14:21 / 13.08.2017
4 958

Интернет тезлиги миллатга қанчага тушади?

Интернет тезлиги миллатга қанчага тушади?
Тезлик ҳақида ўзи нималарни биламиз? Автомобиль тезлигидан, вақтдан устун келишга уринган самолётларнинг қулаши, тезликдан ағанаган поездларда ҳалок бўлган одамлар ҳақида эшитганингизда ҳеч тезлик – шайтоннинг қуроли экани хаёлингиздан ўтганми?

Ҳаётда тезлик муҳимми ёки диққат? Ҳаракатланиш қанчалар мақсадли бўлса, шундагина тезлик ўзини оқлайди. Тезликнинг аҳамияти шу қадар юқори экан, тўғри йўлдан бориш ундан-да муҳимроқ бўлиши керак.

Интернет тезлиги чўққисига етган давлатларнинг тобора маънавий қашшоқлик домига ғарқ бўлаётгани, миллатларнинг, миллат қиёфасининг эврилиб бораётгани бунинг исботи эмасми?

Бугун ҳар бир интернет фойдаланувчиси интернет учун ойига камида 10 доллар маблағ сарфлайди. Бу – 40 минг сўм, умумий ҳисобда эса деярли 500 минг сўм дегани. Хўш, бу пуллар эвазига интернетдан нима оляпмиз?

Мессенжерларда тарқалаётган беҳаё видео тасвирлар, тонгга қадар давом этувчи бемаъно чатлар, бекорчи овозли суҳбатлар, ижтимоий тармоқларда мақсадсиз сандироқлаш, бўлар-бўлмас фикрлар билан одамларнинг вақтини ўғирлаш... Бундай мисолларни узоқ давом эттириш мумкин. Бироқ, интернет трафик учун йилига 500 минг сарфлаётган ота фарзандига 50 минг сўмга бирор бадиий китоб сотиб олиб бердими? Бугунги кунда китобларнинг ҳатто электрон вариантлари ҳам мавжуд. Интернет фойдаланувчиларнинг неча фоизи смартфонида бирор бир электрон китоб сақлайди?

Бугун шаҳардаги ёки олис тоғли ҳудуддаги инсонга ҳам тезкор интернет керак. Бироқ, хорижий ижтимоий тармоқ ёки мессенжерларни номма-ном санаб бера оладиган ўша одамларнинг фарзандлари уларга билим олишга ёрдам берадиган ZiyoNet сайтининг борлиги, бу сайтда видео, электрон дарсликлар мавжудлиги, у ердан тил ўргатувчи махсус қўлланмаларни юклаб олиш мумкинлигини билмайди.

Интернетга муккасидан кетган одамнинг фарзандига интернет бериб қўйинг-чи, бу одам қанчалар даҳшатга тушади. Боиси - у интернетнинг фақатгина зарарли эканини тан олади, гарчи ўзи шу оламга ғарқ бўлган бўлса ҳам. Бу эса мамлакатдаги интернет фойдаланувчилари сонига жиддий зарар етказади.

Смартфонида мессенжер титкилаётган, мегабайтларни исроф қилиб, ярим тунгача "яқинлари" билан ҳиринглашаётган эркакнинг аёлига осонми? Интернет тезлигининг аҳамиятини ана шу жабрдийдалардан сўраб кўринг. Бугун ажрим талаб қилаётган эр ёки хотинларнинг интернетдаги кичик хатоси бутун бошли оиланинг бошига етган ҳолатларни ҳам кўряпмиз.

Бугун отанинг боласига, ўғилнинг ота-онасига бефарқлигини, одамларнинг майдалашиб, жиззакилашиб, шарм-ҳаёсиз бўлиб бораётганини, ҳасад ва иғвонинг кўпайиб бораётгани, одамларнинг совуққон ва қўпол муносабатини интернетга тўнкайдиганлар ҳам йўқ эмас.

Интернетда тезлик – кучли қурол. Ундан фойдаланиш учун бунга тайёр туриш керак. Интернет қанчалар тез бўлмасин, ҳеч бир кимса ўз қадамидан олдинда бўла олмайди. Боиси - қадамнинг салмоғини мақсад белгилайди.

Хорижлик дўстларим, ўқитувчиларим, танишларим орасида мобил алоқа тезлиги бўйича жаҳон рейтингида пешқадам турган давлатларда истиқомат қиладиганлари бор. Кўп эътибор бераман: уларнинг аксарияти куннинг муайян бир қисмида интернетда бўлишади. Шунда ҳам вақтларини мақсадли сарфлашади. Улар "интернет-фуқаро"га айланиб қолишдан ўзларини тийишади.

Ҳамма нарса "смарт" ёки ақлли бўлиб кетмоқда - "ақлли телефон", "ақлли уй", "ақлли шаҳар"... Бироқ, бир ҳақиқатни унутмаслик керак – улар ўзининг салоҳиятини оқлаши учун уларнинг фойдаланувчиси ҳам етарли даражада "смарт" бўлиши керак. Ўзбекистонда мобил гаджетдан сониясига 9.11 Мбит ҳажмдаги маълумотни юклаб олиш мумкин экан.

Мобил интернет тезлиги рейтингида Ўзбекистоннинг 106-ўринда, симли интернет рейтингида 126-ўринда туриши – факт. Иқтисодий эркинлик кўрсаткичи бўйича эса Ўзбекистон жаҳонда 148-ўринда туради. Матбуот эркинлиги рейтингида 169-ўриндамиз! Яна бир фактни унутмаслик керак – БМТ маълумотларига кўра, аҳоли жон бошига тушадиган ялпи ички маҳсулот улуши бўйича Ўзбекистон 137-ўринда туради. Бу кўрсаткичнинг интернет тезлиги бўйича рейтингдаги ўрнимиз билан боғлиқ ери бор. Гап шундаки, интернет ундан барча фуқаролар фойдаланиш имконига эга бўлган мамлакатларда яшайди ва тезкор бўлади!

Мен истиқомат қиладиган уйда 40 хонадон бор. Бу хонадонларнинг фақат 4тасида симли интернетдан фойдаланишади. Шу соҳа вакили бўлганим учун улар менга тез-тез мурожаат қилиб туришади. Мобил интернетдан эса бу уйда истиқомат қилувчиларнинг 10 фоизи фойдаланади. Ваҳоланки, икки йирик интернет провайдери бу ерга кенг полосали оптик алоқа линиясини тортиб келган. Ҳар ойда реклама-қоғозларини ташлаб кетишади. Бироқ симли интернет абонентлари сонида ўсиш йўқ. Бунинг омиллари кўп, асосий омил – иқтисодий даромад.

Ўзбекистонда бугун 15 миллиондан зиёд интернет фойдаланувчиси, 21 миллиондан зиёд мобил алоқа фойдаланувчиси бор. Бугун олис қишлоқда ҳам интернетдан фойдаланишаётгани янгилик эмас. Уларнинг талаб ва эҳтиёжларини қондириш учун 18 мингга яқин мобил алоқа база станциялари ўрнатилган ва буларнинг сони ошиб бормоқда.

Шунга қарамай, мобил алоқа оператори база станция қуриш учун бирор маҳаллага кириб борса, маҳаллий аҳолининг қаршилигига дуч келмоқда. Нима эмиш, бу станциялар зарарли, улар нур тарқатар эмиш. Ваҳоланки, инсон саломатлиги бўйича сайёрамизнинг 1-рақамли идораси – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2011 йилда радиотўлқинларнинг зарари шу вақтга қадар исбот қилинмагани тўғрисида расман баёнот берган.

Меъёрларга кўра, бу база станциялардан тараладиган тўлқин оқимининг сиғимини ҳар сантиметр квадратга 300 микроваттгача кўтариш мумкин. Бироқ Ўзбекистонда бу кўрсаткични 2,5 микроваттдан ошириш мумкин эмас. Қўшни мамлакатларда бу – 10 микроватт, АҚШ ва Европада эса - 100, Исроилда - 400! Бу дегани қўшни мамлакатлардаги мобил операторлар 10 минг одамга хизмат кўрсатиши учун 4 та антенна ўрнатса, Ўзбекистондаги операторлар 16 та антенна ўрнатишлари керак.

Шаҳар аҳолиси операторларга антенна ўрнатишга тўсқинлик қилса, узоқ ҳудудлардаги аҳоли оилавий даромадидан интернет учун керакли маблағни ажрата олмаса, алоқани ривожлантириш учун сарфланаётган давлат ва инвестицион маблағлар қаердан ўзини оқлайди? Мана сизга технологик парадокс!

Интернет тезлиги бўйича рейтинг эълон қилингач, бу “хушхабарни” биринчилардан бўлиб, яқиндагина иш бошлаган “Ўзбекистон 24” канали берди. Назаримда, бу канал мақсади мавҳум ташкилотларнинг мақсади қоронғу рейтингини эълон қилиб эмас, халқимизни қийнаётган бошқа муаммоларни дадил кўтариб чиқиб, давлат раҳбариятининг ишончини оқлаш бўлса, яхши бўлар эди.

Телеканалларнинг аксарияти шу вақтга қадар интернетнинг қанчалар хавфли ҳудуд эканини қайта ва қайта гапириб, аҳолини виртуал оламдан ҳайиқтириб қўйди. Ёмонлаш осон. Айниқса, интернетдан фойдаланиб кўрмаган журналистнинг қўлидан бошқа иш келмаса – ачинарли!

Бугун Ўзбекистонда интернетни ривожлантиришга катта куч ва ғайрат билан киришилган. Сўнгги йилларда интернет сифатидаги ўзгаришларни ҳеч ким рад қила олмайди ва бу ишлар тўхтаб қолгани йўқ. Фақат “кимлар” томонидандир тузиладиган, аксарият ҳолда одамларни ўз жамиятига нисбатан норозилик кайфиятига солишга интиладиган бунақа рейтинглар алоқачиларни бир оз ранжитади. Буларга ишониб, тармоқларда бир-биримизга тош отгандан кўра, кўпчилигимиз аввал ўзимизни тезкор интернетга муносиб фойдаланувчига айлантириш чораларини кўришимиз керак.

Инсон онгида ҳар қандай тезликни пучга чиқарадиган чеклов бор – бу англаш ёки идрок тезлиги. Модомики тафаккур ҳаракатда бошқа тезликлардан ортда қолар экан, бу жараён ҳалокатга маҳкум.

Журналист Шуҳрат Сатторов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Интернет тезлиги миллатга қанчага тушади?