Касалхонага бойвачча қизини кўтариб кирди. Ҳар тугул дўхтирлар ҳали кетмаган экан. Мажолсизланиб қолган қиз энди войвойламас, нуқул инқилларди. Унинг бундай аҳволга тушгани сабабини отасидан эшитиб, аввал укол қилишди, сўнг зудлик билан муолажаларга киришишди.
Пешонасида кўрар куни бор экан, озроқ кечикканда бойвачча суюкли қизидан айрилиши тайин эди. У Нилуфарнинг омон қолганини эшитгач бўшашиб кетиб, боши айланиб ерга ўтириб қолди. Врачлар энди унга ёрдам кўрсатишиб, укол қилишди. Бойвачча бироз ўзига келиб, йўлакдаги столга бошини кафтлари орасига олганча ўтирди. У унсиз йиғларди. Кўзёши сел бўлиб оқар, бироқ овози чиқмасди. “Худога бир қилиғим ёқибди, — деди у ўзига-ўзи пичирлаб, — қизимни қайтариб берди”. Бироқ бу лаҳзада машина билан уриб юбораёзган кампирнинг дуоси унинг хаёлига келмади.
Орадан ярим соатча ўтди, дўхтирлар қизнинг соғайиб кетишига ишонч ҳосил қилишгач, Халил бойваччани чақиришди.
— Қизингиз заҳарланган, — деди ўзини бош врач деб таништирган барваста, қошлари қалин, овози йўғон дўхтир, — Нимаданлигини билолмадик. Лекин заҳарлангани аниқ.
— Ким заҳарлайди? — деди кўзи косасидан чиққудай бўлиб бойвачча.
— Бунисини энди сиздан сўраймиз, ака.
— Нега заҳарлайди?
— Айтдим-ку, буёғи бизга қоронғи. Билганимиз шу — қизингиз заҳарланган. Ким заҳарлаган, нега заҳарлаган, унисини билолмаймиз. Нимадан заҳарлангани ҳам ҳали аниқ эмас. Заҳарлайдиган модда қорнидан чиқмади. Балки ачиб қолган овқатдандир…
Бойвачча лол қолди. Нилуфар яхшигина пазанда, ачиган-ачимаган овқатнинг фарқига боради, ўзини ўзи заҳарламагани аниқ. Лекин ким бу ишни қилди? Кимнинг ҳадди сиғди бундай қилишга? Отани шу савол қийнарди.
* * *
Гули Лазокатга опасидан қутулишнинг энг содда ва айни пайтда жуда қулай йўлини яхшилаб тушунтирди. Сўнг анча вақтдан бери ишлатилмай ачиб қолган помидор ачитқисидан ҳам берди. У Лазокатга Нилуфарни гумдон қилишни шунчалик батафсил ва ишонарли қилиб тушунтирдики, қизнинг кўзи ўт бўлиб ёнди. Гули унинг қўлига пичоқ бериб: “Бор, қорнига тиқиб ол”, деса, у иккиланмай бажаришга тайёр эди. Лазокат шу куни дискотекага бормади, ўзича Гулидан пишанг олиб, кучга тўлиб, уйига шошди.
“Эҳ, аҳмоқ, — унинг ортидан масхаралаб кулимсиради Гули, — лаққа тушдинг-а. Шунақа бўлади бировнинг йигитига чанг солишнинг оқибати. Ўшанда пулинг кўплигидан йигитимни тортиб олдинг. Энди мен устингдан маза қилиб куламан. Панжара ортидаги аҳволингни би-ир томоша қилай”.
Уч ойча бурун Лазокат иффатини ўғирлатиб қўйган, бундан биринчи бўлиб хабар топган Гули тутоқиб кетганди: “Нега менинг йигитимга осилиб олдинг?! Унга мен тегмоқчийдим. Ҳаммаёқни расво қилибсан!” чинқирганди у дунёни бузгудай бўлиб. Лазокатга енгилтабиат, сариқ сочли новча Рустам ёқиб қолган эди. Унинг Гули билан қаймоқлашиб юришини ҳам биларди. Лекин ёқиб қолган бўлса нима қилсин? Рустам билан дискотекада рақс тушди, кейин бирга ўтириб бироз ичкиликбозлик қилишди. Йигит уни уйига таклиф қилганида Лазокат ноз қилиб ўтирмади… Тунда иккаласи оила қуришга келишишди. Эрталаб осмондан тушдими, ердан чиқдими — Гули пайдо бўлди-ю, тўполон бошланди. Лазокат ҳам бўш келгани йўқ. У дугонасининг сочига ёпишди. Улар ҳолдан тойгунча юлишиб-юлқишди. Қий-чувдан уйғониб кетган Рустам кўзини бир очиб қаради-да, тескари ўгирилиб уйқусини давом эттираверди. Мадори қуриган қизлар уйнинг икки тарафига ўтириб қолишди. Гули оғзидан оқ ит кириб, қора ит чиққанча сўкина-сўкина чиқиб кетди. Ўшандан буён у Лазокатдан ўчини олишга пайт пойлаб юрарди. Лекин Рустам Лазокатга ҳам вафо қилмади, икки кундан кейин бошқа бир қизга илакишиб кетди.
Дугоналар эса, бир ойча аразлашиб юргач, яна топишиб олишди, бироқ Гулининг юрагида адоват сақланиб қолганди. У арқонни узун ташлаб, қулай фурсатни кутиб юраверди. Лазокатнинг опасидан нолигани унинг учун айни муддао эди.
Ўша куни Нилуфар синглисининг эрта келганидан ҳайрон бўлди. “Овинг юришмадими?” деб чақиб олишга оғиз жуфтлади-ю, унинг кулиб турганини кўриб, ранжитгиси келмади.
— Опажон, — деди Лазокат қийпанглаб, — сизнинг ҳамма гапларингиз тўғри экан. Мен кўп ўйладим. Мени кечиринг, илтимос, ёшлик қилибман. Энди чизган чизиғингиздан чиқмайман.
Нилуфарнинг ўпкаси тўлиб, томоғига бир нарса тиқилгандай бўлди. У кўзида ёш ҳалқаланиб Лазокатни қучоқлаб юзидан ўпди.
— Кечирдингиз-а, опажон? — мулойим кулимсираб сўради сингил.
— Фақат иккинчи бундай қилма. Адам билан ойимни бизларга боғлаб бермаган. Бир кун келиб иккаламиз қоламиз. Сен бахтсиз бўлиб қолсанг мен чидолмайман. Хўпми?
— Хўп… Энди сиз дам олинг, мен овқат қиламан. Айбимни ювишим керак-ку. Тўғрими?
— Ихтиёринг, — дея Нилуфар синглисининг бурнидан чимдиб эркалаб қўйди-да, хонасига кириб кетди.
Лазокат овқатга дугонаси берган помидор ачитқисини солди. Аччиқ-чучукка ҳам ачитқидан бир қошиқ аралаштириб юборди. Кейин опасини чақирди. Нилуфар эса онасини овқатга таклиф қилишни унутмади.
— Опажон, — деди Лазокат Нилуфар ошхонага кириши билан, — шунақанги салат тайёрладимки, оғзингизда эриб кетади. Битта еб кўринг.
— Қани, — Нилуфар санчқига қўл чўзган эди, синглиси чаққон ҳаракат қилиб уни опасининг қўлидан олиб қўйди:
— Ўзим, ўзим, опа-а, оғзингизни очинг-чи, — деди эркаланиб.
Нилуфар кулиб оғзини очди. Синглиси тайёрлаган аччиқ-чучукнинг таъми унга ёқмади, азбаройи Лазокатни ранжитмаслик учун чайнамай ютиб юборди. “Бопладим”, дея ўйлаган Лазокат опасини мажбурлади. Шундан кейин бир коса ёвғонхўрда сузиб берди. Овқатнинг таъми ҳам бошқача эди. “Бунга овқат қилишни ўргатиб қўйишим керак экан”, деган хаёл билан Нилуфар косани яримлатди. Орадан ярим соатча ўтиб, унинг ичи бураб оғрий бошлади. Аввалига ўтиб кетар, деб ўйлади. Лекин оғриқ тобора забтига олиб, кўнгли ҳам айниди. Нилуфар ўрнидан туриб, икки қадам ташлаши билан гурсиллаб йиқилди ва типирчилай бошлади…
Халил бойвачча уйига қайтиб келганида, Лазокат хонасига кириб, эшикни тамбалаб олганди. Унинг аъзойи бадани қалтирар, қилмишини биров билиб қоладигандек юраги гурсиллаб урарди. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолишини истаган бемеҳр сингил ичида опасига ўлим тиларди.
— Нима қилдинг Нилуфарни?! — ўкирди Халил бойвачча дарвозахонада қалтираб турган хотинини кўриб.
— Адаси… Адаси, ишқилиб, қизимиз омонми?! — пичирлади Мўътабархон кўзига ёш олиб.
— Нима қилдинг, деяпман?! — ўшқирди бойвачча муштини дўлайтириб.
— Мен…
Мўътабархон гапини тугатишга улгурмади. Халил бойвачча қулочкашлаб унинг юзига зарб билан тарсаки туширди, хотини чалқанчасига йиқилиб жимиб қолди. Бойвачча уни айёрлик қилаяпти, деган хаёлда тепмоқчи ҳам бўлди. Бироқ хотинининг ётиши ғалати туйилиб, кўнглига хавотир оралади:
— Муки (у аёлини ёшлигида шундай деб чақирар эди), нима бўлди?
Аёл жавоб қилмади, қимирламади ҳам ҳатто. Халил бойваччанинг капалаги учиб кетиб, тиз чўкиб кўкрагига қулоғини тутди. Хотини нафас олмаётгандай туйилди унга.
Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Чарлз III нинг тож кийиши британияликларга 90 млн долларга тушгани маълум бўлди
Россия Буюк Британия дипломатига қарши кескин чора қўллади
Қирғизистонда электрон сигареталар тақиқланмоқда
Украина элчиси: “Россия армияси Одесса ва Николаевни босиб олишига Туркия тўсқинлик қилган”
Буюк ишлар 50 ёшдан кейин...