
OpenAI компаниясининг ChatGPT чатботи машҳурлик бўйича янги босқичга кўтарилмоқда — у кунига 2,5 миллиарддан ортиқ сўровни қайта ишлашга улгурмоқда. Бу йиллик ҳисобда тахминан 912,5 миллиард сўровни ташкил этади. Ушбу жадал ўсиш чатботга бўлган талаб қанчалик юқори эканини кўрсатмоқда.
Қизиғи шундаки, ушбу сўровларнинг учдан бир қисми АҚШ фойдаланувчиларига тўғри келади. Яъни, ҳар куни тахминан 330 миллион сўров айнан Қўшма Штатлардан йўлланади.
Ҳозирда ChatGPT жаҳоннинг энг йирик қидирув тизими Google’дан ҳажм жиҳатдан ортда қолмоқда. Google йилига тахминан 5 триллион сўровни қайта ишлайди. Шунга қарамай, OpenAI хизматидан фойдаланувчилар сони жадал ўсмоқда — 2024 йил декабридан 2025 йил мартигача ҳафталик аудитория 300 миллиондан 500 миллионгача кўпайган.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ChatGPT анъанавий қидирув тизимларига жиддий рақобатчига айланмоқда. Аниқ маълумотни тез, тушунарли ва мантиқий тарзда тақдим этиш қобилияти туфайли, фойдаланувчилар уни барча соҳаларда қўллашни афзал кўрмоқда.
ОАВ маълумотларига кўра, OpenAI яқин вақтларда сунъий интеллект билан бирлаштирилган ўз браузерини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу Google билан рақобатни янада кескинлаштириши мумкин. Шу билан бирга, компания автоматик равишда фойдаланувчи вазифаларини бажарувчи “ChatGPT Agent” технологиясини ҳам намойиш этди.
Буларнинг барчаси шундан далолат берадики, ChatGPT нафақат саволларга жавоб берадиган восита, балки интеллектуал ёрдамчига айланиб бормоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг