01:10 / 04.11.2018
9 950

Бир кечалик келинчак… (18-қисм. Биринчи фасл)

Бир кечалик келинчак… (18-қисм. Биринчи фасл)
Орага чўккан бир неча дақиқалик сукутни яна эшикнинг безовта тақиллаши бузди.

— Кираверинг, — ўтирган ерида овоз берди Насиба. — Асабим бузилиб турганда намунча қаттиқ тақиқлатишади-а булар?..

Шу орада Билол ҳам қаддини кўтариб, эшик томонга юзланди.

Ноила экан. Эҳтиёткорлик билан рухсат сўраб ичкарига кирди-да, Насибага умидвор термилди.

— Ҳа, нима гап, Ноила опа? — сўради Насиба ўрнидан қўзғалиб. — Нега хомушсиз?

— «Мол» опкелишувди, шуни олишга…

— Опкелишган бўлса, қабул қилинг! Пулини бугун кечгача ўтказиб берамиз!

— Улар нақд оладиганлар-да! — деди Ноила қимтиниб. — Шунинг учун…

— У ҳолда кассадан бериб юборинг!

— Кассада пул йўқ.

— Ие, нега йўқ бўлади? Шундай катта дўкон кассасида пул бўлмайдими?

— Инкассаторлардан ортганини Нормат ака олувдилар кеча. Эрталаб қайтараман дедилар, аммо қайтармадилар.

— Нормат ака? Нега олади? Қанча олди?

— 60 милён сўм бориди, ҳаммасини олувдилар.

— Нима?

Бу гапни эшитиб Насибанинг кўзлари косасидан чиқаёзди. Шу баҳонада Билол жонланиб ўрнидан турди.

— Ана, энди ҳақиқатни айтаман, — деди у. — Мендан хавфсираётувдинг, эрингга ишонмаётувдинг. Энди айтаман.

— Нимани айтасиз?

— Ноила опа, мен ҳозир чиқиб ўзим ҳал қиламан…

Ноила тушунди ва бош эгганча кабинетни тарк этди.

— Тоғанг анчадан бери шунақа иш қилиб юрибди, — давом этди Билол. — Ҳозиргача олган пуллари юз милёнга етиб қолди.

— Наҳотки?.. Тоғам-а? Нега менга бир оғиз айтмади? Мақсади нима? Шунча пулни нима қилади? Нега сўроқсиз олади?..

— Унисини ўзидан сўрайсан. Мен қаёқдан биламан? Мен… Охирги марта кеча пул олаётганини кўриб қолувдим. Шундан бери мени ёмон кўриб юрибди. Биласанми, тоғанг бўлгани учун индаёлмаяпман. Бошқаси бўлганда…

— Майли, асабийлашманг, — деди Насиба икки қўли билан бошини чангаллаб. — Мени уйга обориб қўйинг, ғалати бўп кетяпман!

— Ўзингни эҳтиёт қил, — Билол эҳтиёткорлик билан Насибани қўлтиғидан олди-да, ташқарига етаклади. — Агар менга изн берсанг, тоғангни йўлга солиб қўярдим. Пулларнинг ҳаммасини қайтартирардим.

— Қайтаради, қайтармай қайга боради. Ҳали қараб турсин!..

* * *
Уйга етиб келишгач, манзара янада тундлашди. Нафосат ая бор гапни қизидан эшитди-ю, йиғлашга тушди. Насиба эса кўнгил айниши бир дард бўлса, тоғасининг қилиб юрган иши икки дард бўлиб баттар сиқилар, ҳовлидаги сўрида ўтирганча Нормат полвон кириб келишини кутарди. Ниҳоят унинг қораси кўринди. Нормат полвонни кўргач, биринчи бўлиб Билол ўрнидан қўзғалди. Тоғанинг авзойи бузуқ. Тўппа-тўғри Билолнинг устига бостириб келар, мана-мана мушт туширгулик шашти бор эди.

— Ҳой, Нормат, ўзингни бос, — ўтирган ерида қичқирди Нафосат ая. — Билол сенга нима ёмонлик қилди?

Билол ҳам вазиятни олдиндан пайқаб улгургани боис жавоб қайтаришга шай турарди. Аммо Насиба тоғасининг йўлига кўндаланг бўлди.

— Ҳа-а, Билол арпангизни хом ўрдими? — дея тоғага совуқ боқди у. — Кучингиз шунга етдими? Қани, уриб кўринг-чи, нима қиларканман!..

— Нима қиласан? — пишқирди Нормат полвон. — Шу сиғинди туғишган тоғангдан азиз бўлдими?

— Ҳа, азиз бўлди, — бўш келмади Насиба. — У менинг эрим! Сизга ўхшаб кўзимга чўп тиқаётгани йўқ!

— Нима? Қанақа чўп? Ҳа-а, бойиб кетдингизми? Яқиндаям бурнингизни тортиб юровдингиз! Энди пул тушиб жир битиб қолдими?

— Ҳой, Нормат, — Нафосат ая чопа келиб укасининг билагидан тортқилади. — Қўшнилар нима дейди? Манави ёққа ўтир! Ўтир дедим!

Нормат полвон опасининг турткилари остида сўрига омонатгина чўкди.

— Менга қара, — дея Нафосат ая гапни ётиғи билан бошлади. — Жиянингнинг қанча қийинчиликминан оёққа турганини ҳеч ким билмасаям сен билардинг. Нега ўғирлик қилдинг?

— Қанақа ўғирлик, опа? — дея ўшқирди Нормат полвон. — Ҳаддим сиғмайдими олтмиш милён сўм пулга? Айтинг, ҳаддим сиғмайдими? Мен шу қизингизни гўдаклигидан елкамда кўтариб катта қилганман! Шунинг ҳурмати йўқми?

— Ие, буни пул деб қўйибди, ука! Жиянинг катта ишнинг тепасида турибди, ахир! Ҳар ёқдан ҳар ким тортқилаб кетаверса, охири нима бўлади? Кап-катта эркаксан, тушунмайсанми шуни? Ё атайин қиляпсанми?

— Бераман ўша пулини, бошида қолсин! Менга қаранг, эри-чи, манави эрка куёвингиз душманларимизминан ош-қатиқ бўлиб юрибди. Унга мумкин-а? Эртага ҳамма дўконлар-у цехларни тортиб олса, тиззасига шапатилаб қолмайдими шу қизингиз?

— Тоға, бугун кечқурун пулларни жойига қўясиз, — гапни калта қилди Насиба. — Юз милёндан ошиб кетибди олганларингиз. Кейин бўшсиз. Бошқа ишламайсиз менда! Бошқа гап йўқ. Билолни бўлса, тинч қўйинг! Сизнинг ишингизмас уни тергаш.

— Ҳа-а, шунақами ҳали? — ўрнидан туриб кетди Нормат полвон. — Бўпти-и! Мана, биз бир сиғиндичалик бўлмай қолибмиз, яхши-и!.. Майли, энди қариндош-уруғчилик, жигарчилик тугади. Биттангам қадам босиб уйимга борма! Нақ бўғизлаб ташлайман!

— Пулларни опкелинг-да, катта кўча! — деди Насиба. — Менга бунақанги ўғри тоғалар керак эмас!

* * *
Орадан ярим соатча вақт ўтди. Билол диваннинг бир четида ўтирганча Насибанинг сочини силар, индамасди, сукут сақларди. Насиба эса унга ер остидан қараб гап нимада эканини англашга уринар, аммо уддасидан чиқа олмасди. Билолга ишонгиси келарди. Аммо Фурқатнинг ёнида тасаввур этди дегунча эндигина тетапоя бўла бошлаган ишонч ғойиб бўлаверарди.

«Наҳотки, мен яна адашган бўлсам? — ўйларди ўзича. — Икки марта адашдим. Учинчи бор адашмаслигим керак эди-ку! Наҳотки, Билол шунчалар пасткаш бўлса? Ҳа-а, беҳуда Фурқат билан ош-қатиқ бўлиб юрмагандир? Тоғам бекорга шунча гапни гапириб ташламагандир? У ҳолда нима учун очиғини айтиб қўя қолмаяпти ўзи? Нимани яширяпти мендан? Дўст бўлса, хотиним деса, қадримга етса, қилган яхшиликларимдан миннатдор бўлса, шу ишни қилармиди? Душман шунақа бўладими? Илондек қўйнингга кириб олгачгина заҳарлайдими? Наридан туриб сочиб қўя қолса бўлмайдими заҳрини? Барибир тегади-ку келиб!.. Билмадим. Кимга ишонишниям билмай қолдим? Кимга ишониб суяна бошласам, панд беряпти. Алдашга, чув туширишга бел боғлаяпти. Агар тоғам пул ўғирлаб додимни бермоқчи бўлган чиқса, Билол қандай йўл билан чув туширмоқчи? Демак, Фурқат билан тил топишиб бор дўконларимни тортиб олишни ният қилганми? Шунинг ҳаракатида юрибдими?.. Ҳа-я, эрта-индин ҳаммасини номига ўтказиб мени ҳайдаб солса-чи? Унда нима бўлади? Кимга йиғлаб бораман, кимга?..»

Насиба хаёллари зўр келиб кутилмаганда Билолнинг қўлини бошидан итқитиб ташлади.

— Ҳа, нима бўлди? — мулойимлик билан сўради Билол. — Ҳалиям жаҳлингдан тушмадингми? Э, ташвиш қилма, бугун топади пулни! Топмаса, ўзим шуғулланаман.

— Сиз-чи? — Насиба даст ўрнидан турди-да, Билолга тик боқди. — Ўзингиз қачон бас қиласиз сотқинликни? Мени тириклай гўрга тиққандан кейинми?

— Уф-ф, — Билол ҳорғинлик билан ўрнидан қўзғалди-да, дераза қаршисига туриб олди. — Мен нима айб қилдим, ахир?

— Фурқат билан ош-қатиқсиз, мана шу айбингиз! — деди Насиба зарда аралаш. — Нега у билан яқин бўлволдингиз? Майли, бир пайтлар уйида мардикор ишлаганман дедингиз, тушундим. Лекин ҳозир-чи? Ҳозир нима мажбур қиляпти? Биласиз, Фурқат менинг ашаддий душманим. Бир пайтлар мени ит кунига солган ҳам ўша. Келиб-келиб ўша билан дўстлашишингиз алам қиляпти. Очиғини айтинг, айтмагунингизча, менга яқинлашманг!..

— Ҳали шунақами? — дея унга яқин келди Билол. — Демак, яқинлашмаслигим керак, шундайми? Жуда яхши, унда яхши қол! Мени излаб овора бўлма, барибир тополмайсан!

Шундай деб Билол ташқарига чиқиб кетди. Насиба эса бу ишини шунчаки жиззакиликка йўйди-ю, индамай ётаверди. Аммо орадан ўн, ўн беш, йигирма дақиқа ўтди ҳамки, Билол қайтиб ичкарига кирмади. Шундагина безовталиги ортиб чопқиллаганча ҳовлига чиқди. Ҳовлида ҳеч ким йўқ эди. Шоша-пиша ортга қайтиб телефонига ёпишди. Афсуски, Билолнинг рақамига туша олмади. Бу баттар юрагига хижиллик солиб қўриқчилардан бири Низомга қўнғироқ қилди. Орадан ярим соатча ўтди, ё ўтмади, Низом етиб келди.

— Менга қара, — деди Насиба йиғлагудек бўлиб. — Дўконларнинг биронтасига мабодо Билол аканг бормадими? Кўзинг тушмадими?

— Тушди, — деди Низом жиддийлик билан. — Боягина кўрдим.

— Қаерда кўрдинг? Нима деди?

— Буни сизга айта олмайман, опа, — деди Низом ер чизиб. — Ҳақим йўқ.

— Ие, нега айтолмайсан? Ким буйруқ берди сенга?

— Билол акам илтимос қилувди. Шунга…

— Мен билмайман, — Насиба апил-тапил оёғига туфлисини илди-ю, қўлига сумкачасини олди. — Ҳозироқ унинг олдига оборасан! Қани, олдимга туш!

— Опа, ундай қила олмайман, — деди Низом қайсарланиб. — Сўз берганман!

— Сен башарти ишдан бўшашни хоҳлаб қолмадингми? — Насиба бу гал нозик жойидан олди. — Агар шундай бўлса, ҳозироқ ҳайдаласан!

— Опа-а, илтимос, кечиринг, ваъда бергандим-да!

— Юр дедим сенга! Обор мени ўша Билол аканг турган ерга!..

— Хўп, — деди бўшашиб Низом. — Фақат… Кўрганларингизга… Илтимос, опажон, нима кўрсангиз, мени аралаштирмасангиз, ёлвораман! Мен… Балога қолиб кетаман кейин!

— Кўнглинг тўқ бўлсин! Сен обориб қўй-да, орқага қайтавер!

Машина жойидан қўзғалди. Низомнинг сирли гаплари, қайсарланиши Насибани баттар шубҳалантира бошлади. Энди умуман ишончи йўқолиш палласига кирди. Билол кўз олдига келди дегунча асабийлашаверди.

«Демак, бирёқда туғишган тоғам, иккинчи ёқда Билол ҳам менинг пойимни қирқишга тушибди, — кўнглидан ўтказди у. — Мана, ҳозир ҳаммаси ошкор бўлади. Жойида ҳал бўлади ҳаммаси. Ифлос… Номард!.. Худо олсин сендайларни!..»
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир кечалик келинчак… (18-қисм. Биринчи фасл)