ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов "Пахтакор" устидан қозонилган ғалабадан сўнг ўйин ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Албатта, ғалаба қўлга киритилгани учун жамоамизда жуда юқори руҳ, ижобий кайфият ҳукм сурмоқда. Бу жуда муҳим. Футболчиларнинг ўйиндан кейинги ички ҳис-туйғулари, муҳити ўзгарди. Биз бу тўқнашув олдидан бироз қийин кечишини тахмин қилган эдик.
Ўз ўрнида, майдондаги курашлар жиддий тус олди, ҳар бир лаҳзада жамоалар ютуққа эришиш учун бор имкониятларини ишга солишди. Агар бош ҳакам учинчи бўлимга яна бироз вақт қўшганида, албатта, бу қисмида ҳам фаол ҳаракатда бўлишимиз мумкин эди. Аммо қандай бўлмасин, ўйинни яна бир бор таҳлил қилиб, унда йўл қўйилган хатоларни чуқур таҳлил қилиб чиқишимиз зарур.
Икки жамоа ҳам ўйин давомида тактик ёндашувларини қайта-қайта ўзгартиришга мажбур бўлишди. Бу эса учрашувнинг янада кескин ва муросасиз муҳитда ўтишига сабаб бўлди. Шу ўринда, рақиб жамоа — "шерлар"га келгуси учрашувларда омад тилайман”.
Сезиларли даражадаги ўзгаришга нималар сабаб бўлди?
Мавсум давомида жамоада барқарорликни сақлаб қолиш борасида бироз қийинчиликлар кузатиляпти. Бу ҳолатга шарҳ берар экан, мураббий шундай дейди:
“Менимча, “Шўртан”га қарши кечган беллашув жамоанинг умумий руҳиятига ва сезилган ўзгаришларга катта таъсир кўрсатди. Шунингдек, ФИФА кунлари сабабли юзага келган танаффуслар ҳам маълум даражада таъсир қилмай қолмади. Энди эса жамоамиз таркибига ёш футболчилар ҳам қўшилиб, улар майдонда ўзларини кўрсатишмоқда ва жамоа манфаати йўлида курашишмоқда”.
Прессинг борасида қандай кўрсатма берилди?
“Бугунги беллашув олдидан футболчиларга юқори прессинг талаб қилингани бор гап. Бу биринчи даврадаги ўйинда ҳам самара берган. Биз ўшанда шу схемада ҳаракат қилиб, ғалабани қўлга киритган эдик. Бугун ҳам шу услубга таянилдик. Чунки “Пахтакор” каби катта жамоага ҳатто бироз имкон бериш катта хатога айланиши мумкин. Шу боис, хатога йўл қўйилмаслиги учун бизнинг услуб айнан шунақа танланди”.
Трансфер масаласи ва молиявий чекловлар
Сўнгги пайтларда жамоада трансфер фаоллиги пастлиги кўзга ташланмоқда. Бунга муносабат билдирган мутахассис шундай деди:
“Ҳозирги пайтда катта имкониятларимиз йўқ. Молиявий жиҳатдан баъзи чекловлар мавжуд. Шу боис, юқори даражадаги футболчиларни жалб қилиш осон эмас. Лекин, қўл остимдаги таркибга ишончим баланд. Уларнинг салоҳиятига ишонаман ва улар билан биргаликда натижа кўрсатишга интилаяпман”.
Легионер танлашда нима муҳим?
Мутахассис бу ҳақда ҳам аниқ фикр билдирди:
“Авваламбор, ҳар бир футболчининг ўйин кўрсаткичи — статистикаси асосий мезон ҳисобланади. Қолаверса, уларнинг шахсий хусусиятлари, жамоавий руҳга мослиги, майдондаги интизоми каби жиҳатлар ҳам эътибор марказида бўлади. Буларнинг барчасини таҳлил қилган ҳолда танлов амалга оширилади”.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!