Толян икки кун ичида мени яширинча озодликка чиқаришга ваъда берди. Фақат қисқа муддатга. Уч кунгина шаҳарга бориб келарканман, холос. Ўйлаб кўрсам, бу муддат Еленани қидириб топишим учун ҳам етаркан. Эҳ, кошкийди уни бир кўрсам. Бирпасгина жамолини томоша қилиб ўтиришга-да, рози эдим.
Шундай ширин ўйлар оғушида камерага қайтдим.
Камерадошлар Вася деган пакана, малла аристонни ўраб олганча тек туришарди. Вася курсида ўтириб, кираверишдаги каравотда ётган касалманд, кекса аристонни ўтқазиб қўйиб оппоқ қоғозга унинг суратини чизарди.
Дарвоқе, Вася чўнтаккесарлик қилгани учун етти йилга қамалган. Ўзи турмага яқиндагина келган. Аммо тез кунда ҳамма билан тил топишиб кетди. Фақат маҳмадоналиги менга ёқмагани сабабли тез-тез камерани тозалашга, ярим тунгача оёқларимни уқалашга мажбур қилардим.
Мен ҳам бошқалар қаторига туриб унинг ишини кузата бошладим. Ҳақиқатан Вася суратни боплаб чизар экан. Қариянинг ҳар бир жиҳати қоғозда худди ўзидагидек акс этди. Вася ишини тугатгани ҳамоно аристонлар бараварига қарсак чалиб уни олқишлай кетишди.
Мени яна ўтмиш хотираларим шамоли қаерларгадир олиб кетди… Ҳа, мен ҳам бир вақтлар машҳур одам бўлишни орзу қилардим. Ким бўлишимни фаҳмлай олмасдим-у, аммо ҳамма мени олқишлашини хоҳлардим. Афсус… Машҳурлик тугул бирор арзирли ҳунарнинг бошини тута олмадим. Қўлимдан муштлашиш-у, одам ўлдиришдан бўлак ҳеч вақо келмайди. Манави йигитча эса одамнинг ҳаваси келадиган суратларни чиза оларкан. Қизиқ, нега унда чўнтаккесарлик қилди? Сурат чизиб пул топса, тинчгина оиласи даврасида яшайверса бўлмасмиди? Билмадим… Билмадим…
Йигитга қанчалар ҳавас қилмай, тан бермай, сир бой беришга ҳақим йўқ, зўрлигимча қолишга мажбур эдим.
— Айт-чи, рассом, яланғоч аёлнинг суратини чиза оласанми? — сўрадим Васянинг елкасидан босиб.
— Албатта, — деди Вася бош эгиб, — Чиза оламан.
— Унда чиз! — буюрдим унга. — Қани, ҳамманг жой-жойингга бор! Рассомга халал берма!..
Аритонлар итоат билан жой-жойларига тарқалишди. Мен бўлсам, Васянинг иштиёқ билан сурат чизишини кузата бошладим.
Орадан ярим соат ўтиб, ниҳоят Вася қўлимга яланғоч аёл сурати туширилган оппоқ қоғозни тутқазди. Ажабо!.. Бу сурат аёл эмас, балки бир малакнинг ўзи эди!
— Қара, — тепамга биринчи бўлиб келган мишиқига суратни кўрсатдим, — Рассом фариштанинг суратини қоғозга туширибди. Тўғрими-йўқми?..
— Ҳ-ҳа… Гапинг тўғри, Бургут! — оҳ тортди Мишиқи. — Бу суратда чиндан ҳам илоҳий гўзал қиз акс этган!.. Вася, ўзини танийсанми бу қизнинг?
Вася ерга боққанча бош чайқади.
— Ҳа, танийман… У севган қизим эди.
— Нима?.. Тушунмадим, — дедим Васянинг икки елкасидан тутиб.
— Ҳа, шундай, — деди Вася хўрсиниб. — Мен уни фақат севардим, холос.
— Уни шунчалик севган экансан, нега уйланиб қўя қолмадинг?
— Истамади… Менга ўхшаган ўғрига тегишдан ор қилармиш.
— Ўзи шунақа дедими?
— Ҳа.
Бу гапларни эшитгач, Васяни маҳкам қучиб олдим.
— Сен хафа бўлма, — дедим унинг кал бошини силаб, — Яқинда ўша севган қизингнинг васлига етасан. Мен сенга ваъда бераман.
— Албатта! — бараварига қичқиришди аристонлар.
* * *
Толян айтган сўзида турди. Орадан икки кун ўтмай у тақдим этган ҳужжат ва пулларни қўлимга олиб, турманинг оғир дарвозасидан катта кўчага чиқдим. Шубҳасиз, мени кузатиб чиққан хомсемиз назоратчи ҳам улушини олган. Шу сабабли остона ҳатлаб ташқарига чиққанимданоқ у атрофни тез кузатиб олди-да, дарвозани ичкаридан ёпди.
Шу тобда хавф таъқиб этиши муқаррарлигини, бу ерда узоқ туриб қолиш умуман мумкин эмаслигини билсам-да, негадир нари кетишга шошилмадим. Озодликнинг мусаффо ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олдим. Тиззага етиб қолаёзган оппоқ қордан бир ҳовучини олиб юз-кўзларимга ишқаладим. Қандай тотли бу онлар! Бу ҳаяжонмиди, қувончмиди, идрок этмасдим! Нуқул йиғлагим, овозим борича дод солгим келарди. Лекин тез орада ўзимни тутиб, бир-икки бош силкиб олдим-да, йўл томон кетдим.
Турмадан унча кўп узоқлашмай туриб қора «Волга»га дуч келдим. Бу машина Толянга тегишли. У мени кутиб турибди. Кавказлик узун бўйли мўйловдор ҳайдовчи мени кўрди-ю, машинанинг орқа эшигини очди. Ўтирдим. Танишдик. Исми Давид экан.
— Сени, оғайни, ўша Настянинг уйига олиб бориб қўяман-у, кетаман, — деди Давид. — Толян шундай тайинлаган. Мана буни эса олвол. Асқотиб қолади.
У қўлимга тўппонча ва яна бир қора сумка тутқазди. Қуролни биринчи марта қўлимга олишим эди. У ёқ-бу ёғини айлантириб кўрган бўлдим. Очиғи, умрим бино бўлиб бунақа қуролни ушлаб кўрмаганман. Ҳатто, қандай фойдаланишни ҳам билмайман.
— Устидагини ўзингга бир тортсанг, ўқланади, — уқтирди Давид ҳолатимни пайқагандек кулимсираб. — Кейин нишонга тўғрилаб тепкини босасан. Тамом-вассалом! Овоз пасайтиргич сумканинг ичида.
— Очиғини айтсам, — дедим тўппончани ён чўнтагимга жойлаб, — Мен тиғ билан тиллашишга одатланганман.
— Бу сенинг ишинг. Айтганча, Настяни қай йўл билан жазоламоқчисан?
— Бу менинг ишим, — жавоб қилдим қайсарлигим тутиб.
— Ҳа-я, кечир!.. Анави… Сумкада барча керакли асбоб-ускуна бор. Ҳарқалай, сенинг ишингда улар, албатта, асқотади.
Билардим, Давид ҳам мен билан олдиндан ғойибона таништирилган. Кимлигимни, нималарга қодирлигимни яхши билади. Шунинг учун ўзини камтар тутяпти. Акс ҳолда бу каби ўғри, босқинчилар унча-мунчасига сўзини бериб қўядиганлар хилидан эмас…
Елдек учиб бораётган машина ойнасидан ташқаридаги милтиллаган чироқларга, ғиз-ғиз ўтиб турган турнақатор машиналарга беписанд кўз ташлаб олиб, бошимни орқага ташладим. Бир зумда кўзимни уйқу босди.
* * *
Ниҳоят, манзилга етиб бордик. Настя шаҳар четроғидаги тор кўчада яшаркан. Мен аввал баланд деворлар билан ўралган ҳовли атрофини эринмасдан айланиб чиқдим. Кўча тарафдан девор ошиб тушиш қалтисроқ туюлди. Йўлга яқинлиги боис тез-тез машиналар у ёқдан-бу ёққа ғизиллаб ўтиб турибди. Машина чироғи шуъласи деворни ёритганда мени кимлардир пайқаб қолиши мумкин. Шу сабабли ҳовлига томорқа орқали киришга қарор қилдим.
Мендек бўйдор одам учун бу тахлит баланд деворлардан ошиб ўтиш қийинчилик туғдирмайди. Асосийси, ҳовлини итлар қўриқлашмаётган бўлса бас. Борди-ю, шундай бўлган тақдирда…
Шоша-пиша елкамдаги қора сумкани очиб, ичидагиларни фонарча ёруғида текшириб кўра бошладим.
— Ў, мана буни профессионалча иш деса бўлади!
Сумкага латтага ўралган бир неча дона колбаса ва гўшт бўлаги солинган экан. Ахир, бекорга солинмаган, аввалдан эҳтиёт чоралари кўрилган. Демак, ҳеч нарсадан хавотирланмасам ҳам бўлади. Сумкани қайтадан елкамга илиб, фонарни чўнтакка урдим ва бир сакраб девордан ҳовлига ошиб тушдим.
Хайрият, жимжитлик экан. Оёқ учида юриб бориб ҳовлига кирдим. Икки қаватли оддийгина уй. Юқори қаватнинг ўнгдаги хонасида чироқ ўчирилмаган. Ҳа-а, бундан чиқди, уй эгаси ўша ерда! Фақат уни чўчитиб юбормасдан секин ҳаракат қилишим лозим, акс ҳолда иш бузилади.
Эҳтиёткорлик билан мармар зиналардан юқорига кўтарилиб, керакли эшик олдида тўхтадим-да, уни секингина итариб кўрдим. Ичкаридан қулфланган экан. Ойна остидан ичкарига қулоқ тутдим. Сукунат.
Ҳаммаси жойида эканига амин бўлгач, сумкадан қулф бузишда ишлатиладиган асбобни олиб қулфга солдим ва бир-икки пастга, юқорига кўтарган бўлдим. Қулф бузилди. Чўнтагимдаги тўппончани қўлимга олиб, сумкадаги овоз пасайтиргични учига маҳкамладим-у, остона ҳатлаб йўлакка ўтдим.
Ана шунда хоналарнинг биридан кимнингдир товуши эшитилди.
— Ким? Витя, сенмисан?..
Кўз очиб юмгунча рўпарамда тунги ялтироқ халатга ўранган, келишган, сочлари қорага бўялган, мовий кўз, ёши чамаси ўттиз бешлардаги аёл пайдо бўлди ва қўлида тўппонча тутган эркакни кўрди-ю, жонҳолатда ўзини орқага олди.
— Қўрқма, соҳибжамол! — шивирладим тобора унга яқинлашиш асносида. — Мен сенинг бахтингман, эшитяпсанми? Сени пули кўп, бақувват жазманга зор экан деб эшитиб, тўппа-тўғри уйингга келавердим. Сўроқсиз уйинга кирганим учун, албатта, узр сўрайман!..
— Кет!.. Кимсан? Кет!.. Ҳозир милиция…
Эпчиллик билан Настяни қучоқлаб кафтим билан оғзини ёпдим.
— Ўзинг ҳам жа… кетворган экансан, — давом этдим. — Милицияни безовта қилишнинг нима зарурати бор? Кел, ундан кўра, кайф-сафо қиламиз.
— Сизга нима керак!.. — йиғлай бошлади аёл. — П-пул керак бўлса ана шкафда турибди. Фақат менга тегманг!
— Шунақами? Пулинг шунчалик кўпми?..
Уни икки елкасидан чангаллаб хонага судраб кирдим-да, диванга итқитиб юбордим.
— Кимсиз?! — титрашга ўтди аёл. — Ким юборди сизни бу ерга? Мақсадингиз нима?
Тўппончани чўнтакка уришга шошилмай аёлнинг тепасига яқин бордим.
— Толяндан сенга алангали салом! — дедим Настянинг узун кокилларини бармоқларим билан силаб. — Сени жуда соғинибди. Қадрдонларни бунчалик соғинтириб қўйиш инсофдан эмаслигини айтишимни тайинлаб юборди.
— Ким у Толян? Мен ҳеч қандай Толянни танимайман.
— Йўғ-э! Наҳотки шундай келишган, кўриниши жон олгувчи аёлнинг хотирасидан шикояти бўлса?
Аёл осонликча тилга кирмаслигига кўзим етиб тўппончани унинг томоғига тирадим. Настяни баттар титроқ тутди.
— Хўш, эсладингми? Гапир, соҳибжамол! Тезроқ гапирмасанг, жаҳлим чиқиб, ёмон одамга айланиб қолишим мумкин.
— Унга нима керак экан мендан? — ниҳоят саволимга савол билан жавоб қайтарди Настя.
— Ҳеч нарса. Фақат унинг дўконлардан оладиган икки йиллик улушини ҳозир бериб юборишинг зарур. Қанчалигини ўзинг яхши биласан.
— Ундан қарзим йўқ.
— Э, йў-ўқ!.. — бош чайқадим тўппончани аёлнинг томоғига қаттиқроқ тираб. — Жуда қарзинг бор-да! Сенинг дастингдан Толяннинг улуши камайиб кетган, чунки сен уни ментларга сотиб қўйгансан. Натижада одамлари ҳибсда ётибди!
— Бақирмасдан тўппончангни ол! — деди Настя қўлимни нари суриб. — Барибир шу тобда унча пулни топиб бера олмайман.
— Топасан! — дағдаға қилдим аёлга. — Жон керак бўлса, албатта, топасан. Сенга бор-йўғи беш дақиқа муҳлат! Шу вақт ичида Толянга айтган пулни бермасанг, кейин ўзингдан ўпкала! Бу иш менга хамирдан қил суғургандай гап.
— Йўқ, й-йўқ!.. — Настя тўппонча тутган билагимга маҳкам ёпишиб, ёлвора бошлади. — Ўлдирма, яхши одам, ўлдирма!
— Қаердан олдинг бу гапни? — унинг қўлини маҳкам сиқдим. Аёл лабини маҳкам тишлади, кўзлари катта-катта очилиб, менга жавдиради. Кўрдимки, Настя ҳам бошқа ожизалар каби оғриқни, қийноқларни кўтара олмайди. Демак, ҳар қандай шартни сўзсиз адо этади.
— Яхши одам эмиш… — дея қулоғига пичирладим унинг. — Сен Толяннинг кимлигини билардинг-ку!.. Билиб туриб шу қандни еб юрибсанми?
— Мен қаердан билибман? — йиғи аралаш жавоб берди Настя. — Қамалди, тамом, энди қайтиб чиқмайди деб хаёл қилибман!..
— Мен Толяннинг яқин дўстиман. Агар ҳозироқ у айтган пулни топиб бермасанг, ўлигингни ҳам излаб топа олишмайдиган қилиб кетаман, — аёлни пўписага ола бошладим. — Шундоғам суҳбатимиз чўзилиб кетди. Хўш, маъқулми?
— Мен… Мен ҳозир бунча пулни топиб бера олмайман. Нега ишонмайсан? Ҳамма пулларим банкда туради. Кечаси банк ишламайди-ку!..
— Тез қўнғироқ қил! — буюрдим унга.
— Кимга?
— Буни ўзинг биласан. Лекин узоғи билан бир-бир ярим соат орасида пуллар қўлимда бўлиши керак. Фақат огоҳлантириб қўяй, пул олиб келганларни ичкарига киритмайсан. Дарвоза олдида хайрлашиб қўя қоласан. Катта партия мол келиб қолди, кўтара харид қилмасам бошқа бировга бериб юборишаркан, дейсан. Хуллас, сенга ўргатишнинг кераги йўқ, бу ёғига бир артистлигингни кўрсатиб юборасан, тузукми?
— Хўп, хўп!.. Алоқа қутиси бор. Ўшанинг ичида қолдириб кетишади.
— Қимирла! Эсингда бўлсин, дод солсанг, тамомсан! Менга фарқи йўқ, чунки…
— Тушундим, айтганингиздек қиламан…
Настя назоратим остида кимгадир қўнғироқ қилиб, талаб қилинган пулларни тезда олиб келишини тайинлади. Шундан сўнг дивандаги чойшаблар билан аёлнинг қўл-оёқларини иситкич қувурига маҳкам бойладим-да, бироз хотиржам тортдим.
Тўғриси, шу тобда жуда-жуда очиққан эдим. Аёл қўлбола кишандан халос бўла олмаслигига яна бир карра амин бўлгач, музлаткичдан бирор егулик топиш ниятида ошхонага ўтдим.
Музлаткичда бир шиша ароқ, колбаса бор экан. Ароқдан ичиб, газагига колбаса кавшадим. Ароқ кайфиданми, ё бошқа сабабми, билмадим, беихтиёр ниятим бузилди. Кўз ўнгимда Настянинг ярим очиқ жуссаси, сийналари, қалин, бўёқ ярашиб тушган лаблари гавдаланди. Жонҳолатда қўлимдаги колбасани стол устига ташлаб ўрнимдан турдим-у, залга чиқдим.
Эҳ, айни паллада аъзойи баданим қизиб қоним жунбушга келаётган эди. Икки ҳатлаб залда ҳозир бўлдим.
Настя оғриқ зарбидан бўлса керак, қур-қур иҳлаб қўярди. Сутдек оппоқ бадан соҳибасига суқ аралаш боқарканман унинг иҳлаши ҳам ёқимли туюлиб кетди. Уни «кишан»дан халос этиш ниятида эгилдим. Шу тобда негадир оёқ-қўлларим бўшашиб, қайтадан гавдамни тикладим. Хаёлимда кимдир бизни кузатаётгандек ҳушёр тортиб, орқага тисландим.
— Нима қилмоқчиман ўзим?.. Бировни севиб, бошқаси билан айш қилмоқчиманми ҳали? Тўғри, ваҳшийлашиб бўлганман. Биров билан муштлашаётган онларда ҳатто сесканиб ҳам қўймайман. Аммо… Қалбим ўзимда-ку! Мана, вужудимда потирлаб турибди юрагим!.. Нега потирлаяпти? Ҳаяжонланаяптими? Йўқ, у исён кўтаряпти. Еленанинг хотирасига содиқ эканини яна бир карра исботлаш илинжида потирлаяпти…
Ҳа, бундай йўл тутишга ҳақим йўқ! Икки дақиқалик оромни деб хаёлимдаги фариштамнинг юзига оёқ қўяманми? Эртага унга қай кўз билан боқаман? Нима дейман? Уни ҳам Настяни эркалаганим каби силай-сийпайманми?
Ниятимни сезиб ҳар лаҳзада мен томон бошини буриб жавдираётган Настяга ҳиссиз нигоҳ ташлаб, индамасдан ошхонага қайтдим-да, яна колбаса ковшашда давом этдим. Кейин бошимни муздек ойнага босиш мақсадида ошхона деразасига қараб юрдим. Пардани суриб, бошимни ойнага яқинлаштирарканман кўча бошига овозсиз келиб тўхтаган машинага кўзим тушди. Не кўз билан кўрайки, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ўн чоғли қора ниқоб кийиб, қўлларига автомат ушлаган ҳарбий кийимдаги кишилар ҳовлига кириб, тўрт тарафни ўраб олишди.
— Оббо қанжиғ-эй! — кўз очиб-юмгунча Настянинг тепасида пайдо бўлиб томоғига тўппонча тирадим. — Ҳали сотганмидинг? Мени, Бургутни-я?..
— С-сен нима деб ўйловдинг? — нафрат аралаш боқиб сўз қотди у. — Пулларини индамасдан қўлимга тутқазиб қўяди деб хаёл қилганмидинг? Энди ўзингдан кўр!
— Тез яширин йўлни айт! — гарчи титраётган бўлса-да, атайин тўппончани писанд қилмаётганини пайқаб, чўнтагимдаги узун сопли пичоқ чиқардим. — Тез бўл! Сўяман!
Албатта, аёл тугул, манаман деган эркак ҳам бундай манзарага шунчаки қараб тура олмайди.
Ажали яқин эканини ҳис этиб, Настя ҳам жазавага тушди.
— Пичоғингни ол, ёлвораман! Менга тегма!
— Тез бу ердан чиқиб кетиш йўлини айт! — бу сафар овозим ҳар галгидан ҳам таҳдидли янгради.
— Ётоқдаги деразани оч, юк машинасига кўзинг тушади. Юрагинг бетлаб ҳатласанг, қутулиб қолганинг, бошқа йўл йўқ! — деди хириллаб Настя.
— Мени кечир, ваъда бериб қўйганман, — дедим елкамга сумкани осиб, — Энди уни бажармасам бўлмайди.
Бу гапни эшитиб Настянинг рангида умуман қон қолмади. Ётоққа қараб йўналишдан аввал унинг қулоғига секин пичирладим:
— Мен кетяпман, лекин, албатта, қайтиб келаман. Чунки шу пайтгача сўзидан қайтган йигит эмасман. Толянга беришинг керак бўлган пулни тайёрлаб қўй, шунда сенга ҳеч бир зиён етказмайман.
Шу пайт ташқарида шовқин кучайди. Вақтдан фойдаланиб қолиш учун югурганча ўзимни ётоққа урдим.
(давоми бор)
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади