21:28 / 25.02.2019
5 737

Энг гўзал тўрт хулқ...

Энг гўзал тўрт хулқ...
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шундай деган эканлар: “Барча дўстларни кўрдим, тилни муҳофаза қилишдан кўра яхшироқ дўст учратмадим. Барча либосларни кўрдим; иффат ва тақводан кўра яхшироқ либос кўрмадим. Барча мол-дунёни кўрдим; қаноатдан яхшироқ мол кўрмадим. Барча яхшиликларни кўрдим; насиҳатдан яхшисини кўрмадим. Барча неъматларни еб, татиб кўрдим, сабрдан лаззатлироқ неъмат тотмадим”.

Ё яхши сўз айт ёки сукут қил
Давримизда, инсоний муносабатларда юзага келаётган кўп муаммолар тилни ноўрин қўлланишдан келиб чиқмоқда. Зеро, тил хайрнинг калити бўлганидек, ноўрин ишлатганда ёмонликка ҳам калит бўла олади. Шунинг учун тилимиз қалбларга ханжардай ботмаслигига эътибор беришимиз керак. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирса, ё яхши сўз айтсин ёки сукут қилсин”.

Иффатни ҳимоя қилишнинг энг яхши йўли—никоҳ
Ҳақ таоло бандасининг иффатли ва ҳузурли умргузаронлик қилишини истайди. Иффатни ҳимоя қилишнинг энг яхши йўли – никоҳ. Турмуш қуришга имконияти етганларнинг никоҳланиши керак бўлганидек, турмуш қуришга кучи етмаганларни никоҳлаб қўйиш Ислом жамиятига юкланган илоҳий вазифа ҳисобланади. Бу хусусда шундай ояти карийма ҳам бор: “Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир.” (“Нур” сураси, 32-оят)

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ижтимоий ибодатнинг қийматини шундай ифодалаганлар: “Энг фазилатли шафоатлардан (ва ташвиқ этилган амаллардан) бири—никоҳда икки кишининг ўртасида туриб ёрдам беришликдир.”

Ёмон феълнинг муоалажаси
Ёмон хулқнинг энг таҳликали хислатлари бўлган ҳирс ва ҳасаднинг ягона муолажаси —руҳиятни қаноат ҳузурига эриштириш. Чунки қаноатнинг кўнгилга берган илоҳий хазиналари ҳеч қачон тугаб битмайди. Бу хусусда Аллоҳнинг Расули саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Қаноат— битмас-туганмас хазинадир”.

Шундай экан, бойликнинг ҳақиқий ўлчови—қаноатдир. Илоҳий тақсимотга рози бўлишдир. Ўзидан кўра қўли узунроқ кишиларга ҳасад қилмасликдир. Бойликнинг ҳақиқий лаззатини фақат қаноат билан татиш мумкин.

Ҳазрати Мавлоно қуддуса сирруҳ шундай дейдилар:
“Тирилиш учун ўлингки, ҳақиқий гўзаллик ва бойликка ноил бўласиз!”

Фақат шуни унутмаслик керакки, гўзаллар ўзларига термуладиган кўз, ошиқ кўнгил истайди. Сўқир кўзга гўзаллик, кар қулоққа нағма тортиқ қилинмаганидек, оч тийнатлар ҳам қаноатнинг ҳаловати ва роҳатини ҳис этмайдилар.

Комил инсон ризқ ва неъмат учун ташвишланмайди. Чин банда ризқнинг эмас, Раззоқнинг кўйида бўлади. Бошқаларнинг имкони ва неъматларига кўзу кўнглини олайтирмайди. Ҳақиқий банда мудом ҳар ҳолидан рози бўлади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаламнинг гўзал сабрлари
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳақ даъвоси йўлида фақат ғайри муслимлар ва инкорчилардан эмас, Исломнинг зарофат ва назокатини билмайдиган янги мусулмонларнинг қўполликларига ҳам гўзал сабр билан тоқат қилардилар. Даштдан келган бир бадавий қўполлик билан:

– Эй, Муҳаммад! Эй, Муҳаммад!- дея қайта-қайта бақиришларига қарамай, Ул зот ҳар гал мулойим услубда:
- Лаббай, нима истайсиз?- дея жавоб берганлар.
Уммати Муҳаммад, Ҳақ таолонинг дўстлари ҳам ўзгаларнинг ўзларига нисбатан қўполлигига, хато ва қусурларини айб санамайдилар. Уларни ислоҳ қилиш учун ҳар турлик машаққатларга жону дилдан киришадилар. Мана шу ҳақиқий илм ва ирфоннинг тақозосидир.

Энг гўзал йўл
Демак, инсонларнинг азиятларига сабрсизлик қилиш ҳикматдан бенасиблик ва жаҳолатнинг оқибатидир. Илм ва ирфон соҳиби бўлганлар қанчалик, назокатли бўлсалар, ҳикматдан бенасиб ва жоҳил кимсалар қўпол, бефаҳи ва одобдан маҳрум бўладилар. Мавлоно Ҳазратлари бу хусусда шундай гўзал ифода этганлар:

“Ақлим қалбимдан “Иймон нима?” дея сўради. Қалбим эса ақлимнинг қулоғига “Иймон одобдан иборатдир” дея шивирлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур.” (“Фуссилат” сураси, 34-оят) ояти билан боғлиқ шундай шундай деганлар: “Жаҳл пайтида сабр ва ёмонликка чорасиз қолган онда авф—энг яхши йўл. Бундай йўл тутган инсонларни Аллоҳ муҳофаза қилади. Душманлари уларга бўйинсуниб, содиқ дўстга айланади.”
[right]Умида АДИЗОВА тайёрлади[/right]
Манба: Azon.uz


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Ҳаёт тарзи » Энг гўзал тўрт хулқ...