date

Жанубий Корея экс-президентига 10 йил қамоқ сўралди

Жанубий Корея экс-президентига 10 йил қамоқ сўралди

Жанубий Кореяда сиёсий саҳнадаги энг кескин суд ишларидан бири давом этмоқда. Махсус прокурор Сеул марказий округ судида мамлакатнинг собиқ президенти Юн Сок Ёлни одил судловга тўсқинлик қилишда айблаб, унга нисбатан 10 йиллик қамоқ жазосини тайинлашни сўради.

Айблов томонига кўра, Юн Сок Ёл 2025 йил январ ойида президент қароргоҳи ҳудудида бўлган пайтда терговчиларнинг уни ҳибсга олиш ҳаракатларига қаршилик кўрсатган. Прокурорлар бу ҳолатни суд-тергов жараёнига очиқдан-очиқ тўсқинлик қилиш деб баҳоламоқда. Шунингдек, собиқ давлат раҳбари ҳарбий ҳолат режаси муҳокама қилинган йиғилишга чақирилмаган Вазирлар маҳкамасининг 9 нафар аъзосининг конституциявий ҳуқуқларини бузганликда ҳам айбланяпти.

Қайд этилишича, мазкур иш Юн Сок Ёлга нисбатан 2024 йил декабр ойида ҳарбий ҳолат жорий этилгани билан боғлиқ қўзғатилган тўртта жиноий ишдан фақат биттасидир. Ҳозирда у ахлоқ тузатиш муассасасида сақланмоқда ва барча айбловларни қатъий рад этмоқда. Суд ҳукми 16 январь атрофида эълон қилиниши кутилмоқда.

Ҳарбий ҳолат ва импичментга олиб келган қарор

Эслатиб ўтиш жоиз, 2024 йил декабр ойи бошида Юн Сок Ёл мамлакатда фавқулодда ҳарбий ҳолат жорий этган эди. У бу қарорини “давлатга қарши шимолий кореялик кучларни бартараф этиш” зарурати билан изоҳлаб, мухолифат партияларни “мамлакат ишини издан чиқараётган ҳаракатларни тўхтатиш”га чақирган.

Бироқ бу қарор парламентда кескин қаршиликка учради. Қонун чиқарувчилар президентга импичмент эълон қилиш учун овоз берди ва 2025 йил январь ойида Юн Сок Ёл ҳибсга олинди. Март ойида у вақтинча озодликка чиқарилди, аммо июль ойида яна ҳибсга олинди — прокуратура унинг далилларни йўқ қилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Янги айбловлар: дронлар ва махфий операция

Воқеалар шу билан тўхтаб қолмади. 2025 йил ноябр ойида Жанубий Корея махсус прокурорлар жамоаси собиқ президентга нисбатан яна қатор оғир айбловлар қўйди. Уларга кўра, Юн Сок Ёл 2024 йил октябр ойида Шимолий Корея ҳудудига дрон юбориш билан боғлиқ махфий операцияни маъқуллаган.

Айблов версиясига асосан, ушбу операция орқали жавоб зарбаларини қўзғатиш ва буни ҳарбий ҳолат жорий этиш учун баҳона сифатида ишлатиш режалаштирилган. Прокуратура буни ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва душманга ёрдам бериш сифатида баҳоламоқда.

Хулоса

Юн Сок Ёл иши Жанубий Корея тарихидаги энг мураккаб ва баҳсли сиёсий-ҳуқуқий жараёнлардан бирига айланиб улгурди. Олдиндаги ҳукм нафақат собиқ президент тақдири, балки мамлакатда қонун устуворлиги ва демократик институтлар келажаги учун ҳам муҳим синов бўлиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
  1. elyorubaydullayev64
    elyorubaydullayev641 соатсоат олдин
    Оке
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Жанубий Корея экс-президентига 10 йил қамоқ сўралди