
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев яқин йиллар учун туризм соҳасини ривожлантиришга оид қарорни имзолади. Унга кўра, 2030 йилга бориб мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги туризмнинг улуши 3,5 фоиздан 7 фоизгача оширилади.
Ҳар йили Ўзбекистонга келувчи хорижий сайёҳлар оқими 10 миллиондан 20 миллион кишига етказилиши режалаштирилган бўлиб, бунда тўлов қобилияти юқори бўлган меҳмонларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Йиллик туризм хизматлари экспорти эса 6 миллиард доллардан оширилиши кўзда тутилган.
Устувор вазифалар қаторида Ўзбекистоннинг сайёҳлик шаҳарлари ўртасидаги транспорт алоқаларини яхшилаш масаласи ҳам туради. Ички авиақатновлар тармоғини кенгайтириш ва йўлга кетадиган вақтни уч бараварга қисқартириш режалаштирилган.
Инфратузилмани ривожлантириш доирасида тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар сонини икки бараварга ошириш, шунингдек, хизмат ва маҳсулотларни диверсификация қилиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро даражада танилиб сайёҳлик брендини яратиш ва миллий маҳсулотларни тарғиб қилишнинг янги усулларини жорий этишни ҳам режалаштирмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.