date

Хитой сув остида яширин ҳаракатланувчи “арвоҳ” дрон яратди

Хитой сув остида яширин ҳаракатланувчи “арвоҳ” дрон яратди

Хитойлик муҳандислар яна бир илмий ютуқни намойиш этди — улар сув остида яширинча ҳаракатланишга қодир, медуза шаклидаги “арвоҳ” дронни яратишди. Бу ҳақда South China Morning Post нашри маълум қилди.

Шимоли-ғарбий политехника университетининг механика ва электротехника факультети тадқиқотчиси Тао Кай бошчилигидаги жамоа ишлаб чиққан мазкур қурилма “сувости фантоми” номи билан танилди. Олимлар таъкидлашича, бу дрон сувга тушганидан сўнг ҳақиқий медузадан фарқ қилмайди. Унинг ҳаракати табиий кўриниши туфайли дрон сувда яширин мониторинг олиб бориш, биологик муҳитни кузатиш ва сувости инфратузилмаларини текширишда ноёб имконият яратади.

Тао Кайнинг сўзларига кўра, дроннинг энергия сарфи жуда кам, у деярли шовқин чиқармайди ва ташқи кўриниши табиий медузага жуда ўхшаш. Бу хусусиятлар уни чуқур сувларда экологик таҳлил ва яширин миссиялар учун идеал қурилмага айлантиради.

Медуза-дроннинг асосий қисми шаффоф гидрогел электрод материалидан ясалган бўлиб, унинг танаси соябон шаклидаги бош ва ҳаракатланувчи пайчалардан иборат. Қурилманинг диаметри 120 миллиметр, оғирлиги эса атиги 56 грамм.

Робот ҳаракатланиш учун электростатик гидравлик актуатордан фойдаланади — бу механизм ҳақиқий медузанинг табиий ҳаракатларини тақлид қилади. 28,5 милливатт қувватда ишлайдиган дрон сув остида деярли ҳеч қандай физик ёки акустик из қолдирмайди. Бу унга узоқ муддатли яширин кузатувларни амалга ошириш имконини беради.

Медуза-дрон миниатюра камера модули ва ички сунъий интеллект чипи билан жиҳозланган. Бу унга тўпланган маълумотларни мустақил таҳлил қилиш ва заруратда реал вақтда сигнал узатиш имкониятини беради.

Мутахассислар фикрича, бу янгилик сув ости тадқиқотлари, экологик мониторинг ва ҳарбий разведка соҳаларида янги босқични бошлаб бериши мумкин. Хитойнинг бу лойиҳаси сувости робототехникасида янги авлоднинг бошланиши сифатида баҳоланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой сув остида яширин ҳаракатланувчи “арвоҳ” дрон яратди