Уч кунлик келинчак учоқ бошида куймаланиб юраркан, Ўринбой синчи унга тикилди. Хайрият, қозон қайнатмоқчи. Нима қиларкин, қачон пишаркин? Қорин таталаб кетди-ку. Айвондан туриб келинига қичқирди:
— Ойша қизим, кеч бўлганда нима ташвиш?
— Ош, – деди ийманиб келинчак ва кўнгли қайнотасининг “қизим”лашидан алланечук тўлқинланиб кетиб шошилди.
Келиннинг ҳаракатларидан мамнун бўлган бобо ёрдамга ўтди ва талайгина қизил сабзи арчиб, сомонча шаклида тўғради. Доналаб курмак териб ўтирган Ойшанинг қўлидан лаганни олиб гуруч тозалади, кейин бабақ хўрозга дон-дун, оқишоқ сочди.
Бу пайт Ойша берилиб устухон қовурар, чучмал зиғир мой ҳиди атрофга тарқалиб иштаҳани қитиқлар, ўзининг ҳам димоғини бўғарди. Унинг ачимсиқ тутун ҳидиданми, пиёзнинг аччиғигами узун киприклари намланган, ўнг кафтига ёғ сачраб куйганди.
— Болам, девзирани ивитиб қўйдим.
У ўгирилиб қайнотасининг қўлига қаради-ю, идишни деразага қўйганини кўрди-да: «Овора бўлманг, ота!» — деди. Аммо шунчалик секин гапирдики, ўзи ҳам эшитмади.
Бобо ошхонадан чиқиб оғзига бир чеким нос ташлагач, тўғри сўри томон юрди ва шойи кўрпага чўзилди.
«Хотин бўмай кет, сутфурушнинг қизи! — дея кампирини койий бошлади ичида. — Нима бало, уйингдан илон чиққан-ми?! Эрта азон кетувди, ичиям гапга тўлиб кетган экан-да! Ҳали келсин, боплаб сўкмасам, отимни бошқа қўяман!»
У пухта режа тузаркан, темир даричадан «ғийқ» этган нола чиқди-ю, хаёли бузилди. Чол ирғиб ўрнидан турди ва супа оша жўякка туфлади. Тупроқ бети яра тушган бадандек кўпчиди...
— Ҳалиям ётибсизми? — сўради кампир эрига тўнғиллаб. — Сулаймон ўлди, девлар қутулди экан-да!?
Ўринбой синчи ҳовли бўйлаб бир қур назар солди-ю, хотини тайинлаб кетган ишлар: на буғдой элаш, на даҳлизча жойдаги беда ўрилмаганини кўриб мавзуни бошқа ёққа бурди:
— Сафарингиз эрта қарибдими, кампир?! — у хотининг миқ этмаганини билиб хушомад қилишга ўтди. — Маҳкам бойваччанинг келини бир палов тайёрлабдики... — у бўйнини чўзиб ҳидлади. — Зиранинг иси, оҳ...
Момо «тарс-тарс» қадам босиб бобонинг қаршисига ўтирди.
— Қорним тўқ, меҳмондан қайтаяпман! Қани, ёстиқни олинг-чи!
— А, энди... Сиз емасангиз, биз бормиз... Тўғрими, қизим?
Келин қайнотасининг фикрини маъқуллади. Сўнг дастурхонни ёзиш асносида қайнонасига: «Яхши бориб келдингизми?» — дея мулозамат қилди.
Маҳкам момо ўғил уйлантирган аёлларга хос кибр ила тураркан, тил учида «ҳа» деди-да, унга буюрди:
— Овқатинг пишган бўлса, опкел! Чолимнинг қорни ич-ичига ёпишиб кетгандиров.
— Ҳозир сузиб келаман, ойижон.
Қайнона «ойижон»дан эриб кетди ва чолига қараб «кўрдингизми?» каби қош қоқди.
Беш дақиқа ўтар-ўтмас чинни лаганда паловхонтўра, кетидан кўк чой келтирилди. Чой ошнинг қамчиси-да! У чойни қайтариб чол-кампирга узатди, кейин «олинг-олинг» қилинди. Ўринбой синчи рапидадек қўлига бир капкирдек палов олиб ошлади-ю, чайнаш вақтида кўзлари ола-кула бўлиб жавдиради. Томоғини шўр тирнаб қорнигача жароҳатлади. Келиннинг киприклари тез-тез пирпиради. Момо эрининг ҳолатидан шубҳаланди:
— Тузи кўпмикан?
Бобо шоша-пиша ютиниб жавоб қайтарди:
— Бирам мазалики, биров тортиб оладигандек шошилганимдан тиқилиб қолди.
Келиннинг кўзлари тез-тез пирпираб, нигоҳларида меҳр жилваланди ва товуқдек чўқилаб уятдан қизаринди.
Бош ёрилса, қалпоқ остида! Шўрва бўлса экан, сув қўшиб ичаверсанг. Аммо ошга на туз қўшишнинг иложи бор, на сув...
Бобо ҳар ошаганда пиёла-пиёла чой симирар, бировдан такаллуф ҳам кутиб турмас, ёнидагиларни, айниқса, кампирини ошга ундамас, зўр бериб келиннинг айбини ёпишга уринарди.
Ош тахир, шўр, бироқ келиннинг мўлтираган нигоҳида бунинг акси кўринарди ва чолнинг андишаси янада ортарди. Хотинининг тикилиб турганидан ўнғайсизланиб шошиб кавшанарди.
...Охирги бир ошам қолганда «тузини кўрай» деб Маҳкам момо қўл чўзди ва қайнота-келинни-да ташвишлантирди. Ўткирлиги бутун маҳаллага маълум кампир камшик тишларини ғичирлатди, гуручнинг таъмини билгач келинига ўгирилди:
— Намунча шўр? Умрингда овқат қилганмисан!?
Келин сесканиб кетди.
— Кампир, — дея гап бошлади синчи. — Томоғингизга туз юқиб қолганов! Бир товоқ еб менга ўтмади. Бир чуқими сизга билинса-я? Тағин бўлса, йўқ демайман.
Бобо кампирнинг ҳолатига кулди ва палов келтирмоққа қўзғалган келинига имлади. У қимир этмади. Маҳкам момо қилт-қилт ютинди-да, Ойшага: «Тур, ош опкел!» — дея буюрди. Зум ўтмай бир капкиргина ош солинган лаганни кўтариб келин келди.
Чол енгини шимарди.
— Ўлдирсаям ош ўлдирсин. Шўрмиш! Ҳей кампир, келинимнинг ишидан мин топасиз. Мазасини айтмайсизми!? Қўлинг дард кўрмасин, болам.
Кампир бобойининг иштаҳасини кўриб ўзидан ажабланди. Аммо паловнинг таъмини қайта билишга уринмади.
Ўринбой синчи чайналиб, ўқчиб-ўқчиб қўйди...
Олимжон ЖУМАБОЕВ
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади