Кондиционер остида узоқ ўтириш қандай оқибатга олиб келади?

Иссиқ кунларда кондиционер кўпчилик учун энг қулай воситалардан бири ҳисобланади. Бироқ мутахассисларнинг айтишича, унинг остида узоқ вақт ўтириш айрим соғлиқ муаммоларига сабаб бўлиши мумкин.
Энг кўп учрайдиган ҳолатлардан бири шамоллаш ва мушакларда оғриқ пайдо бўлишидир. Совуқ ҳаво оқими бўйин, бел ёки елка қисмига тўғридан-тўғри урилганда мушаклар таранглашиши мумкин.
Шунингдек, кондиционер ҳавоси хонадаги намликни камайтириши сабаб тери қуриши, кўз ачишиши ёки томоқ қуриши кузатилади. Айрим инсонларда бош оғриғи ва ҳолсизлик ҳисси ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Мутахассислар кондиционер ҳароратини ташқи муҳитдан жуда кескин фарқ қилмайдиган даражада ушлашни тавсия қилади. Шунингдек, ҳаво филтрлари мунтазам тозаланмаса, чанг ва бактериялар тарқалиши хавфи ҳам ортади.