Кундузги қисқа ва тез давом этадиган мизғиб олишдан сўнг баъзи одамларда нохуш ҳолатлар кузатилади: бош оғриғи, кўнгил айниши ёки бош айланиши. Бундай пайтда инсон кўпинча бу ҳолатни грипп, овқатдан заҳарланиш ёки бошқа сабаблар билан боғлайди. Аслида эса, кўпчилик одам ухлаб қолганини ўзлари сезмайди, лекин натижада ўзини чарчаган ва ноқулай ҳис қилади. Нима учун мизғиб олиш одатда кўпчиликка тетиклик бағишласа-да, айримлар учун кутилмаган ва баъзан асабий ҳолатларга олиб келади? Шу саволга жавоб қидирамиз.
“Қисқа мизғиб олишдан кейин юзага келадиган бош айланиши, бошда оғирлик ва кўнгил айниш каби ҳолатлар жуда кенг тарқалган. Бунинг асосий сабаби уйқу инерцияси — инсон тўлиқ уйқу циклларини тугатмай туриб уйғонганда пайдо бўладиган ҳолат”, - дейди Шифокор Ваиз Васей.
Уйқу цикллари тахминан 90 дақиқа давом этади ва одатда инсон кечаси 3-4 циклдан ўтади. Лекин кам ухлаган ёки қисқа мизғиб олган одамлар бу циклни якунламасдан уйғонади ва натижада бош айланиши, чалғиш ва бироз ноқулайлик ҳис қилиши мумкин.
Кўпчилик учун бу ҳолат енгил ўтиб кетади, одатда 20 дақиқа ичида эътиборсиз ҳолатда ўзгариб кетади, аммо баъзиларда у бир неча соат давом этиши, ҳатто қайт қилиш ёки ваҳима каби симптомлар билан кузатилиши мумкин.
Тананинг кунлик табиий ритми ҳам қисқа дам олишдан кейин ўзини ёмон ҳис қилишга олиб келади. Чунки организм кундузги пайтда тўлиқ дам олишга тайёр эмас ва шу сабабдан бу даврда ухлаш бироз ноқулайлик туғдиради.
“Ошқозон кислотасининг қизилўнгачга қайтиши — дам олишдан кейин кўнгил айниши, бош айланиши ва кўкрак оғриғининг кенг тарқалган сабаби ҳисобланади. Бу ҳолатда ошқозон кислотаси қизилўнгачга чиқиб кетади ва овқатдан сўнг ётиш унинг кучайишига олиб келади”, - дейди гастроэнтеролог доктор Бҳарат Потҳури.
Деярли ҳар бир инсонда вақт-вақти билан ошқозон кислота қайтиши (acid reflux) юзага келади, айниқса ёғли, қовурилган ёки кислоталик таомлар истеъмол қилинганидан сўнг. Баъзиларда бу ҳолат оғир кечиши ҳам мумкин. АҚШ аҳолисининг тахминан 20 фоизи тез-тез релукс билан азобланади ва ётгандан кейин кўнгил айнишлари кўпроқ учрайди.
Ошқозон-ичак муаммолари одатда кечаси ҳам пайдо бўлиши мумкин, лекин кундузги қисқа мизғиб олганлар орасида кенг тарқалган, чунки улар кўпинча тушликдан сўнг ёки енгил овқатдан кейин дарҳол ётишади.
“Овқатланиш ҳам бу муаммо пайдо бўлишида катта рол ўйнайди. Ёғли, қовурилган, кремли, сут маҳсулотлари ёки толага бой таомлар ошқозонда узоқ қолади ва симптомларни кучайтиради”, - дейди гастроэнтеролог доктор Руча Меҳта Шаҳ.
Бошқа сабаблар ҳам бор. Васейнинг айтишича, тананинг сувсизланиши ва қондаги шакар даражасининг пасайиши одам уйғонганда ўзини ёмон ҳис қилишига олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, уйқу апнеси — нафас олишнинг тўхтаб-қайталаниши билан кечадиган ҳолат — бош оғриғи, томоқ оғриғи ва ҳатто асабийлик каби аломатларга сабаб бўлиши мумкин.
“Нафас олишдаги бузилишлар организмда кислород даражасини пасайтиради, бу эса бош оғриғи, бош айланиши ва кўнгил айнишини келтириб чиқаради”, - дейди у.
Кун давомида қисқа мизғиб олиш муҳимми?
“Биз ҳар доим қисқа вақт ухлаб олишни тавсия қиламиз — 20 дақиқа ёки ундан кам. Агар мизғиб олиш 20 дақиқадан ошса, одам кўпроқ ухлаб қолиши мумкин ва узоқ вақт ухлаб қолиб уйғонганда ноқулай симптомлар юзага келади”, - дейди Ваиз Васей.
Агар ошқозон-ичак муаммолари мавжуд бўлса, мизғиб олиш 20 дақиқадан камроқ бўлиши керак. Чунки овқат ҳазм қилиш тизими 20 дақиқадан кейин секинлашади ва ошқозонда овқат узоқ қолади, бу симптомларни кучайтиради.
Мизғиб олишдан кейин юзага келадиган кўнгил айнишини олдини олиш ва уни юмшатиш йўллари:
“Уйқудан олдин тинчланинг, китоб ўқинг ёки медитация қилинг. Уйқу вақтидан 1–2 соат олдин гаджетлардан фойдаланишни камайтиринг. Агар мизғиб олиш керак бўлса, куннинг эрта пайтларида қилиш яхшироқ, шунда кечаси уйқуга халақит бўлмайди”, дея тавсия қилади Шифокор Ваиз Васей.
Ошқозон-ичак муаммолари бўлса, овқат ҳазм бўлишига 3-4 соат кутиб, кейин ётиш маъқул. Агар бу амалга ошмаса, уйқудан олдин аччиқ, кислота ва ёғли таомлардан сақланинг. Ётганда ёстиқлар ёки созланадиган матрас ёрдамида бош ва кўкракни кўтариб ётинг.
Дорихоналарда сотиладиган антасидлар симптомларни енгиллаштириши мумкин, аммо ноқулайлик давом этса, шифокорга мурожаат қилиш зарур. Шу билан бирга, шифокор қизилўнгачдаги инфекция, яра ёки яллиғланиш каби ҳолатларни ҳам текширишни маслаҳат беради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!