22:55 / 10.11.2018
9 221

Бир кечалик келинчак… (28-қисм. Учинчи фасл)

Бир кечалик келинчак… (28-қисм. Учинчи фасл)
Прокурор яна бироз тикилиб тургач, ниҳоят ўрнидан қўзғалди.

Нафисага еб қўйгудек тикилганча гўё эгнидаги қимматбаҳо кийимларни кўз-кўз қилган каби гоҳ ёқаси, гоҳ енгини ушлаб-ушлаб олди.

Бу қилиғи вужуди алам ва ёввойи қўрқувга тўлиб турган Нафисанинг энсасини қотирди.

Илгари бундай манзараларга дуч келиб кўрмагани учунми, лаб бурган кўйи юзини терс бурди.

— Хўш, ойимқиз, — тилга кирди прокурор. — Нега юзингни терс буряпсан? Қилиб қўйган ишларингдан уяляпсанми? Номусинг, виждонинг қийналяптими? Ўзи виждон борми сенда қийналадиган? Мен негадир Насибадек ор-номусли, бир сўзли аёлнинг қизи эканинггаям ишонмай қолдим.

— Ойимнинг номини тилга олмасангиз бўларди, — деди Нафиса аранг ўзини қарғанишдан, қичқиришдан тийиб. — Сиз у кишининг олиб ташлаган тирноғигаям арзимайсиз.

— Балки арзимасман. Менам арзирмикинман деб ўлиб турганим йўқ, олифта қиз! Мен…

— Муддаога ўтсангиз яхши бўларди, — гапни кесди Нафиса. — Ҳойнаҳой, бу ит оёғи етмаган ерларга бекорга чақиртирмагандирсиз? Айтсангиз, ўзим ҳам машинада ғиз этиб кела қолардим. Мелиса чақиришингиз шартмасийди.

— Ў, қўрқиб кетдиларми мелисалардан? — масхараомуз, беўхшов кулиб Нафисага яқин келди прокурор. — Ёки орлари келдими? Боя кафедалик пайтларида жа ботир эдилар-ку! Ҳатто мендай прокурорни ҳам қўрқитишга жазм қилгандингиз. Қани ўша шаштингиз? Қочиб кетдими сизни ташлаб?

— Менга қаранг, амаки, — деди сабр косаси тўлиб Нафиса. — Бунча чайналмасангиз? Дангалини айтинг, мен кетишим керак. Сиз ўйлаган бекорчилардан эмасман.

— Биламиз бекорчи эмаслигингни, — деди прокурор бош қашиб. — Лекин энди ўша ишларингдан воз кечишингга тўғри келади. Сен… Бизнинг ишончимизни оқлай олмадинг.

— Нима? Қанақа ишонч? Ким бўлибсизки, ишончингизни оқласам? Ё менинг ойим қийнала-сиқтала бир пайтлар мол ташиб, анҳорларнинг сувини кечиб пул топганда, ёрдам қип қўйган ерингиз бормиди?

— Вей, ойимча, — прокурор жаҳли чиқиб, Нафисанинг иягини сиқимлашга тутинди. Лекин шу заҳоти қўлини қайтиб олди. Қўл теккизган тақдирда ҳам Нафиса қўлини силтаб ташлаши тайин эди. Афтидан шуни олдиндан сезиб, обрўйининг борида қўлини югуртирмасликка уринди. — Сен ўзингча зўрман, прокурори ким бўпти деб ҳисоблаганмидинг? Нима, прокуратурада лақмалар ўтирадими сенингча? Мана, пешонамга бош эгиб келиб турибсан-ку! Энди биздан қочиб қутулиб бўпсан! Сен-чи… Прокуратура ходимига, мендек ҳалол луқма еб ўрганган одамга пора таклиф қилдинг. Ўша сассиқ пулларни конвертга жойлаб, менга кўрсатмасдан машинамга қўйиб ҳам кетдинг. Майли, бунгаям кўз юмардим. Шантаж қилишингга бало бормиди? Мени қаёқдаги флэшкага ёзволган бўҳтонларингдан қўрқиб кетади, дарров келиб оёғимни ўпиб ялинади деб ўйлаганмидинг? Чучварани хом санабсан! Мана, ўзингни ўзинг тиғга урдинг. Тиғ эса жуда ўткир. Теккан жойингни шундай боплаб тиладики, дардингни ўша ойинггаям айта олмай қоласан.

— Нима?.. Ифлос! — Нафиса прокурорнинг юзига тик боққан кўйи ёлғон ва бўҳтонлар ёғдираётганига бардош қилиб тура олмади. Овозини икки-уч парда баландлатиб аламдан чиқишга ошиқди. — Ҳали сен шунақамисан? Н-нега туҳмат қиласан, мараз? Ким машинангга пул беркитибди? Менинг ортиқча пулим бормидики, сендақаларнинг машинасига беркитсам!?. Ахир… Вой, товба қилдим худо!.. Ифлослар!.. Худодан қўрққин ҳеч бўлмаса!..

Прокурор Нафиса каби куйиб-пишганларнинг кўпини кўрган. Ҳатто, бундан баттарларига рўбарў бўлганда ҳам бир туки сесканмаган. Нафисанинг типирчилаши, ҳимоячи қидириб аланглаши, аламига чидай олмай қарғаниши нима бўпти?!.

У парвойига-да келтирмади. Аксинча кулиб юборди. Бир неча ўн сония кулиб хумордан чиққач, яна жиддий тортди.

Қайтадан курсига чўкиб оёқларини чалиштириб олди ва ер остидан йиғлагудек депсина бошлаган Нафисага боқди. Кейин эса бошини кафтлари орасига олди. Шу ҳолатда тағин гап бошлади.

* * *
— Мана, энди гуноҳларнинг ажрини тўлайсан, — деди айёрона кўз қисиб. — Мени қўрқитганинг, шантаж қилганинг, менга пора тутқазганинг учун жавоб берасан…

Йўқ, дарров камерага обормайман. Олдин мана шу ернинг ўзида менинг буйруғимни бажарасан. Айбингни ювиш учун мени хурсанд қиласан. Ишон, мен бир сўзли одамман. Агар кўнглимни ола билсанг, майли, ёшлигингни ҳисобга олиб қўйворишим ҳам мумкин. Буни ўйлаб кўраман. Фақат бунинг учун кўнглимни олишинг керак бўлади. Ҳарқалай, бокира бўлсанг керак-а? Ё…

— Исқирт! — бу гапларни эшитиб прокурорга минг чандон нафрати ортган Нафиса нима қилишни, қандай йўл тутишни билмасди. Шунинг учун кучи тилига етди.

— Худойим, нега ифлосларнинг жонини ола қолмайсан? — дея зорлана бошлади шифтга тикилиб. — Нимага бу маразларни ер кўтариб турибди, худойим? Нега қизиданам кичик қизга уятсиз гапларни гапиришяпти?..

— Жазавага тушма! — беихтиёр қичқириб ўрнидан турди прокурор ва бир ҳатлаб Нафисанинг қаршисида ҳозир бўлди. — Дардингни ҳеч ким эшитмайди. Оҳинг ҳатто худогаям етмайди. Ундан кўра менинг шартимни ўйлаб кўр! Фақат тезроқ ўйла! Вақтим жуда кам қолди! Менминан ётасан, кўнглимни оласан! Ҳаммасини видеога ёзиб оламиз. Кейин эса ўша лавҳани интернетга жойлаштираман. Ана ундан кейин тўрт томонинг қибла! Кетавер! Ортингдан қувган одаммас, ишон! Хўш, нима дейсан?..

Одам боласи кўнгли тоза бўлса, бундан баттар вазиятларга тушган тақдирда ҳам Яратганнинг ўзи тўғри йўл кўрсатади. Ёмонларнинг, ваҳшийларнинг жазосини беради. Нафиса ҳам энди-энди боши берк кўчада қолганини, мана-мана номуси поймол этилиши муқаррарлигини сўнгги лаҳзалардагина идрок эта бошлаганди. Прокурорнинг нигоҳлари тобора совуқлаша бораётганига, икки кўзи гўё қонга тўла бошлаганига гувоҳ бўлгани сари юрагини ваҳм чирмаб олганди. Аммо хаёлига келган сирли ва сеҳрли бир фикр дарров ўша ваҳмни ҳайдаб солди.

У кўрди, англади ва билди. Шу тобда худди қабристонни эслатаётган ертўлага ҳеч ким кирмаётганини кўргач, ниятини амалга ошириши мумкинлигига иқрор бўлди. Бақир-чақирдан, йиғлашдан, дод солишдан наф чиқмаслигини чуқурроқ тушуниб етди. Дарҳол ўзини қўлга олиб прокурорнинг кўзларига дадил боқа олди.

— Майли, розиман, — деди Нафиса. — Фақат мениям бир шартим бор.

— Хўш, — бирдан жонланиб, кўзларини чақчайтирганча Нафисага янада яқин келди прокурор. — Айт шартингни!

— Кишандан қўлларимни бўшатиб қўясиз. Мен бу аҳволда сиз билан ётишни хоҳламайман.

— Э, йў-ўқ, — деди прокурор бу гапидан сўнг қайта ортга тисланиб. — Каратэчилигингни яхши биламан. Яна мени аҳмоқ қилмоқчи бўляпсанми? Аҳмоқ қилиб бўпсан! Мана шу кишанланган ҳолингда ётасан! Мен шуни истайман.

— Унда тошингизни теринг! — дея лаб бурди Нафиса. — Мен жинни бўлганим йўқ бу аҳволда сиз билан ётиб. Ишонинг, қўлингизниям теккиза олмайсиз менга. Йўл қўйиб бўпман!

— Агар кишандан бўшатсам, тўполон кўтармайсанми? Айтмоқчи бўлганим… Тепкилаб ташламайсанми мени?..

— Тепкиласам қўлим кишандалигидаям тепкилайверардим. Ҳали ақлдан озганим йўқ прокурорларга қўл кўтариб. Уларнинг кимлигини жуда яхши биламан. Қолаверса, ҳовлида югурдакларингиз шай тургандир ҳар ҳолда? Сизга садоқатли экан-ку жа!..

— Тўғри, тўғри… Ҳақсан!.. Ҳақсан!..

Прокурорнинг бу қадар ғалчалиги энди-энди намоён бўла бошлаганди.

У ёвуз нияти шу қадар осонликча ҳақиқатга айланишини сира кутмаганми, оёғи куйган товуқдек Нафисанинг атрофини бир неча ўн маротаба айланиб чиқишга-да, улгурди. Кейин эса…

Зипиллаганча бориб ташқари эшикдан ҳовлига қулоқ тутди. Ҳеч ким кириб қолмаслигига амин бўлди чоғи, ортга қайтиб Нафисанинг қаршисида ҳозир бўлди.

— Майли, кўндирдинг, — деди оғзининг таноби қочиб. — Локигин ўша гап — гап. Видеога ёзволамиз бирга ётганимизни. Бусиз сира иложи йўқ.

— Менга деса ундан баттарроғига ёзмайсизми, — деди Нафиса прокурорга нафрат аралаш боқиб. — Менга барибир. Ҳеч кимдан қўрқадиган ерим йўқ…

* * *
Худога ҳақ экан. Ҳали прокурорнинг чангалига тушиб улгурмай, ташқари эшикни кимдир тақиллатди. Бир неча марталик тақиллатишлардан сўнг эшик очилиб ичкарига Сарвар кирди. Шу паллада Азизов эндигина чўнтагидан калитча чиқариб, Нафисанинг қўлидаги кишанни ечиш пайига тушганди. Сарварни кўрди-ю, шоша-пиша калитчани қайтадан чўнтакка уриб, ўзини нари олди. Унинг юзлари тундлашган, шубҳасиз, халал берганлари сира ёқиб тушмагани ғазабнок нигоҳларидан аниқ сезилиб турарди.

— Нима гап? — қичқирди Азизов. — Нега келдинг? Гапир, хонасалот!

— Ҳалиги… Бирровга ташқарига чиқиб келмасангиз бўлмайди, — деди Сарвар эшик ёнида турганча бош қашиб. — Жуда зарил масала чиқиб қолди, ака! Илтимос…

— Уф-ф! Бўпти, юр! Тез бўл!..

Қисқа муддатга бўлса-да, Нафисани ёлғиз қолдиришди. Бу кўнглидаги ғашликларни баттар кучайтирди. Азбаройи алами келганидан на йиғлашни, на бор овозда дод солишни билди. Худди ҳавосиз бўшлиқда қолган банда каби нафас олиши қийинлашиб, вужудидаги безовталик забтига олди.

«Ойи, кечиринг, — дея хаёлан зорлана бошлади охири. — Сизнинг маслаҳатларингизга қулоқ тутмадим. Ўз билганимча иш тутмоқчи бўлдим. Манавинақанги маразлардан ўчингизни олишга ошиқдим. Аммо сиз ҳақ экансиз. Бундай олчоқларда одамгарчилик, инсоф, диёнатдан асар ҳам йўқ экан. Афсуски, кеч англадим. Ҳозир эса чап ёнимга оғсам ҳам, ўнг ёнбошимга ўзимни ташласам ҳам барибир балолар домига тортадиган бўлиб турибди. Агар индамасдан бу ифлоснинг қўйнига кирсам, бир умрга бахтимни, аёллик орзуларимни, умид-у, эзгу ниятларимни бой бераман. Уни уриб ташласам, майиб қилсам, қамаб ташлашади. Яна балога гирифтор бўламан. Дўппослаб-дўппослаб қочсам, қочқин балоси қаърига тортиб кетади. Хор-у зорлик, таҳликалар чангалига тушаман. Нима қилай? Ойи, мен аросатда қолиб кетдим! Менга ҳатто худоям ёрдам беришни хоҳламаяпти шекилли. Манави нафси наҳанг балиқларникидан баттар юзсизнинг ихтиёрига топшириб қўйиб томоша қилишдан нарига ўтмаяпти. Нима қилай?..»

Энди-энди кўнгли бўшаб, алам ва надоматлар қуршовида қолган Нафисанинг кўзларига ёш қуйилиб кела бошлаганди. Эшик шарақлаб очилиб, ичкарига олдин Азизов, кетидан Сарвар кирди. Нафиса уларга йиғлаганини сездириб қўймаслик учун шоша-пиша кишанли қўлларига кўз ёшларини артиб олди ва қаршисида ҳозир бўлган прокурорга ҳиссиз тикилиб қолди.

Азизов негадир бўшашиб қолганди. Гапиришга шошилмасди. Нимадандир безовталиги аланг-жаланг атрофга аланглашидан аниқ кўриниб турарди…

У шу кўйи бир неча ўнлаб сония тараддудланиб турди-да, аста Нафисага яқинлашди.

— Синглим, мени кечир, — деди ниҳоят бошини сарак-сарак қилиб. — Ҳозир қўлларингни кишандан бўшатаман! Аммо олдин менинг гапларимга яхшилаб қулоқ тутасан! Шовқин кўтармайсан! Дод солмайсан! Йиғламайсан! Тек туриб мени эшитасан! Келишдикми?

— Гапираверинг! — дея юзини терс бурди Нафиса Азизовнинг ўзи учун ёқимсиз башарасига қарашга жирканиб. — Истасам-истамасам, эшитишга маҳкумман. Айтаверинг! Яна нима қилиб берай?..

— Биласанми… — гап бошлади Азизов. — Ҳозир хабар қилишди… Очиғи.. Бу хабарни сенга қандай етказишниям билмай қолдим… Ҳа, майли, айтаман… Хуллас, ойинг… Насибахон оламдан ўтиб қопти!..

— Нима-а-а?..

Ҳақиқатан, бу кутилмаган ва жуда-жуда совуқ хабар эди… Нафиса аввалига қулоқларига ишонмади. Азизов бошқа нарсани назарда тутган деб ўйлади. Шунинг учунми, ўзи сезмаган ҳолда қайта қичқириб юборди.

— Ким??? Нима деяпсиз? Ким оламдан ўтди, ки-им?..

— Синглим, ўзингни бос, — Азизов унинг елкасидан қучиб тинчлантиришга тутинди. Лекин шу заҳоти қўлларини тортиб олди. — Насибахон оламдан ўтиб қопти! Бандалик-да! Айтишларича, юраги хуруж қип қопти! Иссиқ жон-да!

— Йў-ўқ!!! Бўлиши мумкинма-ас!!! Мумкинма-ас!!! Ёлғон гапиряпсанлар, ёлғон! Ниятинг нима ўзи-и, нима?.. Гапирларинг! Гапи-ир!!!

Нафиса шу лаҳзаларда телбадан-да баттарроқ тусга кириб қолганди. Ҳеч кимни эшитмасди. Ҳеч нарсани кўрмасди. Ўзини гоҳ чап, гоҳ ўнгга ташлаб дод солар, тинчлантиришга уринган икки зўравоннинг унга кучи етмасди. Уларни силтаб ташлар, аммо иккови ҳам қайтадан елкасига ёпишиб, хотиржам торттиришга уринарди…

На илож? Нафиса шу кўйи жазава исканжасида қичқира-қичқира, дод сола-сола, ниҳоят чарчади. Бўшашганча ерга ўтириб қолди. Аммо кўз ёшлари қуйилишдан тийилмасди. Ҳар нафас олганда, ҳаво етмай, азобда қолган бемор каби кўкси кўтарилиб-кўтарилиб тушарди…

Прокурор Сарварга бир қараб олди-да, аста киссасидаги калитчани олиб унинг қўлига тутқазди.

— Ҳозир яхши гапириб уйига оборасан, — дея Сарварнинг қулоғига шивирлади у. — Уйига етгандан кейин кишанни ечасан! Хуллас, бу қиз учун каллангминан жавоб берасан! Айтиб қўяй, урсаям, тирмалаб ташласаям миқ этмайсан! Мен учун шундай қиласан! Уқдингми?

— Уқдим, — худди шундай шивирлаб жавоб қилди Сарвар. — Хотиржам бўлинг! Бундан баттарларини кўрганмиз. Буниси нима бўпти?!.

* * *
Нафисани авайлабгина машинага ўтқазишди. Нималардир дея юпатишди, тинчлантиришди. Кўнглини кўтармоққа тутинишди. Буларни Нафиса ё эшитди, ё эшитмади. Ё сезди, ё сезмади. Ё ҳис этди, ё ҳис этмади…

Шу тобда иродаси эркакларникидан-да метинроқ, кучлироқ бу қиз тирик мурда қиёфасига кириб қолгандек эди. Оёқ-қўллари қимирлаб, юраги уриб турганига қарамай, бағри музлик домида тош қотганди. Уйига кириб келди. Кимлардир, қайсидир аёллар, эркаклар унга ёпишиб қон йиғлади. Ҳовлини эркаг-у аёлнинг фарёди тутди. Бу фарёдлар шу қадар аччиқ чиқдики, еру-кўкни гумбирлатиб, момоқалдироқ аюҳаннос сола бошлади. Зум ўтмай, шариллаб ёмғир қуя бошлади. Лекин у ҳам Нафисанинг аламларини, афсус-у надоматлар денгизига ғарқ бўлган қалбини овута билмасди. Аччиқ кўз ёшларига қўшилиб, фарёдига фарёд қўшарди холос…

Бандачилик экан…

Эрта тонгда ўзини кулибгина кузатиб қолган жондан азиз онасини қабргача ҳам кузатиб бора олмади.

Аёлларнинг қабристонга бориши одатларимизга тўғри келмас экан.

Уйи остонасигача тобутни қучоқлаб видолаша олди холос. Тобутни олиб чиқиб кетишгандан кейин эса…

Шундоқ ҳам чексиз бўшлиққа айланиб улгурган бағрига яна бир бўшлиқ чанг солди. Бу бўшлиқнинг забти олдингисидан ҳам кучлироқ, кескинроқ эди. Юзларга урилиб-урилиб кетаётган ёқимсиз ва совуқ шамоли олдингисидан-да кескирроқ эди. Айниқса, онасидан, ёруғ дунёдаги биттагина дўстидан, сирдошидан, суянчидан, ишончидан, номусидан, оридан айрилибгина қолган Нафисанинг кўксига урилган бу кескир шамол юраккинасини кесиб-кесиб ўтаётгандек азоб берарди…

Афсуски, одамзод бундан-да хунукроқ, кучлироқ, шафқатсизроқ кўргиликларга чидашга маҳкум. Яратганнинг хоҳишига зўрлик қила олмайди.

Мажбуран сабр қилади, чидайди, бардош беради…

Нафиса ҳам ўшаларнинг бири-да. Кўз очиб юмгунча меҳрибонининг маъракалари, кетидан йигирмаси, кейин қирқи ҳам ўтди.

Ҳайҳотдек ҳовлида бир ўзгинаси ҳувиллаганча қолиб кетаверди…

Ишқилиб, худонинг ўзи сабр, матонат берсин! Онажонининг охиратини берсин! Онажонидан худо раҳмат-мағфиратини дариғ тутмасин!

Омин!
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир кечалик келинчак… (28-қисм. Учинчи фасл)