10:49 / 17.07.2018
8 615

Қамоқхонада кўрган кечирганларим... (1-қисм)

Қамоқхонада кўрган кечирганларим... (1-қисм)
Онадан туғилибманки, сағирликда яшадим. қариндош-уруғларнинг айтишларича, онам Рисолат буви ва дадам Раҳмон темирчи (Оллоҳ уларни раҳматига олган бўлсин) лар қирқим чиқиб улгурмасданоқ мени кўтариб шаҳарга боришибди. Дадам фарзандли бўлганидан суюниб кетибми, онам иккимизни бир сидирға кийинтиришни ният қилган экан. Афсуски, ниятига етолмабди. Таксида кетаётиб автоҳалокатга учрабмиз. Улар касалхонада вафот этишибди.

Мени Худо асрабди.

Ота-онасиз ҳаёт ҳаётмиди. Ўн саккизга етгунча аммам Сабина опанинг қарамоғида яшадим. Поччам Тилаволди ичувчи одам эди. Кунора маст ҳолда келиб, аммамни, кетидан мени калтакларди. Охири жонимга тегди. Кунларнинг бирида калтакларга чидай олмай, уни белкурак билан туширдим. Поччам ҳушдан кетиб йиқилганди. Бироқ мен ўлдириб қўйдим деб ўйладим-у, уйдан қочиб кетдим…

Шу кўйи қайтмадим. Беркиниб, пусиб Россияга қатнайдиган юк поездига ўтирдим-у… Бошим оққан тарафга жўнадим.

Бундан кейинги ҳаётим эса…
***
Мана, Россиянинг шимолий вилоятларидан бирида яшай бошлаганимга икки йил бўлди. Нолимайман. ҳарқалай, аммамникидагидан кўра яхшироқ яшаяпман десам бўлади. Нина хола деган саксон ёшли ёлғиз кампирникида ижарада тураман. Кундузлари қурилишларга бориб ёлланаман… ҳалол пул топаман. Нина хола жуда меҳрибон. Ижара ҳақини икки-уч кун ўтиб берсам ҳам уришмайди. Аксинча мени тинчлантириб, қўлимга бир коса карам шўрва тутқазишни канда қилмайди…

Бугун дам олишни ният қилгандим. Ташқарида қалин қор, ҳаво совуқ. Уйда ястаниб ётгандан кўра кўчага чиқиб бирор қаҳвахонада ростакамига дам олишга қарор қилдим…

Дарвоқе, бегона юртларда мусофирликда яшашнинг ҳам ўз мушкулотлари бир талай. Агар йигит девқомат, айёрроқ, абжир бўлмас экан, ҳолига вой. Дуч келган ит тишламай ўтмайди. Худога шукр, дадамга тортган эканман. Бўйим икки метрга яқин, қолаверса, бу юртларга келганимдан бери қурилишдаги акахонлардан озми-кўпми муштлашиш сирларини ўзлаштириб олганман. Бир сўз билан айтганда, унча-мунчасига яккама-якка дуч келсам, сўз берадиган аҳмоқ йўқ…

Ҳа-а, чўнтагингда пулинг бўлса, қайси замонда яшамагин, ўзинг хоҳлаганча кайф қилишинг мумкин. Мен ҳам барга кириб бир четда туриб олганча, тўйиб ароқ ичдим. Кетидан русларнинг одатига кўра бир шиша пивони сипқордим.

Кайфим таранг бўлди. Ана энди бемалол уйга бориб Нина холамнинг мазали таомларидан тановул қилсам бўлаверади. Эртага эса яна ишга…

Бардан чиқиб уй томон йўл олдим. Лекин катта йўлни кесиб ўтган ҳам эдимки, оппоқ «Волга»га кўзим тушиб таққа тўхтадим. Тўхтамасликнинг иложи йўқ эди. Уч нафар барзанги машинанинг чап ёнбошида кимнидир калтакларди. Калтакланаётган эркак ҳам паст бўйли, семиздан келган эди. Икки қўли билан бошини беркитиб ғужанак бўлиб олган кўйи бас қилишларини сўраб қичқирарди. Аммо барзангилар ҳадеганда тўхтайдиган эмасга ўхшайди. Раҳмим келдими, негадир қоним қайнаб уларга яқин бордим ва бирининг қўлидан ушлаб қолдим.

— Вей, ўлдириб қўясанлар-ку! — бақирдим мен. — Бўлди-да энди!..

— Тирранча, қоч! — мени итариб юборди барзанги. — Аралашма!..

Шериги ҳам кутилмаганда паст бўйлини калтаклашдан тўхтаб, менга яқин келди.

— Кимсан ўзи?.. — иягимдан тутиб қўлидаги ярим метрча келадиган темирни юзимга тираб сўради у. — Ўлгинг келдими?..

— Катта кетаверма! — бўш келмадим мен ҳам. — Муштлашсанг, менга ўхшаганлар билан муштлаш!..

— Шунақами?.. Мана сенга, ол!..

Темир елкам аралаш келиб тушиши тайин эди. Яхшики ушлаб қолдим ва барзангиларни олдинма-кетин тепа кетдим…

Эҳ, анчадан бери муштлашмагандим. Дош беролмадими, барзангилардан бири қочиб кетди. Азбаройи жаҳлим чиққанидан қочишга улгурмаганини хумордан чиққунча калтакладим…

Билмадим. Нима бўлди ўзи?.. Ҳушимни йиғиб қараганимда, барзанги қимир этмасди…

Хўш, нима қилиш керак?.. Ўлдириб қўйдим-ку! Одам ўлдирдим-ку!..

Кайфим ҳам аллақачон тарқаб кетганди. Жонҳолатда қўлимдаги темирни бир четга улоқтирдим-у, қочишга тутиндим…

Улгурмадим…

Кўз очиб юмгунча милиция машинаси ўқдек учиб келиб йўлимга кўндаланг бўлди…

Мен қўлга тушдим…
***
Турманинг навбатчилик қисми энг даҳшатли жойлардан бири экан. Қўлларимдаги кишанни ечиб машинадан тушганимданоқ, пастда турган ҳарбий кийимлилар елкам аралаш чарм таёқ билан тушириб қолишди. Югурмай иложингиз йўқ. Пастга эгилиб, икки қўлимни орқага қилганча югуриб дарвозадан ичкарига чопдим. Ҳарбийлар мени то ҳовлидан ўтиб, навбатчилик қисмига киргунимча калтаклаб боришди. Фақат эшик ёпилиб, биз шарақлаб очилган темир панжарали эшикдан ўтгачгина бас қилишди.

Ичкари узун йўлакдан иборат эди. Бир ёнида ойнаванд хона. У ерда ҳам аскар ўтирибди.

— Деворга ўгирил, ифлос! — бақирди мени олиб кирганлардан бири бўлмиш ҳарбий. — Қўлларингни кўтариб деворга тира!

Аслида кимлардир менга бақирса, ҳақоратласа, қайсарлигим тутиб айтилган ишнинг аксини қиладиган одатим бор. Аммо бу ерда бўйсунишга мажбур бўлдим. Бўйним аралаш бир-икки бор чарм таёқ келиб тушгач, қўйдай ювош тортиб, буйруқни адо этдим.

Қаердандир пайдо бўлган барваста, юзлари захил майор қисқа-қисқа йўталганча менга яқин келди. Унинг баджаҳл ва шафқатсиз экани шундоқ кўз қарашларидан сезилиб турарди.

— Исми-шарифинг, «урод?» — сўради у мендан.

Гарчи охирги сўзнинг нимани англатишини тушунсам-да, миқ эта олмасдим.

— Мурод Шарипов! — дедим мен ҳам худди у каби совуққонлик билан.

— Туғилган йилинг?

— 1960 йил.

— Сен кимлар билан ўйнашиб қўйганингни биласанми, ифлос?

Жаҳлим чиқиб кетди.

— Мени ҳақорат қилишга ҳаққингиз йўқ! — дедим овозимни ҳийла кўтариб.

— Нима? Ҳали менга ақл ўргатмоқчимисан, ит? Менга-я?.. Ваня!.. Бунинг ақлини киритиб қўй!

Шу заҳоти орқада турган соқчилардан бири қўлидаги чарм таёқ билан елкам аралаш туширди.

— Иҳ!.. — мен букчайганча ўтириб қолдим.

— Ўрнингдан тур! — буюрди майор. — Бундан кейин билиб гапир!.. Тез бунинг бармоқ изларини олинглар!..

Соқчилар турта-турта мени каттакон стол қаршисига олиб боришди-да, ҳар бир бармоғимга қора бўёқ суртиб қоғозга бостиришди.

Тўғриси, бундай нарсаларнинг маънисига етмасдим. Тағин калтак еб қолмаслик учун индамасдан буйруқни адо этдим.

— Буни кейинги хонага олиб кир! — деди майор турма назоратчисига.

Назоратчи буйруқни эшитибоқ мени темир панжаралар орқали навбатдаги хонага олиб кирди. У ерда мени ечинтириб, таъқиқланган буюмлар қидиришди. Чўнтагимдаги пул, ёндиргич, сигаретларгача тортиб олишди.

Қарши сўз айтишга ожиз эдим. Яна чарм таёқ еб қолишдан ўзимни тийиб кийиндим-у, кўрсатилган курсига ўтирдим. Ўтиришим билан олдимни «Мурод Шарипов» деган ёзувли камарсифат бойлагич билан тўсиб бир неча марта суратга олишди. Шунинг билан дастлабки «маросимлар» якун топди ва мен назоратчи ҳамроҳлигида камерага жўнадим.
* * *
— Деворга орқанг билан ўгирил! — буюрди у тепасига «125» рақами ёзилган эшикка етганимиздан сўнг.

Мен итоат билан буйруқни бажардим. У эшикни шарақлатиб очгач, мени ичкарига имлади.

— Етиб келдинг!.. Мана шу ерда энди суд ҳукмини кутиб яшайсан!..

Ичкарига қадам қўярканман, гўёки ҳушини йўқотиб, эндигина ўзини ўнглаган бемор каби титраб кетдим.

Камера унчалик совуқ эмасди. Бироқ деворларини шўр босган, ҳожатхона иси анқирди.

Турма назоратчисини кўргач, камерадаги тўрт маҳбуснинг уч нафари даст ўрнидан туришди-да, ўзларини четга олган бўлишди.

— Янги шерикни қабул қилиб олларинг, ўғри, қотиллар! — заҳархандалик билан кулиб менга ишора қилди назоратчи.

Қўлимдаги кўрпа, ёстиқ ва чойшабни биринчи қаватдаги бўш каравотга қўяётиб аста маҳбусларга назар солдим. Уларнинг бири тепакал, калта енгли футбол майкаси кийган, билаги игнали ёзувларга тўла, ёши элликлардаги эркак. Иккинчиси серсоқол, паст бўйли, қиррабурун. Тахминан ўттиз беш ёшлардаги кавказ йигити. Учинчиси гавдали, хўппасемиз, ўттиз ёшлар оралиғидаги рус йигити ва охиргиси ёши етмишга бориб қолган бир қария бўлиб, каравотда шифтга тикилганча жим ётарди.

Билдимки, бу ердагиларнинг аксарияти руслар.

— Хўш, қайси шамоллар учирди, йигитча? — назоратчи эшикни ёпиб чиқиб кетгач, тепакал маҳбус менга яқин келиб сўроққа тута бошлади.

— Мен шамол учирадиганлардан эмасман. — дедим бўш келмай. — Олиб келишди.

Гапимни эшитиб ҳаммалари бараварига кулиб юборишди.

— Вей, «натуре», намунча осмондан келасан-а?.. — кавказлик маҳбус яқин келиб елкамдан тутди. — Қария сендан тўғриликча сўраяпти.

— Мен ҳам тўғриликчасига айтдим.

Бу гапимдан сўнг тепакал маҳбус чирт этиб бетон полга тупурди.

— Эркак! — деди у афтини бужмайтириб. — Сенинг нима иш қилиб қўйганингни яхши биламиз. Лекин бекор қипсан шу ишни! Ўт билан ўйнашиб қўйибсан.

— Пешонага ёзганини кўравераман. — жавоб қилдим мен наша ҳиди анқиётган маҳбусдан сал ўзимни орқага тортиб.

— Майли, ўзинг биласан. Танишайлик, Тимофей!

— Мурод! — тепакалга қўл чўздим.

— Булар билан ҳам танишиб ол. Анави кавказлигимиз Арсен. ғирт армани. Буниси Матвей. Каллакесарроқ. Қария бўлса, Сергей амаки. Тўхта, Мурод, нега биринчи қаватга жойлашиб олдинг-а?..

Мен ҳайрон бўлиб Тимофейга тик боқдим.

— Нима бўпти? Бўш экан.

— Йўқ, бу сенинг жойинг эмас. Сен иккинчи қаватда ётасан.

— Нимага?

— Намунча олифтагарчилик қилмасанг? — армани сапчиб ўрнидан туриб кетди. — «Братва»ларни қон қақшатганинг учун, билдингми, ифлос?..

— Ким ифлос? — хезланиб арманига яқин бордим мен. — ҳозир…

— Ўзингни бос! — Матвей деганлари шошилмасдан келиб бизни ажратди. — Бу ерда мен буйруқ бераман. Қолганларга қулоқ солма! Ётгинг келибдими, ётавер! Арсен, бор жойингга!

Мени ҳайратда қолдириб, армани ҳам, Тимофей ҳам итоат билан жой-жойларини эгаллашди.

Қария эса ҳамон шифтга термулган кўйи индамай ётарди.
***
Тонг отди. Камерадагилар бир-бир ўринларидан туриб топган-тутганларини стол устига қўйишди.

— Сен ҳам бугун биз билан нонушта қил. — деди Матвей бош қашиб. — ҳарқалай, меҳмонсан. Биз эса меҳмонни хафа қилмаймиз.

— Нега? — сўрадим тушунмай. — Қанақа меҳмон?..

— Кейин билиб оласан… Э, йигит, сен турма нима эканини билмайсан. Бу ерда ҳамиша шафқатсизлик, меҳрсизлик ғалаба қилади. Фақат бир нарсани айтиб қўяй. Ҳеч қачон сотқинлик қилма. Маҳбуслар сотқинларни ёқтиришмайди. Керак бўлса, уларни аёлпарастлардан ҳам пастроқ кўришади…

Барибир ҳеч нарсани тушунмадим. Нонушта деб аталмиш қотган-қутган нонларнинг бир бўлагини олиб оғзимга солган бўлдим. Шу пайт камера эшиги шарақлаб очилиб, аввал ўзим таниган турма назоратчиси, кетидан узун бўйли офицер қўлларида таёқ билан кириб келишди.

— Хўш, шуми тақиқланган буюм асраётган? — сўради назоратчи Матвейга юзланиб.

— Билмасам. — елка қисди Матвей. — Нега мендан сўраяпсан, камандир?..

— Бўпти, қани, ҳамманг йўлакка чиқиб орқанг билан деворга ўгирил! Қўлларингни баланд кўтариб деворга тира!

Ҳамма шоша-пиша ташқарига чиқиб буйруқни сўзсиз адо этди. Назоратчи офицер етакчилигида барча каравотларни ағдар-тўнтар қилаётгани шундоқ эшитилиб турарди.

— Ҳа-а!.. — назоратчи қўлида елим халтачага жойланган ниманидир кўтариб йўлакка чиқди ва менга яқин келиб қўлидагини оғзимга яқинлаштирди. — Хўш, героинни қаердан олдинг?..

— Қ-қанақа героин?.. — бу саволни эшитиб ичим музлаб кетди. — Мен ҳеч қанақанги героинни билмайман!

Бу жавобим туфайли елкам аралаш чарм таёқ келиб тушди ва мен иҳлаганча пастга эгилдим.

— Ҳозир тезкор гуруҳ бошлиғи Вадим Сергеевнинг олдида ҳаммасини айтиб берасан! — деди назоратчи. — Қани, олдимга туш, итдан тарқаган!..

Нимаям қилардим? Индамасдан у кўрсатган томонга қараб юрдим.
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қамоқхонада кўрган кечирганларим... (1-қисм)