09:44 / 28.12.2018
5 167

Гўр азоби… (10-қисм) (мистика)

Гўр азоби… (10-қисм) (мистика)
Сарвинознинг типирчилаши, силтаниб оҳ чекиши, бақиришлари негадир менга ҳузур бағишлай борарди. У қанчалар қаттиқроқ, кўпроқ дод солса, мен шунча мамнун бўлаётгандим. Иблис ҳам тек қараб турмасди. Нуқул мени тезлаб янада қаттиқроқ бўғишга ундарди…

Сал ўтиб менга бу ҳам камдек туюла бошлади. Иблиснинг кўрсатмасини кутиб ўтирмай, ҳамон Сарвинозни тинчлантиришга уринаётган қўриқчимга ёпишдим. У жуда бақувват эди. Агар тириклигимда бўғишга тутинсам, кучим етмаслиги тайин эди. Аммо шу тобда арвоҳлар улардан-да кучлироқ, чайирроқ бўлишлари мумкинлигини англадим. Бунга ўзим гувоҳ бўлдим. Қўриқчимнинг йўғон бўйнидан сиқимлаб, томоғига чанг солдим. У ҳам худди қизим каби силтанишдан, чиранишдан нарига ўта олмади.

— Қўйиб юборма, — дея қичқирарди иблис чапак чалиб. — Ўлдир уни! Бизнинг қўлимизга тушса, адабини берамиз! Ўлдир!..

Йўқ, мен иблис айтганидек йўл тута олмадим. Қўриқчимни ҳам қўйиб юбордим. Ана шундан кейин қизим иккаласи жонҳолатда ташқарига ўзини урди. Уларнинг қочиши мени янада жўштириб юборганди. Ортларидан чопдим. Буёғига нима қилишлари, қандай йўл тутишлари, қанақанги ҳаракатлар содир этишлари қизиқ эди. Қўриқчи қизимни қўлидан тутганча югуртириб хотиним ўтирган уйга кириб борди.

— Ҳа-а, — дея бақирдим уларнинг кетидан қолмай. — Балиқ бошидан сасиган экан-да! Бу манжалақи қизига катта йўл очиб бериб қўйибди-да! Битта-ю битта қизини манавининг қўйнига ўзи солиб қўйибди-да! Вей, қанақа ифлоссан ўзи? Нега бундай қилдинг?..

Афсуски, улар мени эшитмасди, сезмасди, пайқамасди.

— Ойи, кимдир мени уйқум орасида бўғди, — дея арз қила бошлади Сарвиноз йиғлаб, титраб-қақшаб. — Мана, Анвар акамларниям бўғибди! Айтинг, бўғдими? Сизниям бўғдими?

— Ҳа, қўллариям каттаконми дейман, сира қайириб ташлолмадим. Ўлдириб қўяёзди ит эмган!

— Ким ит эмган! — бу ҳақоратдан жаҳл отига миниб яна қўриқчимни бўғишга тутиндим. Лекин бу гал қўлларим тутмади. Худди илгаригидек бўғишга узанган қўлларим ҳавода муаллақ қолаверди.

— Сен уларнинг кўзига кўрин, — деди иблис кутилмаганда. — Адабларини ейишсин! Роса маза қилардик кўзларига кўринсанг!

— Мен сеҳргармидимки, хоҳлаганда бировнинг кўзига кўрина олсам!

— Мен ўргатиб тураман! Қани, хотинингдан сал берироқ тур! Шундай! Ана энди икки қўлингни олдинга чўз!

— Қайси қўлимни? Қўлларимни ўзим ҳам кўрмаяпман-ку!

— Сен ҳаёт пайтингни эслагин-да, мен айтганни қил!

Мен иблис ўргатганидек, қўлларимни олдинга чўздим.

— Энди қулоғингга бир гапни айтаман, сен баланд овозда такрорлайсан!

Иблис қулоғимга сирли жумлаларни қуйди. Мен тайинланганидек баланд овозда такрорладим. Ана шунда ростакам томоша бошланди. Хотиним мен томон боққанча ранги оқариб ортга тисланди. Қизим ва қўриқчим ҳайрон эди. Ҳойнаҳой, уларнинг кўзига кўринмаяпман чоғи, ҳеч нарсани тушунмай, хотинимга бақрайиб қолишганди.

— Арвоҳ! — дея қичқириб юборди хотиним. — Ана, арвоҳ! Арвоҳ!

— Қанақа арвоҳ? — йиғи аралаш сўради қизим. — Қани арвоҳ?

— Ана, деразанинг ёнида осилиб турибди! Оппоқ кийим кийволибди! Бу… Бетаъсир дадангнинг арвоҳи, қизим! Худди ўша!..

Бу орада мен иблиснинг кўрсатмасига кўра қўлларимни пастга туширдим. Энди хотинимга кўринмаётганим тайин эди. Шу бир неча ўн лаҳзалик кўринишимнинг ўзи ҳам етарли эди.

— Вой, қизи-им, — дод солиб йиғлаганча хонани айлана бошлади хотиним. — Бу ўша! Дадангнинг арвоҳи! Ўз кўзим билан кўрдим! Бизни ўлиб ҳам тинчитмайдиганга ўхшайди мараз!..

— Ким мараз? — иблиснинг ҳай-ҳайлашига-да қараб ўтирмай бақириб юбордим ва хотинимнинг томоғига чанг солиш пайида бўлдим. Аммо қўлим яна ҳавода муаллақ қолиб кетаверди. — Гапир, хунаса! Ким мараз?..

Хотиним ҳам, ёнидагилар ҳам пинагини бузмасди. Бир-бирларига зорини айтган кўйи йиғлашарди. Фақат қўриқчимгина асабий сигарет тутатиб, она-болани тинчлантиришга уринарди.

— Қизим, — ниҳоят қарғанишдан, йиғлашдан тўхтаб Сарвинозга юзланди онаси. — Бор, нариги маҳалладаги Сарви фолбинни бошлаб кел! Оёғини ерга теккизмай, диконглатиб опкел!..

Сарвиноз қўриқчимни ёнига олди-да, ташқарига ўзини урди. Мен бўлсам, нима қилишни билмай, нуқул орқароқда турган иблисга жавдирардим.

— Фолбинни кутамиз, — деди иблис. — Қани, нима каромат кўрсатаркин?!. Қўрқма, фолбин, жодугарлар ўзимизнинг одамлар. Улар сен билан менга зиён етказа олишмайди. Аксинча, менинг йўриғимда юришади.

* * *
Орадан ўн беш дақиқага яқин вақт ўтгач, жиккакдан келган, ёши олтмишга яқинлаб қолган юпқа лаб, қиррабурун фолбин қизим ва қўриқчим етагида кириб келди. Хотиним устагар эмасми, у кириши билан елкасидан олиб йиғлашга тушди.

— Йиғламанг, ўргилай, йиғламанг, — уни юпата бошлади фолбин. — Шунча йиғлаганларингиз камми? Нима бўлди? Нега чақирдингиз мени? Тинчликми, ўргилай?

— Анави ярамас эрим ўлиб ҳам бизни тинчитмаяпти, — деди хотиним. — Боя Сарвинозимминан куёвимни ухлаётган ерида бўғиб ўлдирмоқчи бўпти. Шўрликлар рангида ранг қолмаган. Додлаб чиқиб қолишди. Уларни тинчлантирай деб турсам… Ишонасизми, лаънатининг арвоҳи шундоқ тепамда менга қараб турибди. Жоним чиқиб кетаёзди, опа! Шунга… Қизимни олдингизга югуртирувдим.

— Ҳа-а, шунақами? — Сарви фолбин бир-икки чўзиб эснади-ю, уй бурчакларини кўздан кечира бошлади. Мен эса иблисга умидвор боқдим.

— Сен кут, — деди иблис. — Фолбиннинг нима каромат кўрсатишини кут. Ростини айтайми, агар виждонли, кучли фолбин бўлса, хотинингни мажбурлаб бўлса-да, тиловат қилишга мажбурларди. Ёддан билмаса, китоб келтириб ўқитарди. Аммо бу фолбин ўзимиздан. Хотинингни жинидан ёмон кўради. Шунинг учун алдаб-сулдаб пулини олади-ю, қуён бўлади.

— Менга ёмонлик қилмайдими ишқилиб? — сўрадим иблисдан. — Тағин «иссиқ-совуқ» қип қўймасин!

— Жиннимисан? Ўлганларда иссиқ-совуқ нима қилади? Қара, кузат, нима қилишини ҳозир кўрасан ўзинг!

Ҳақиқатан фолбин уй бурчакларини кўздан ўтказиб бўлгач, яна хотинимга юзланди.

— Арвоҳ ҳалиям кетмаган, — деди у. — Мана шу хонада пайт пойлаб ўтирибди. Хафа бўлманг-у, эрингиз Даминбой тириклигидаям ёвуз маҳлуққа ўхшарди. Сизни бир вақтлар ичиб келиб дўппослаганлари, пичоқ кўтариб қувганлари эсингиздами? Меникида тунни ўтказардингиз. Ҳа, бундайларнинг арвоҳиям ёвуз бўлади. «Қазисан, қартасан, асл зотингга тортасан» деганлари шу-да!

— Илтимос, арвоҳни қувинг, — ялина бошлади хотиним. — Йўқолсин уйимдан! Даф бўлсин!

— Даф бўлади! Даф бўлмай қаерга борарди. Лекин…

Хотиним фолбиннинг муддаосини англаб етганди. «Ҳозир», деди-ю, ичкарига уйга кириб кетди ва кўз очиб юмгунча қўлида бир даста пул кўтариб чиқди.

— Етадими? — сўради пулларни фолбинга тутқазаркан. — Ё камми?

— Вой, етади-и! — кулди фолбин. — Ўлар жойдамидик?!. Бир-биримизнинг коримизга шундай кунларда ярамасак, қачон яраймиз?!.

— Энди арвоҳ кетадими? — сўради хотиним Сарвинозни бағрига босиб. — Битта-ю, битта қизимни бўғиб ўлдириб қўйса, адо бўламан, эгачи!

— Менга қаранг, — деди фолбин қаршисидагиларни ўтиришга чорлаб. — Битта йўли бор. Шуни қилсангиз, кетади, кейин ҳеч қачон сизни безовта қилмайдиган бўлади.

— Хўп, айтинг, нима қилиш керак? Айтаверинг! Пул кетса кетсин, аммо арвоҳни кетказсангиз бўлди.

— Ҳозир оппоқ қоғоз оласиз-да, роса қарғаб, сўкиб хат ёзасиз эрингизга. Яхши гап ёзманг, фақат қарғиш ва ҳақоратга қоришиқ бўлсин. Иннайкейин ўша хатни ҳовлига опчиқиб ўчоққа соласиз-да, ёқворасиз!

— Сизам ёнимда турасизми?

— Албатта тураман. Ўзим бош-қош бўламан. Бўла қолинг энди!..

* * *
— Тамом бўлдинг, — деди кутилмаганда иблис менга жуда яқин келиб. — Булар сени ҳайдаб солишади. Хатни ўчоққа ташласа, ёниши билан сени илоҳий куч итқитиб ташлайди. Тўғри зулматлар қаърига бориб тушасан!

— Нега? Ахир… Бу бор-йўғи хат-ку!

— Хат бўлганиминан худо кўриб турибди. Сенинг бу ерга келиб яқинларингга ёмонлик қилишинг унга сира ёқиб тушмаганди. Мен сезгандим. Аммо шаштингни қайтармагандим. Нима бўлгандаям дўстингман-ку!.. Мен…

Иблис гапини тугатишга улгурмади. Фолбин етакчилигида ҳақоратлар битилган қоғоз ўчоққа тушгани ҳамоно мени қандайдир номаълум куч бўйним аралаш чунонам урдики, кўзимдан ўт чақнаб кетди. Бошим гир айланиб бир зумда атрофни зулмат эгаллади. Мен ўқчий-ўқчий, ҳушимдан кетдим.

Кўзимни очганимда…

Бу даҳшатларни таърифлашга тил ожиз…

Бор бўйим билан ботқоқликда пайдо бўлдим. Балчиқ томоғимга қадар ботган, туби йўқдек эди. Агар сал қимирласам, чўкиб кетишим тайинлигини ҳис этардим.

Бир маҳал ҳов нарида, соҳилда барзанги, яъни, қўриқчи фариштам ҳозир бўлди. У индамасди. Менга масхараомуз, гоҳ аламли боқарди.

— Қутқар мени! — қичқирдим. — Қара, чўкяпман! Қутқармайсанми?

— Ҳаққим йўқ, — деди барзанги бир туки сесканмай. — Шу ерда узоқ вақт ўтиришингга тўғри келади.

— Нега? Қай гуноҳим учун?

— Сен иблиснинг гапига учиб яқинларингни қаттиқ ранжитдинг. Худонинг ғазаби келди. Ўзингни ўзинг муштла, чимчила, тишла, сен билан баравар бизнинг дунёга келганлар бугун арши аълога учиб кетишади. Сен эса маҳрумсан. Қачон гуноҳларинг учун жавоб бериб бўлсанг, иблисдан юз ўгирсанг, ана ундан кейин худойимнинг ўзи ўйлаб кўради. Омон бўл! Кўзингни оч!..

Шундай деди-ю, барзанги кўздан ғойиб бўлди. Мен балчиқнинг бадбўй исига чидолмаганимдан, сўнгсиз азобларга маҳкумлигимдан аламим келиб бор овозда ўкириб йиғлаб юбордим.
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Гўр азоби… (10-қисм) (мистика)