date

Салқинлик орзуси ёки хатарли таъсир: кондиционер хавфи ҳақида нима билиш керак?

Салқинлик орзуси ёки хатарли таъсир: кондиционер хавфи ҳақида нима билиш керак?
Ёзнинг энг иссиқ кунларида кўпчилик одамлар фақатгина салқин бинода дам олишни афзал кўради, айниқса кондиционер остида. Аммо ушбу қулайлик ортида саломатлик учун кутилмаган хатарлар ҳам бор, деб ёзади health.mail.ru. Кўп йиллик кузатувларга кўра, кондиционерлар орқали тарқаладиган касалликлар орасида легионеллёз алоҳида ўрин тутади.

Легионеллёз — бу ҳаво-чанг ва ҳаво-томчи йўли билан юқадиган оғир юқумли касаллик бўлиб, унинг қўзғатувчиси легионелла бактериясидир. Табиий муҳитда бу бактерия инсон учун деярли зарарсиз, лекин сунъий муҳитда — кондиционер, вентиляция шахталари, бассейн ва жакузи каби ускуналарда кўпайиб, инсон учун ҳақиқий хавф манбаига айланади.

Тиббий маълумотларга кўра, легионеллёз оддий пневмонияга нисбатан анча оғир кечади, кўп ҳолларда бемор нафас етишмовчилиги, ошқозон-ичак тракти, юрак ёки буйракдаги муаммолар билан тўқнаш келади. Касалликнинг оғир шакллари сепсис ва ҳаёт учун хавфли асоратларга олиб келиши мумкин.

Айниқса, иммунитети заиф, чекиш одати бор ёки хавфли ўсма касалликлари бўлган одамлар бу бактерияга нисбатан сезгирроқ. Аниқ статистикага кўра, эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ легионеллёзга чалинган. Айнан шунга кўра, кондиционер тизимидан фойдаланишда эҳтиёт бўлиш зарур.

Таъкидлаш жоиз, ушбу касалликка қарши вакцина мавжуд эмас. Лекин тўғри ташхис қўйилиб, даволаш чоралари ўз вақтида бошланса, аксар беморлар 7–10 кун ичида тўлиқ соғайиб кетади.

Легионеллёзнинг олдини олишнинг энг асосий йўли — кондиционер тизимини мунтазам тозалаш ва фильтрларни ўз вақтида алмаштириб туриш. Шунингдек, узоқ вақт давомида салқин ҳаво оқимида қолмаслик, бинодан ташқарида кўпроқ вақт ўтказиш, иммунитетни мустаҳкамлаш ҳам тавсия этилади.

Хулоса қилиб айтганда, замонавий ҳаёт шароитида кондиционерлар салқинлик ва қулайлик манбаи бўлиб хизмат қилса-да, саломатлик учун хавфлар ҳам мавжуд эканини унутмаслик керак. Тўғри парвариш ва соғлом ҳаёт тарзи орқали ушбу хатарларни енгиб ўтиш мумкин. Жазирамада салқинлик излар эканмиз, саломатликни ҳам устувор ўринга қўяйлик.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Салқинлик орзуси ёки хатарли таъсир: кондиционер хавфи ҳақида нима билиш керак?