
TasteAtlas томонидан эълон қилинган дунёнинг 100 та энг яхши ошхонаси рейтинги яна муҳокамаларга сабаб бўлди. Афсуски, ушбу гал ҳам Ўзбекистон миллий ошхонаси нуфузли рўйхатдан жой ололмади. Рейтинг қарийб 19 минг хил таом ва ярим миллиондан ортиқ фойдаланувчи берган баҳолар асосида шакллантирилган.
Янгиланган рейтингда дунё бўйлаб энг машҳур ва оммавий ошхоналар етакчилик қилмоқда. Уларда асрлар давомида шаклланган бренд, кучли гастрономик маркетинг ва халқаро оммалашув муҳим роль ўйнаётгани таъкидланмоқда.
Марказий Осиё минтақасидан эса фақат Қозоғистон ошхонаси рўйхатга киришга муваффақ бўлди. Қўшни давлат миллий таомлари билан 98-поғонани эгаллади. Хусусан, самоса, сувжўқ, лағмон, кеспе ва бўрсак каби таомлар TasteAtlas фойдаланувчилари томонидан юқори баҳоланган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ошхонаси атрофида баҳслар аввал ҳам бўлган. Жорий йил февраль ойида ўзбек таомлари орасида энг машҳур салатлардан бири — аччучук TasteAtlas тузган “дунёнинг энг ёмон таомлари” антирейтингида 43-ўринни эгаллагани жамоатчиликда турли фикрларга сабаб бўлган эди.
Мутахассислар фикрича, ўзбек ошхонасининг рейтингларда кам кўриниши унинг мазаси ёки бой анъаналари билан эмас, балки глобал тарғиб, брендлаш ва халқаро гастрономик майдонда фаол илгари сурилмаслиги билан боғлиқ.
Қисқача айтганда, палов, сомса ва лағмон дунё бўйлаб севиб истеъмол қилинса-да, глобал рейтинглар учун мазадан ташқари маркетинг ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Энди масала — ошхонамизни дунёга қандай танита олишда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.