— Нега ухламаяпсан? — Билол кутилмаганда уйғониб кетди-ю, Насибанинг ўтирганини кўриб ўрнидан қўзғалди. — Нима бўлди? Бирор еринг оғрияптими?
— Шўр бодринг егим келувди, едим, — деди Насиба кулимсираб. — Қўймаяпти болангиз. Жудаям қайсар чиқиб қолди.
— Онасига ўхшаган-да, — ҳазиллашди Билол. — Онасиям қайсар-ку! Қайсарнинг боласи қайсар бўлади-да!
— Ажаб бўпти, — Билолнинг юзига секин шапатилаб қўйди Насиба. — Сиз оппоқсиз, қўйдай ювошсиз. Тўғрими?
— Худди шундай. Мендан ювош эрни топиб бўпсан!
— Биласизми, мен сизга бир гапни айтмоқчийдим. Аслида эрталаб айтаман девдим, аммо ўзингиз уйғониб қолдингиз. Айтайми?
— Қанақа гап? Айтавер!
— Фурқат нима деганини биласизми менга?
— Фурқат? Қачон кўришдинг у билан? Нега?
— Кўришиб ўлибманми ўша билан? Қўнғироқ қилди мараз. Энди телефон рақамимниям ўзгартирадиганга ўхшайман.
— Хўш, нима деди? Пул талаб қилдими? Ё менинг устимдан арз қилдими?
— Ҳа, олдин устингиздан арз қилди. “Пулимни қуртдай қип санаб олди”, деди. Кейин эса… Мени қўрқитишга тушди. Шарт қўйди. Шу шартимни бажарсанг, тинч қўяман, бўлмаса, қаматвораман деди.
— Қанақа шарт? Айтавер! Гапни чўзмасанг-чи!
— Унинг Нозим деган ўртоғи боракан. Ўша билан ётиб беришим керак экан. Мени тўшакда “ас” деб мақтаганмиш. Иккаласи баҳс бойлаганмиш.
— Нима?
Билол бу гапларни эшитиб қандай ўрнидан сакраб туриб кетганини ўзи ҳам пайқамай қолди.
— Сен… Индамай эшитиб туравердингми? Сўкиб, қарғаб ташламадингми?
— Нега қараб турай? Ўша маразни деб энг яхши кўрган телефоним пачоқ бўлди. Деворга ургандим… Лекин мен аёлман. Барибир унга бас кела олмасдим. Яхшиямки сиз чиқиб қолдингиз ўша қамоқ лаънатисидан. Бўлмаса, билмадим, у мени қай кўйга соларди… Билмадим…
Насиба иложи борича ўзини тутишга, йиғламасликка уринганди.
Иложи бўлмади.
Йиғлаб юборди.
— Қўй, кўз ёшларингга арзимайди у хунаса, — дея Насибани қучиб юпата бошлади Билол. — Мен унга тўшакда “ас”ликни кўрсатиб қўяман. Ҳойнаҳой мени қамалди, энди ҳаётда чиқмайди деб ўйлагандир. Йиғлама, ундайларни йиғлаб эмас, кулиб енгиш керак. Ана, энди тушунгандирсан нега бизнесни менинг номимга ўтказ деганимни. Ҳалитдан бошлабди-ку ит эмган!
— Ҳа, бошлади… Мен… Бир қарорга келдим… Эртага иккимиз нотариусга борамиз. Ҳаммасини номингизга ўтказамиз. Менга ким қўйибди қорнимни қаппайтириб бизнес қилишни?!. Ҳаммасини ўзингиз қиласиз. Бизни боқасиз. Лекин ҳаддингиздан ошмайсиз.
— Тушундим, — дея Насибанинг сочларини силаб қўйди Билол. — Ҳаддимдан ошсам, аллақачон ошардим. Ҳали кўрасан, бутун шаҳардаги манаман дегани бизнинг оёқларимизни ўпади. Мен бунга эришаман! Фурқатниям, бошқасиниям ўзимга қўйиб бер!..
* * *
Насиба энди ростакамига ташвишлар, ғам, камситилишлар-у шубҳа-гумонлар барҳам топганига кун сайин ишона борарди. Билол бизнесни номига ўтказгач, астойдил ишга киришганди. Барча дўкон-у цехлар, клубни баравар назорат қилар, қаттиққўллик билан иш юритарди. Фурқатнинг ҳам адабини берибди. Ноила қўнғироқ қилиб шипшитди. Билолнинг қўриқчи ва ёрдамчилари уни роса дўппослаб, оғиз-бурнини қонга бўяганмиш. Бу хунук манзарани тасаввур этди-ю, Насибанинг юраги ғаш тортди. Бироқ Фурқатнинг телефон орқали гапирган сўнгги гаплари, масхарали кулишлари кўз ўнгида гавдалангач, қўл силтади. Ачиниш-у, шафқат туйғусини нари ҳайдади…
Бугун эса якшанба эди. Билол ишдан эртароқ қайтишга, биргалашиб би-ир театрга тушишга ваъда берганди.
Насиба умри бино бўлиб театрга тушмагани учунми, жуда қизиқ туюла бошлади. Театрга асосан башанг кийинган эркак, аёллар киришади деб эшитгани бор эди.
Шкафни титкилаб ўзига энг кўп ёққан кўйлагини кийди. Шу кўйлакда қорнининг қаппая бошлагани сезилмас экан. Қолаверса, кийган заҳоти янада очилганини кўзгуда кўриб кўнгли кўтарилди. Апил-тапил бўянгач, Ойшани тезлади. Паловни тезлатмаса, Билол оч қолишидан қўрқди…
Афсуски, соат кечки етти яримга занг урса-да, Билолдан дарак йўқ эди.
Қўнғироқ қилди. Хизмат доирасидан ташқарида бўлиб чиқаверди. Нафосат ая ҳам тундлашиб борарди. Ойша безовта эди. Она-боланинг қош-қабоғига қарашдан, айбдорона бош эгиб қўйишдан нарига ўта олмасди.
Соат кечки тўққиз бўлди. Билолга на қўнғироқ қилиб тушиб бўларди, на ўзи кириб келарди.
— Ошни сузинг, — деди Нафосат ая охири тоқати тоқ бўлиб. — Ишларингам бор бўлсин, қизим! Очдан ўлиш ҳам ҳеч гапмас бунақа кутишда. Келса, ана, Ойша сузиб бераверади. Ўтир, қизим!..
* * *
Тунни Насиба деярли кўз юммасдан ўтказди ҳисоб. Қўнғироқ қилаверди, ҳар гал омади келавермади.
Тонгга яқин соат бешларда ниҳоятда чарчабди чоғи, ётоққа киришни хоҳламай, йўлакдаги диванга чўкди-ю, мудрабди. Телефоннинг безовта жиринглашидан уйғониб кетди.
Билол қўнғироқ қилаётган экан.
— Инсофингиз борми? — салом-аликни ҳам унутиб киноя аралаш сўз қотди у. — Тун бўйи ухламаганимни билармидингиз? Театрингиз-ку, бошида қолсин! Ҳеч бўлмаса бир оғиз айтиб қўяди-да одам! Кечаси билан телефон қилавериб бўлганимча бўлдим, ахир!
— Тушунаман, кечир, — деди Билол хотиржамлик билан. — Менам ўйнаб юрганим йўқ-ку! Энди уйга жўнайман деб тургандим, тол кўчадаги дўконга бир вагон “мол” кеп қопти. Тез вагонни бўшатиб бермасак бўлмаскан. Одам ёлладим, тепасида туриб туширтирдим. Гапиравераркансан-да сенам!
— Вой, хавотир олдим-да менам! Бир оғиз айтиб қўйсангиз бўларди-ку!
— Майли, кечир, жоним, — деди Билол гапни калта қилишга уриниб. — Бугун кечки пайт албатта кутгин! Ваъдамни бажармасам жуда уятли бўп кетади! Ҳечдан кўра кеч дейишади-ку! Хўш, кечирдингми Мажнунингни?
— Агар яна бир марта мана шунақа менга айтмай йўқолиб қолсангиз, кўрасиз кўрадиганингизни! Сочингизни битталаб юлволаман!
— Тавба қилди-им, маликам! Бошқа қайтарилмайди!..
Ўй суришга, бош қотиришга Насибанинг қурби етмасди. Уйқу зўрлик қила бошлаганди. Эрининг тинч эканига амин бўлгач, хавотирлар тумани тарқаб, енгил тортгандек бўлди ва ётоққа йўл олди…
* * *
Телефон орқали гаплашганда уйқусирагани учунми, ўйлаб кўрмаган экан. Тушга яқин уйғонгач, миясига келган ўй шу бўлди. Ахир, илгари дўконларига вагонлаб юк келмасди-ку! Нимайкин ўзи? Нега вагонда келади?..
Худди шу шубҳали ўйлар Насибани ҳушёр торттирди.
Шоша-пиша телефонини қўлига олди-да, Ноилага қўнғироқ қилди.
— Ноила опа, тинчликми ҳаммаёқ? — сўради хотиржам тортишга уриниб. — Ҳеч ким безовта қилмаяптими?
— Раҳмат, Насибахон, ҳамма тинч! — деди Ноила опа. — Ўзингиз қалайсиз? Дам олиш зериктириб қўймаяптими?..
Насиба жавоб ўрнига мақсадга ўтишни лозим топди.
— Кеча вагонда юк келганмиди дўконга? — сўради у. — “Мол” келиб тушдими демоқчийдим.
— Йў-ўқ, — деди Ноила. — Ҳеч қанақа “мол” келгани йўқ. Ким айтди, Насибахон?
— Билол дўкондамиди кеча?
— Уям кечки пайт кетиб қолган. Ўзим ёпиб кетдим дўконни!
— Шунақами?..
Насибанинг юрагидаги шубҳалар юз чандон ортиб бошқа дўконларга қўнғироқ қилиб кўрди. Ҳеч ким вагонда юк келганини тасдиқламади. У яна ўртага қандайдир ёлғон аралашганини ҳис этиб шоша-пиша кийинди-ю, йўлга тушди. Бориб ўз кўзи билан кўрмаса, Билолнинг ростдан ҳам иш билан бандлигига амин бўлмаса тинчий олмасди…
“Точка”ларнинг ҳаммасига бош суқиб чиқди. Билол йўқ эди. Қайта-қайта қўнғироқ қилди. Рақамга туша олмади.
Азбаройи аламга тўлганидан нима қилишни билмай, шаҳардан ташқаридаги дала ҳовлига жўнашни ихтиёр қилди. Ўша ёқда бир бало борлигини кўнгли сезгандек бўлаверди. Аммо жўнашга улгурмади. Билолнинг ўзи дўконга кириб келди.
— Нега ёлғон гапирдингиз? — кабинетга кирар-кирмас уни сўроққа тута кетди Насиба. — Гапиринг, қани ўша бир вагон юк?
— Очиғини айтайми? — деди Билол Насибага негадир дардли боқиб. — Барибир ишонмайсан менга. Шунинг учун очиғини айтайми?
— Айтинг! Нимани айтмоқчисиз? Нима деб ўзингизни оқламоқчисиз?
— Кел, бизнесингни ўзингга расмийлаштирайлик! Виждоним қийналиб кетди рости! Ўзинг шуғуллан! Мен ёрдамчи бўлиб юравераман!
— Нима учун кутилмаганда бундай қарорга келдингиз? Ёлғонларингиз сув юзига чиққанигами?
— Ёлғон йўқ менда ҳеч қандай. Ҳозир бориб ўша омборни кўрсатаман. Мен… Вокзал ёнидаги омборни ижарага олувдим. Юклар ўша ерда. Кетдик, бориб кўрамиз!
— Кўришим шарт эмасдир балки? Гапираверинг ҳақиқатни!
— Йўқ, сен ҳозир мен билан бориб ўша омборни кўришинг керак. Ундан кейин эса бизнесингни қайта номингга расмийлаштирамиз!
— Берилиб, қизиқиб ишлаётгандингиз-ку! Нима жин урди?
— Жин ургани йўқ. Жонга тегди шунчаки… Мана, уч ой бўлди шу дўконлар номимга ўтганига. Уч ойдан бери ётсам ҳам, турсам ҳам қийналавераман… Йўқ, қайтариб олмасанг бўлмайди. Ишон, мен ёрдамлашаман. Ишдан қочиш йўқ. Фақат мени шу азоблардан халос қилсанг бўлди. Нима дейсан?
— Нима дердим? Шунчалик виждонингиз қийналаётган бўлса, майли, ўтказинг номимга! Қилиб юрган ишим. Ишдан қочмайман. Болам бир гап бўлиб туғилар, ахир! Сиз борсиз-ку!..
— Хайрият-эй, — даст ўрнидан туриб кетди Билол. — Ақлингга қойилман! Билардим… Билардим кўнишингни! Сен… Баҳоси йўқ аёлсан!.. Юр, тезроқ омборингни кўрайлик! Қанча юк келганини кўр, кейин ҳужжат ишларини тезлатмасак бўлмайди. Уёқда ўқишим ҳам хит қиляпти. Тезроқ тугай қолсайди…
Насиба ҳануз ҳеч нарсага тушунмасди. Билол нима сабабдан бирданига тўнини тескари кийиб олиши уни ўйлантирарди.
Барибир бир кунмас бир кун ҳақиқат юзага чиқиши аниқлигига бўлган ишонч уни йўлга отлантирди.
Ҳужжат ишлари тугагач, Билолни бошқатдан кузатиб кўришни кўнглига тугди.
(давоми бор)
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”