date

Шиша идиш қопқоғидан келаётган микропластик хавфи аниқланди

Шиша идиш қопқоғидан келаётган микропластик хавфи аниқланди
. Франция озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги томонидан ўтказилган янги тадқиқот натижаларига кўра, металл қопқоқли шиша идишларда сақланадиган ичимликлар кутилмаган тарзда инсон саломатлиги учун хавфли микропластик манбаси экани маълум бўлди. Тадқиқотда пиво, сув, вино ва газли ичимликлар таркибидаги микропластик миқдори ўрганилган ва ҳар бир намунада ушбу моддалар аниқланган. Айнан шиша идишлардаги ичимликларда бу кўрсаткич энг юқори бўлган.

. Франция озиқ-овқат, экология ва меҳнат хавфсизлиги агентлиги олимларининг таъкидлашича, шиша идишлар учун ишлатиладиган метал қопқоқларнинг ташқи қисмларига суртиладиган полиестер асосидаги бўёқ микропластикнинг асосий манбаси ҳисобланади. Бу бўёқ метал қопқоқларга ишлаб чиқариш жараёнида суртилади ва қопқоқлар оммавий равишда қадоқланганидан сўнг, бир-бирига ишқаланиб, бўёқдан микропластик заррачалар ажралиб чиқади. Ичимликка қопқоқ ўрнатилганда, шу кичик бўёқ заррачалари ичимлик таркибига ўтади.

. Тадқиқот муаллифи Александр Деўнинг таъкидлашича, аниқланган микропластик заррачалар қопқоқ ранги ва бўёқ таркиби билан бир хил бўлган. Одатда микропластиклар — бу майда пластик бўлаклари бўлиб, улар ишлаб чиқариш жараёнида ёки катта пластик маҳсулотларнинг парчаланиши натижасида ҳосил бўлади. Улар таркибида 16 000 дан ортиқ турли кимёвий модда, жумладан, БПА, фталат ва ПФАС каби инсон соғлиғига хавфли бирикмалар мавжуд бўлиши мумкин.

. Микропластиклар инсон организмида ҳам топилган, улар асаб тизимига зарар етказиши ва тана тўсиқларидан ўтиб кета олиши аниқланган. Баъзиларининг юрак хуружлари, саратон ва бошқа касалликлар хавфини ошириши мумкин. Олимлар таъкидлашича, овқатланиш микропластик билан заҳарланишнинг асосий йўли ҳисобланади. Чунки сўнгги йилларда кўплаб озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар таркибида микропластиклар мунтазам аниқланмоқда.

. Француз мутахассислари сув, шиша, метал идишларда сақланган ичимликларни ўрганиб чиқдилар. Уларнинг барчасида микропластиклар топилган бўлса-да, айнан шиша идишларда бу кўрсаткич бошқаларга нисбатан 50 баравар юқори бўлган. Бунга шиша идишларнинг метал қопқоқлари ва уларга суртиладиган махсус бўёқ сабаб бўлгани аниқланди. Пластик қопқоқларда эса бундай бўёқ ишлатилмаган.

. Микропластик заррачаларида қопқоқ бўёқи таркиби ва ранги аниқлангани олимларни масалага жиддий эътибор қаратишга ундади. Микроскоп орқали қопқоқлар текширилганда, уларда майда тирналишлар ва чизиқлар борлиги маълум бўлди. Шу тирналишлар натижасида бўёқ заррачалари ичимликка тушади.

. Мутахассислар бу муаммони ҳал этиш йўлини ҳам топишган: ишлаб чиқаришда метал қопқоқларни ювиб, кейин қуритиш орқали микропластикни камайтириш мумкин. Бироқ бу лабораторияда яхши натижа берган бўлса-да, саноат миқёсида амалга оширишда муаммолар бўлиши мумкин.

. Шунингдек, айрим микропластиклар бўёқдан эмас, балки ишлаб чиқариш жараёнидаги бошқа босқич ёки маҳсулотдаги сув орқали ҳам пайдо бўлиши мумкинлиги қайд этилган. Микропластикларнинг аниқ саломатликка таъсири тўлиқ ўрганилмагани сабабли, истеъмолчиларга асосий тавсия — метал қопқоқли ичимликлардан воз кечишдир.

. Александр Део истеъмолчилар бу муаммони уйда бартараф этиши қийинлигини таъкидлади, чунки микропластиклар аллақачон ичимликка тушиб бўлган бўлади. Олимлар назорат ва текширувларни ишлаб чиқариш жараёнининг ўзида кучайтириш кераклигини таъкидлашмоқда. Шунга қарамай, мутахассислар аҳолини асоссиз хавотирга тушмасликка, илмий асосланган ечимларни кутишга чақирмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Шиша идиш қопқоғидан келаётган микропластик хавфи аниқланди