб чиқариш цехида муҳандис бўлиб ишлаган. У пайтларда маош кам бўлган, рўзғоримиз ҳам шунга яраша эди. Онамнинг биргина жемпери бўлиб, унинг енглари ямоқ эди. У ҳам бошқалар каби шуба ва тақинчоқлар орзу қиларди, аммо имкони бўлмаган, дейди хонанда.

“Онам татар миллатига мансуб эди”

Хонанда Тошкентнинг Чорсу даҳасида таваллуд топган. Ота-онаси беш нафар фарзандни тарбиялаган, бироқ улардан бири вафот этгач, Рашид Холиқов оиланинг кенжасига айланган. Унинг онаси татар миллатига мансуб бўлган.

— Дадам анъанавий ўзбек оиласида ўсган бўлса-да, турли миллат вакиллари билан ишлагани учун фикрлаш тарзи замонавий эди. Онам билан қандай танишганини аниқ билмайман, аммо у келин бўлиб тушганида ўзбек тилини яхши билмаганини эшитганман. Қозон шаҳрида яшаган ва қандайдир сабаб билан отам билан танишган. Шундай бўлса-да, онам ўзбек келинларидан кам эмасди. “Яхши бола бўлинглар, акс ҳолда отангизнинг юзи ерга қарайди”, деб кўп таъкидларди, дейди хонанда.

“Онамга мендан воз кечишни маслаҳат беришган”

Рашид Холиқов онасининг тўртинчи фарзанди бўлган. Шифокорлар ҳомила она саломатлигига хавф солишини айтиб, уни тўхтатишни тавсия қилган.

— Онам поликлиникадан йиғлаб қайтганида бир аёл “Қорнингиздаги бола машҳур бўлади”, деган экан. Шундай бўлиб, туғилишим онамга зарар етказмади, дейди хонанда.

“Ҳали кўрасиз, танилиб кетаман…”

Оиласида санъаткорлар бўлмаган, аммо отаси ва яқинлари мусиқага қизиққан. Шунга қарамай, унинг санъатга киришига қарши бўлишган.

— 1987 йилдан ансамбль тузиб, тўйларда чиқиш қила бошладик. Маҳалладошлар эса бизга ишонишмасди. Бир куни қўшни тўйига чақирмаганида “Ҳали танилиб кетаман”, дегандим, дейди хонанда.

“Қайнонамнинг дарвозасини тепиб чиқиб кетганман”

Хонанда турмуш ўртоғи Саида билан тўйда танишган. Уларнинг муносабати кейинчалик оилага айланган.

— Илк учрашувимиздан кейин онаси мени қаттиқ сўзлар билан кутиб олган. Ғуруримга тегиб, кетиб қолганман. Кейин яна гул билан бориб, оқ фотиҳа олганман, дейди у.

Оғир касаллик ва қайта тикланиш

2013 йилда Бали оролига саёҳат вақтида ҳашарот чақиши сабаб жиддий касалликка дуч келган.

— Бир неча ой ётдим, ҳатто оёқни кесиш ҳақида ҳам гап бўлган. Кейин Германиялик шифокорлар ёрдами билан соғайдим, дейди хонанда.

Оила ва бугунги ҳаёт

Хонанданинг тўрт фарзанди бор. Ўғиллари Санжар ва Ислом оила қурган. Санжар бир вақтлар санъатга қизиққан бўлса-да, кейин бизнесни танлаган.

Рашид Холиқов келинларини қадрлайдиган инсон сифатида танилган. Илк бор бобо бўлганида рафиқаси ва келинига қимматбаҳо автомобиллар совға қилган.

Бугунги кунда у Тошкентдаги тўйларда тахминан 1300 доллар, корпоратив тадбирларда эса 2500–3500 доллар эвазига чиқиш қилиб, мухлисларини хушнуд этиб келмоқда.

Ctrl
Enter
Found a mistake?
Select the phrase and press Ctrl+Enter
Information
Users of Guest are not allowed to comment this publication.
News » Culture » Rashid Xoliqov, the "most expensive" wedding singer in Tashkent, turns 53