date

Океан ёнида яшаш ҳаёт давомийлигини оширади

Океан ёнида  яшаш ҳаёт давомийлигини оширади

Океан ёқасида яшаш нафақат руҳий хотиржамлик, балки соғлиқ ва узоқ умр гаровимикан? АҚШда олиб борилган кенг қамровли тадқиқот шу каби саволларга жавоб беришга ҳаракат қилмоқда.

Оҳайо штати университети олимлари мамлакат бўйлаб 66 мингдан зиёд ҳудудни таҳлил қилиб, аҳолининг яшаш жойи ва умр кўриш давомийлиги ўртасида боғлиқлик мавжудлигини аниқлашди.

Таҳлил натижаларига кўра, океан, кўрфаз ёки Атлантика ва Тинч океани қирғоқларига 50 км масофада жойлашган аҳоли пунктларида яшовчи америкаликларнинг кутилаётган умр давомийлиги мамлакат ўртача кўрсаткичига нисбатан камида бир йилга узоқ экан. Маълумки, АҚШда ўртача умр кўриш давомийлиги 79 ёш деб ҳисобланади.

Қизиғи шундаки, дарёлар ва кўллар яқинида яшовчиларда бундай ижобий ҳолат кузатилмаган. Аксинча, ушбу ҳудудларда яшовчиларнинг ўртача умри 78 ёш атрофида бўлиб, океанбўйи аҳолига нисбатан қисқарак экан.

Профессор Жейми Ву бошчилигидаги тадқиқотчилар гуруҳи бу фарқнинг сабабларини излар экан, бир неча омилларга эътибор қаратди:
– Қирғоқбўйи ҳудудлардаги юмшоқ иқлим ва тоза ҳаво;
– Денгиз бўйлаб саёҳат қилиш, дам олиш ва жисмоний фаоллик учун имкониятларнинг кенглиги;
– Яхши ривожланган инфратузилма ва транспорт тизими;
– Одатда, юқори даромадли аҳоли қатламлари бундай ҳудудларда яшаши.

Аксинча, дарё ва кўллар яқинида жойлашган шаҳарларда эса бу афзалликлар етишмайди. Бундай ҳудудларда ифлосланиш даражаси юқори, қашшоқлик даражаси баланд, сув тошқини хавфи доимий, шунингдек, жисмоний машғулотлар учун хавфсиз жойлар ҳам кам.

Тадқиқот муаллифлари бу ишни АҚШ миқёсида турли хил “мовий маконлар” — яъни сув манбалари, дарёлар, кўллар ва океан қирғоқларининг ҳаёт давомийлигига таъсирини қиёсий ўрганган биринчи кенг кўламли таҳлил сифатида баҳоламоқда.

Эътиборлиси, бу хулосалар АҚШда сўнгги йилларда ўртача умр кўриш давомийлиги пасайиб бораётган бир пайтда эълон қилинди. Яъни, бу каби омиллар — иқлим, атроф муҳит ва жисмоний имкониятлар — инсон ҳаётида қанчалик муҳим роль ўйнаши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Океан бўйида яшаш орзуси энди фақат суратлар учун фон эмас — балки ҳаёт сифати ва унинг узунлиги учун ҳам асосий омилга айланаётгандек.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Океан ёнида яшаш ҳаёт давомийлигини оширади