00:06 / 12.09.2018
6 320

Номаҳрам... (22-қисм)

Номаҳрам... (22-қисм)
Уч қишлоқ нарида жойлашган бу жийдазор не-не мурдаларни кўрмаган. Не-не нолаларни тинглаб безовта чайқалмаган.

Бугун ҳам шу ерга оппоқ «Нексия» келиб тўхтади-ю, ичидан Матназар бошлиқ уч йигит тушиб атрофни зимдан кузатган бўлди. Зоғ учмасди атрофда. Ҳатто, навбатдаги хунрезликни олдиндан сезган каби боягина чирқиллаб шохдан-шохга қўнаётган қушлар ҳам қаерларгадир олисга ғойиб бўлишган. Далалар эса, бўм-бўш. Сувчи яқиндагина яхоблаган шекилли, сувини бирпасда ташналарча эмиб улгурган пайкаллар билч-билч лой…

— Юкхонани оч!.. — йигитлардан бирига буюрди Матназар. — Тезроқ бўлсанг-чи, ошна!.. Бунақа ишларни ими-жимида қилиш лозимлигини биласан-ку!..

Икки йигит машина юкхонасидан оппоқ матога ўралган мурдани суғуриб олишди-да, суви қурий бошлаган ариққа олиб тушишди.

— Тезда болтаминан майдаланглар-у, чуқур қазиб кўминглар!.. — деди Матназар аланглаб. — Беш дақиқа ичида бу ердан даф бўлишимиз керак.

Айтилганидек, орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас, йигитлар қон сачраган қўлларини қумга арта-арта машина ёнига келишди.

— Худо раҳмат қилган бўлсин! — деди Матназар асабий лаб тишлаб. — Гуноҳларимизни Худонинг ўзи кечирсин! Кетдик!..

* * *

Туман жиноят қидирув бўлими бошлиғи подполковник Арслонов бошини чангаллаганча кабинетида ўтирар, кулдондаги сигарет қолдиғи ўз ҳолича тутаб ётарди.

Арслонов бир муддат ўй суриб тургач, телефонга ёпишиб керакли рақамларни терди.

— Алло, Бек ака!.. — деди шошиб гўшакдан таниш овоз эшитилгани ҳамоно. — Ўзингизмисиз?

— Ўзим бўлмай, арвоҳим бўлармиди? — жавоб қилди суҳбатдош. — Нима гап?

— Ака, тағин ЧП бўлибди-ку!..

— Нима бўпти?

— Бир йигитни чавақлаб ариққа кўмиб кетишибди.

— Хўш, менга нима алоқаси бор?

— Гувоҳлар сизнинг йигитларингизга тўнкашяпти.

— Вей, қанақа гувоҳ? Менинг йигитларим майда-чуйда ишлар билан шуғулланмаслигини биласан-ку!

— Тўғри-ку-я… — Арслонов пешонасини тириштириб бирпас сукутга толди. — Аммо… Ўша маҳалда бир кампир сизларга тегишли машинани кўрганмиш. Биласиз-ку, кампирларнинг оғзи шалоқ бўлади!..

— Сен ёп ўша оғизни! Битта кампирни тинчлантиролмасанг, нима қилиб ўтирибсан у ерда?..

— Мен-ку, тинчитаман. Локигин…

— Бўпти, тушундим. Харажатидан хавотир олма. Ҳозироқ етказишади сенга. Фақат тезроқ ишни ёп!.. Гап-сўз кўпайиб юрмасин!

— Хўп, сиз айтасиз-у, биз йўқ дермидик? Харажатни…

— Қўрқма, сени хафа қилмайман.

Бу гапдан сўнг Арслонов бирдан жонланиб, кафтларини бир-бирига ишқалаганча қайтадан телефонга ёпишди…

* * *

Маржона охирги кунларда ўзини қўярга жой тополмасди. Мана, бир ҳафта кутди. Хушвақтдан негадир дарак йўқ. Ҳар галги қўнғироқ қилишлар ҳам бефойда кечяпти. Телефондан «ўчирилган» деган жавобгина эшитилади холос. Отаси эса, «Шунчаки ишдан бўшатдим», деганди. Нимага йўқ бўлиб кетади?.. Ё бирор кор-хол…

Маржона эрта тонгда тўшакка михланиб ётганча шуларни ўйларкан, бирдан ҳушёр тортиб ўрнидан турди.

Йўқ, бу ерда бир гап бор. Зудлик билан отасини қистовга олмаса бўлмайди.

— Дада, ростини айтинг, Хушвақтни нима қилгансиз? — Бек ака шу тобда фавворани ёқиб, юқорига шиддат билан чиқиб-тушаётган сувга тикилганча ўй сурарди. Қизининг саволини эшитди-ю, юзини тескари бурди.

— Нима, соғиниб қолдингми ўша хунасани? — совуқ оҳангда сўради у.

— Соғинганим йўқ. Аммо ҳозир айтасиз нима бўлганини!..

— Унингга балоям ургани йўқ. Юргандир дайдиб.

— Йўқ, алдаяпсиз. Сиз уни…

— Овозингни ўчир!.. — Бек ака Маржонанинг икки юзини чангаллади. — Индамас экан деб бўлар-бўлмасни гапираверма!

— Унда нега индамаяпсиз? Айтинг!..

— Ҳа, ўлдириб юбордим уни! Чунки, у яшашга ҳақли эмас. Мени шарманда қилди, тушундингми?

— Нима?.. Нима учун?.. Дада, сиз… Қотилсиз!..

— Ҳа, қотилман! Хушвақтга ўхшаган ўзбошимчаларни кўрсам, кўзларим қонга тўлади… Энди…

— Унда мениям ўлдиринг!.. Нега қараб турибсиз?..

Бек ака дарвоза тарафдаги соқчилар қараб қўйишганини кўргач, бироз овозини пасайтирган бўлди.

— Сени ўлдирмайман. Сен менинг зурриёдимсан. Бироқ, билиб қўй, мабодо яна менинг раъйимга қарши иш қилсанг, унда сенлигинггаям қараб ўтирмайман.

— Шунақами?.. Яхши… — Маржона тўзғиган сочларини қайтадан турмаклади-да, орқага тисланди. — Мен бу уйда бир дақиқаям турмайман энди. Бошимни оламан-у, узоқ-узоқларга кетаман.

— Кетиб бўпсан!.. Сен яқинда мен айтган йигитга турмушга чиқасан.

— Тегиб бўпман сизнинг каллакесарларингизга!.. Мен ўзимни ахлатхонадан топиб олганим йўқ.

— Тегмай қаёққа борардинг…

Маржона зарда билан хонасига кириб кетгандан сўнг Бек ака Ҳусан акага қўнғироқ қилди.

— Менга қара, шу бугундан бошлаб қизим учун бошингминан жавоб берасан!..

* * *

Бек ака табиатан ишончини оқлаганларни хуш кўрарди. Гарчи ичида ачинган бўлса-да, барибир Матназар буйруқни аъло даражада бажаргани руҳини кўтарди…

Энди қизини унга бериб яна бир шармандаликдан қутулиши, эл-халқ орасида обрўйини сақлаб қолиши лозим эди.

Кўз очиб юмгунча тўй кунини белгилатди. Бироқ бўлғуси келин-куёвларни учрашишга қўймади. Маржона ишни бузиб қўйишидан қўрқди. Тўйдан кейин ҳаммаси жойига тушиб кетади деб ўйлади…

Маржона отасини ҳайрон қолдириб жуда оғир, мулойим кайфиятга тушиб қолганди. Бек ака буни ҳам тўйга, бахтини топгани учун қувонганга йўйиб қўя қолди.

Афсуски, биринчи кечадаёқ бир дунё орзу-ҳаваслар билан чимилдиққа кириб келган Матназарни ёнига ётишга қўймади.

— Сиз менга муносиб эмассиз! — деди у парда ортидан туриб. — Сизам анавиларга ўхшаб каллакесарсиз. Йўқолинг, даҳлизда ётаверинг, сизнинг жойингиз ўша ерда!..

— Жоним, бугундан эътиборан биз эр-хотинмиз. — бундай бўлишини кутмаган Матназар иложи борича қизни юпатишга уринди. — Бирга ётмасак, мусулмончилик талабларини адо этмасак бўлмайди.

— Қанақа талаб?.. Мен ундай талабларни… Аллақачон адо этиб бўлганман.

— Ҳазиллашманг, Маржона!.. Қ-қанақасига адо этасиз, ахир?..

— Э, бунча лақмасиз?.. Боринг!..

— Бормасам-чи? Ҳозир устингизга ўзимни ташласам-чи?..

— Қани, ташлаб кўринг-чи, нима қиларкинман!..

Матназар кутилмаган ҳаракат билан ичкарига кирди-ю, Маржонани маҳкам қучоқлаб олди ва қават-қават кўрпалар устига босиб юз-кўзларидан, оппоқ бўйинларидан эҳтирос билан ўпа бошлади.

Маржона эса, унинг кучли қўллари орасидан чиқиб кетолмас, бетиним инграрди.

Охири йўлини топди. Матназар сал ўзини босиб эндигина иштонига қўл юборган маҳал билагидан тутиб тўхтатди.

— Бир шартим бор. — деди атайин қулоғига шивирлаб.

— Қандай шарт? Айтаверинг, ҳозир эриб турибман!..

— Мени бу ерлардан олиб кетасиз.

— Бу сўзсиз бўладиган иш-ку!

— Кейин… Дадам Хушвақт акамни ўлдиртириб юборган. Буни аниқ биламан.

— Хўш, нима бўпти?

— Ўшанинг ўчини оламиз дадамдан.

— Нима? Дадангизнинг кимлигини биласизми ўзи?

— Биламан. Лекин сизам анойи эмассиз. Қўлингиздан келади. Мен бир жойга жудаям катта пул беркитиб қўйганман. Ўша пулларни сарфлаб дадамга уруш эълон қиласиз. Ўшандагина мен сизга содиқ хотин бўламан.

— Бўпти, розиман. — ўйлаб ўтирмай жавоб қилди Матназар. — Келинг энди!..

— Яна бир нарса.

— Хўш?

— Мен қиз бола эмасман. Ўзимни Хушвақт акамга бағишлаб бўлганман. Ёқмаса, кетишингиз мумкин…

Матназар бу гапдан сўнг худди ток ургандек ўрнидан сапчиб туриб кетди.

Нима қилишни билмай бир муддат гарангсиб турди. Ҳақиқатан, бу ишлардан бехабар эди. Маржонани бокира деб хаёл қилганди. Энди эса…

“Э, ўлиб кетмайдими! — қўл силтаганча кўнглидан ўтказди у елкаси билан хона деворини қаттиқ турткилаб. — Бўлар иш бўлди. Менинг бахтим қачон бутун бўлгандики, бугун унга эришсам!.. Таваккал. Яна бир қопқонга тушдимми, чидашга мажбурман!..

* * *

Тўполон билан тўйдан кейинги икир-чикирлар ҳам ўтди. Бек ака келин-куёвларга шаҳар ташқарисидан ҳашаматли бир ҳовлини олиб бериб кўнгли анча тинчланди. Яна одатий ишлари билан банд бўлди. Эрта тонгда ҳар куни ўрнидан туриб ярим соат фавворага тикилиб ўй суришни қайтадан бошлади.

Шанба куни эди. Қиш кириб ҳаво сезиларли даражада совиганига қарамай, одатига кўра фавворани ёқди. Сувнинг муздек шабадаси ташқаридаги совуққа қўшилиб этларини қанча жунжиктирмасин, аввал ҳўл сочиқ билан баданларини яхшилаб артди-да, сўнгра эгнига кўйлагини илиб хаёлга берилди. Марҳума хотинини ўйлади. Ўтган ота-онасини кўз олдига келтирди.

Шу пайт дарвоза очилиб йигитлар ўзига жуда таниш бўлган қарияни етаклаб кириб қолишди. У Ботир дўкондор эди.

Бек ака ҳассага таянганча секин-секин ўзи томон юриб келаётган қарияга зимдан тикилиб қаради. Илгариги гурсиллаб-гурсиллаб юришлари қолмабди. Ёшига қўшилиб ичкилик ҳам уни ҳолдан тойдирибди. Бундан беш йиллар аввал қаддини тик тутиб юрарди. Эгилиб қолибди…

Ботир дўкондор яқин келиб эшитилар-эшитилмас салом берди.

— Ассалому алайкум, Бек!..

— Ваалайкум… Хўш, қария, ҳеч бизнинг тарафларга йўлингиз тушмасди, тинчликми?

Ботир дўкондор йиғлабди шекилли, қўлидаги чит рўмолга кўз ёшларини артиб олди-да, бошини эгди.

— Сизнинг ҳузурингизга арз билан келдим, Бек!

— Арзлари қутлуғ бўлсин! — ҳазиллашган бўлди Бек ака ва яна жиддийлашди. — Хўш, яна нима арз экан?

— Ўзингизга маълум, қизим ўлгандан кейин аҳволим анча танглашиб қолди. Устига устак бурноғи йили кампирим ҳам ўлиб берди. Тирикчиликниям, уйқуниям мазаси қочди.

— Хўш, мен нима қилиб берай?

— Шу десангиз…

— Э, чайналмасдан гапирсангиз-чи!..

Ботир дўкондор кутилмаган дўқдан қаттиқ сесканиб, шоша-пиша мақсадга ўтди.

— Дўконимни қайтариб берсангиз девдим.

— Дўкон? Қанақа дўкон?..

— Ўша… Қишлоқ гузаридаги дўконни-да!

— Ҳа-а, анави алмисоқдан қолган дўконми? Уни кўрдингизми ўзи? Биз катта супермаркет қурганмиз-ку ўрнига!

— Биламан… Лекин шундоғам сизнинг давлатингиз зиёда. Биз бечораларга ўшани қайтариб берсангиз, камайиб қолмас…

— Овозингни ўчир!.. — дўкондорни қайириб ташлади Бек ака. — Қачондан бери бечора бўп қолдинг-а?.. Куёвингга қанча азоб бердинг. Қизингни бошига етдинг. Ундаям биз сени қамоқдан олиб қолдик. Бир тийин талаб қилдикми? Йўқ. Энди ўзингни бечора кўрсатяпсанми?.. Бор, бир пайтлар Матназар ўтирган йўл четига бориб тиланчилик қил! Йигитларимиз ўтган-кетганда садақа бериб туришади. Беш-ўн сўм пулни сендан аяшмас…

— Бек, сизни шунчалик хасис деб ўйламагандим.

— Хасис? — Бек ака дўкондорнинг ёқасидан бўғиб ўзига қаратди. — Ким хасис?.. Сенга ўн йилдан кам беришмасди. Ўша турмада чириб кетардинг аллақачон. Мен қутқариб қолиб бир тийин сўрадимми? Кўрнамак эдинг, шундайлигингча қолибсан. Бегимқул!..

Дарвоза ортида турган йигитлардан бири чопиб кириб Бек аканинг рўпарасида ҳозир бўлди.

— Лаббай!

— Манави қарияни олгин-да, уйигача кузатиб қўй! Йўлда ошхонага опкириб қорнини тўйдиргин! Очликдан силласи қурибди бунинг!

— Хўп бўлади!..

Соқчи дўкондорни эҳтиёткорлик билан етаклаб ташқарига олиб чиқиб кетди…
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Номаҳрам... (22-қисм)