Исроил ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган Гуманитар ёрдам фонди (GHF) Ғазо секторида озиқ-овқат ёрдамини тарқатмоқда. Бироқ мутахассислар бу ёрдамнинг узоқ муддатли соғлиқ учун етарли эмаслигини таъкидламоқда.
БМТнинг сўнгги огоҳлантиришларига кўра, Ғазо секторида икки миллиондан ортиқ фаластинликлар очлик хавфи остида қолмоқда. GHF май ойи охиридан бошлаб минтақада фаолият юритмоқда ва 91 миллионга яқин овқат тарқатилганини билдирган.
Бироқ BBC Verify таҳлилига кўра, GHF томонидан тарқатилаётган озиқ-овқат қутиси таркиби ҳақида жиддий саволлар пайдо бўлмоқда.
Ёрдам қутилари таркиби
GHF томонидан эълон қилинган расмий рўйхатга кўра, озиқ-овқат қутилари асосан қуйидаги маҳсулотлардан иборат:
-
Бугдой уни
-
Макарон
-
Ясмиқ, нохат, фава лувия ва бошқа дуккаклилар
-
Ўсимлик ёғи
-
Туз (йодланган)
-
Тахина (кунжут пастаси)
-
Ҳалва батончалари (тайёр истеъмолга мўлжалланган)
-
Баъзида: чой, печенье, шоколад, картошка ва пиёз
GHF маълумотларига кўра, ҳар бир қути тахминан 42 500 килокалория энергия беради ва 5,5 кишини 3,5 кун давомида таъминлаши мумкин.
Мутахассислар танқидига сабаб бўлмоқда
Лондондаги Иқтисод мактаби профессори Стюарт Гордон бу озиқ-овқат тўплами фақат оммавий очликнинг олдини олиш учун хизмат қилишини, аммо узоқ муддатда соғлиқ учун хавфли эканини таъкидлади.
“Бу тўплам қоринни тўйдиради, аммо организмни зарур витамин ва минераллар билан таъминламайди. Узоқ муддатда бу рацон темир танқислиги, камқонлик ва витамин етишмовчилиги каби касалликларни келтириб чиқаради.”
UCL (Лондон университет коллежи) профессори Эндрю Сил эса бу маҳсулотлар таркибида кальций, темир, цинк, витамин C, D, B12 ва K каби асосий моддалар йўқлигини қайд этди.
“Бу маҳсулотлар болалар учун мос эмас. Ҳатто етарли миқдорда тарқатилган тақдирда ҳам, узоқ муддат истеъмол қилиш соғлиқ учун жиддий хавф туғдиради.”
Амалда қандай муаммо бор
Ғазо аҳолиси ёрдам қутиcини олган тақдирда ҳам, маҳсулотларни тайёрлаш учун зарур бўлган сув ва ёқилғи танқислигига дуч келмоқда. БМТнинг OCHA агентлиги огоҳлантиришича:
-
Ҳудудда сув танқислиги кескинлашган
-
Расмий ёқилғи таъминоти тўхтаган
-
Қора бозор нархлари урушдан олдинги нархларга нисбатан 4 000 фоизга қиммат
-
Аҳоли чиқинди материалларини ёқишга мажбур бўлмоқда
БМТ: 90 минг аёл ва бола ҳаётий хавф остида
БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга кўра, Ғазода асосий эҳтиёж товарлари, сув, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги кучаймоқда. Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) маълумотларига кўра, ҳар 3 нафар одамдан бири кунлаб овқатсиз қолмоқда, 90 минг нафар аёл ва бола зудлик билан озиқланишга муҳтож.