
Осиё футбол конфедерацияси расман янги мусобақа — ОФК Миллатлар лигаси ташкил этилишини маълум қилди. Янги турнир қитъадаги миллий терма жамоалар ўртасидаги рақобатни кучайтириш, шунингдек, ФИФА халқаро кунлари доирасида ўтказиладиган учрашувларнинг спортий ва амалий аҳамиятини оширишни кўзлайди.
Қайд этилишича, мусобақада ОФК таркибига кирувчи барча 47 та миллий федерация иштирок этади. Асосий ғоя — ҳар бир терма жамоани ўз савиясига яқин рақиблар билан мунтазам баҳсга киритиш, ўйинлар сифатини яхшилаш ва турнир календарини тизимли ҳолга келтиришдан иборат.
Дастлабки маълумотларга кўра, ОФК Миллатлар лигаси тўртта дивизионга — A, B, C ва D лигаларига бўлинади. Ҳар бир лигада 3 ёки 4 тадан гуруҳ шакллантирилиши режалаштирилган. Бу тизим Европа Миллатлар лигасига ўхшаш тарзда ишлайди, аммо Осиё футболи хусусиятларига мослаштирилади.
Энг юқори — A лигада иштирок этувчи энг кучли жамоалар ўртасида алоҳида кураш кузатилади. Ушбу лигада гуруҳ босқичидан сўнг энг яхши 4 терма жамоа ярим финал йўлланмасини қўлга киритади ва чемпионлик учун баҳс олиб боради. Бироқ натижалари қониқарсиз бўлган сўнгги 3 жамоа кейинги мавсумда B лигага тушиб кетади.
B, C ва D лигаларида эса финал ёки ярим финал босқичлари назарда тутилмайди. Бу ерда асосий эътибор гуруҳ ўйинларига қаратилади. Гуруҳ ғолиблари ёки энг яхши кўрсаткичга эга жамоалар юқори лигага кўтарилиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, паст натижа қайд этган 3 тадан жамоа қуйи дивизионга туширилади. Фақат D лигада иштирок этувчилар учун пастга тушиш механизми мавжуд эмас.
Мусобақанинг асосий мақсади — миллий терма жамоалар ўртасида тенг рақобат муҳитини яратиш, ҳар бир учрашувни аҳамиятли қилиш ва футболнинг спортдан ташқари иқтисодий салоҳиятини ҳам оширишдан иборат. Телетрансляциялар, ҳомийлик ва мухлислар қизиқиши нуқтаи назаридан ҳам турнир катта лойиҳа сифатида қаралмоқда.
ОФК томонидан мусобақанинг тўлиқ регламенти, тақвими ва саралаш мезонлари кейинчалик алоҳида эълон қилиниши билдирилди. Илк прогнозларга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси янги турнирда энг юқори — A лигада иштирок этиши кутилмоқда. Бу эса “оқ бўрилар” учун қитъанинг энг кучли жамоаларига қарши мунтазам ва жиддий ўйинлар ўтказиш имкониятини яратади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.